Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

“Дил баёр, даст бакор”ни қандай тушуниш керак? 07.05.2018

Савол:

Ассалому алайкум! Ҳозирда яқинларимиздан кўпчилиги нақшбандия тариқатининг “қалб Аллоҳда, қўл ишда” таълимотини нотўғри талқин қилишмоқда. Яъни, улар “ўз касбингни қилиб, ҳаммага яхшилик улашиб, халқнинг дуосини олсанг бўлди, фарз ибодатларни бажариш жуда зарурмас, намозни ҳам вақтга ва имконга қараб ўқиса бўлаверади”, деб айтишмоқда. Мен эса “фарз амалларни вақтида бажармасдан кейинга қолдириш мумкин эмас. Соғлом мусулмон фарз ибодатларни бажариши лозим”, деб таъкидладим. Афсуски, яқинларим ўз билганларидан қолмаяптилар. Шу сабаб уларга бирон насиҳат қилсангиз. Бу мен учун ҳам илмий асос бўларди! Аввалдан миннатдорчилигимни қабул этинг!..

Булим Ибодат масалалари
706
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Аввало, бир нарсани айтиб ўтиш лозим, шариатга нақшбандия таълимоти асос бўлолмайди. Шариатнинг ўз асослари, далиллари бор. Уни Қуръон ва ҳадислардан олинади.

Исломда киши қандай қилиб мусулмон бўлиши, мусулмон бўлганидан кейин қайси амалларни бажариши лозимлиги, қандай амалларни қолдириб бўлмаслиги очиқ-ойдин баён қилинган. Келинг, бу борада айтилган ҳадислардан бирини кўриб чиқиб, кейин фикримизни давом эттирамиз.

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بُنِيَ الإِسْلاَمُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ وَإِقَامِ الصَّلاَةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ وَالْحَجِّ وَصَوْمِ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ислом беш (асос)га қурилган: “лаа илааҳа иллаллоҳ, муҳаммадур росулуллоҳ” деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифга кўра, киши мусулмон бўлиши учун шаҳодат калимасини айтиши, кейин кунда беш вақт намозни адо қилиши, моли нисобга етса, йилда бир марта закот чиқариши, йўлга қодир бўлса, умрда бир марта ҳаж қилиши ва ҳар йили Рамазон ойи рўзасини тутиши лозим бўлади. Бу амаллар фарз, банда ихтиёридаги нарса эмас. Буни Аллоҳ ва Расули баён қилган.

Мана шу ҳадисни ўқиб туриб ким энди “намоз ўқимаса ҳам бўлади”, деб айта олади. Ўзини билган, ақли жойида бўлган одам бундай гапларни айтмайди.

Бизнинг халқ орасида нақшбандия тариқатининг “дил баёр, даст бакор” таълимоти машҳурдир. Буни қандай тушуниш керак? У “қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” деган маънони англатади. Шариатни тушунган инсон учун бу ажойиб шиор. Зеро, банда ўзига фарз қилинган ибодатларни бажариш билан бирга тили доим Аллоҳ зикр билан нам бўлиши, Аллоҳнинг зикридан бир зум ҳам холи бўлмаслиги таъкидланган. Бу ҳақида ҳадислар кўп.

Аммо банда мусулмон бўлиши, охиратда дўзах ўтидан нажот топиши учун фақат зикр қилиб юриш, ё бир яхшилик қилиб, одамлар дуосини олиб қўйиши етарли эмас. Шариат бандага юқоридаги беш амални фарз қилган. Ўша амалларни қилиш лозим, қолдириш мумкин эмас. Ким уларнинг фарзлигини инкор қилса, имонидан айрилади. Бир банда “қалбингда Аллоҳ бўлса кифоя, намоз ўқимасанг ҳам бўлади”, деб “фатво” берса, ўзи намознинг фарзлигини инкор қилса, ўзича шариат номидан гапириб, намозга беписандлик қилса, у имонидан айрилибди! Бундай кимсанинг Ислом ва мусулмонларга ҳеч қандай дахли йўқ. Агар шу ҳолда ўлса, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди!..

Агар у тавба қилса, тавбаси қабул қилиниши мумкин. Аммо бунга вақт етиш ё етмаслиги номаълум.

Кимда-ким “зикрнинг ўзи етарли”, деб, намознинг фарзлигини инкор қилмаган ҳолда намоз ўқимай юрса, имонидан айрилмайди, мусулмон саналади. Аммо намоз ва бошқа фарз ибодатларни узрсиз қолдиргани сабаб Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Аввал қабрда, кейин жаҳаннам оловида азобланиб, сўнг Аллоҳнинг марҳамати билан у ердан чиқиши мумкин. Аммо бу жуда оғир. Қабр ва жаҳаннам азобининг қандай эканини тасаввур қилиш қийин...

Шундай экан, охиратдан умиди бор, чиройли хотима топиш илинжида бўлган банда борки, шариат ҳукмларини тўғри тушуниб, уларни имкон қадар бажаришга ҳаракат қилади. Аввало, фарз амаллар бажарилади. Кейин суннат ва мустаҳаблар адо қилинади.

Яна такрор айтамиз, “қалбинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин”, деганда доим зикр билан юриш назарда тутилади. Аллоҳни доим зикр қилган банда фарз ибодатлар у ёқда турсин, ҳатто суннат ва бошқа нафл ибодатларни бажаришга бошқалардан кўра кўпроқ эътибор беради. Агар фарз намозларни ўқимасдан, “мен Аллоҳни ҳар дамда зикр қиляпман”, деса, бекор айтибди. Зеро, ҳақиқий зокир шарт қилинган вазифасидан ташқари ихтиёрий амалларни ҳам бажаради. Қилиниши лозим ишлар қолиб, иккинчи ё учинчи даражадаги амалларни қилиш ақлли кишининг иши эмаслиги кундай равшан.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 39669
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Дил баёр, даст бакор”ни қандай тушуниш керак? 07.05.2018

Ассалому алайкум! Ҳозирда яқинларимиздан кўпчилиги нақшбандия тариқатининг қалб Аллоҳда, қўл ишда таълимотини нотўғри талқин қилишмоқда. Яъни, улар ўз касбингни қилиб, ҳаммага яхшилик улашиб, халқнинг дуосини олсанг бўлди, фарз ибодатларни бажариш жуда зарурмас, намозни ҳам вақтга ва имконга қараб ўқиса бўлаверади, деб айтишмоқда. Мен эса фарз амалларни вақтида бажармасдан кейинга қолдириш мумкин эмас. Соғлом мусулмон фарз ибодатларни бажариши лозим, деб таъкидладим. Афсуски, яқинларим ўз билганларидан қолмаяптилар. Шу сабаб уларга бирон насиҳат қилсангиз. Бу мен учун ҳам илмий асос бўларди! Аввалдан миннатдорчилигимни қабул этинг!..

706