Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

“Аёлимни қандай тийиб олсам бўлади?” 07.05.2018

Савол:

Ассалому алайкум, муҳтарам илм эгалари. Саволим шундай: баъзан ғазабланиб турган пайтимда оғзимдан куфр чиқиб кетади, аёлим ҳам менга жавобан куфр ишлатади. Баттар ғазабланиб кетгач, авваллари туртиб қўйган пайтларим бўлди, лекин ўртага қайнотам ва қайнонам тушиб, қўл кўтариш яхши эмас эркакларга деб насиҳат беришди. Мен уларга қизингиз тилини тийса, мен қўл кўтармайман, десам қизим билан гаплашиб қўяман, дейишди. Мен ваъдамни устидан чиқдим, лекин аёлим тилини тийиш у ерда турсин баттар авжига чиқди. Қандай йўл тутишим керак бу ҳолатда? Икки ўғил фарзандим бор, балоғат ёшида. Эркаклик ғуруримга тегиб кетяпти бундай ҳолат. Маслаҳатингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдираман!

Булим Маслаҳат
3196
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Мусулмон киши ҳар қандай ҳолатда тилига эҳтиёт бўлгани яхши. Ғазаб келса, ўзини тия билиш, жаҳлини босиб туриш, бирон ножўя ҳаракат қилмаслик эркаклик белгиси саналади. Айниқса, жаҳл чиқиб турганида номаъқул сўзларни, масалан, имонга путур етказадиган куфр сўзини, эр-хотин орасини ажратадиган талоқ сўзини айтиб юбориш яхши эмас.

Бундай ҳолатда, аввало, ўзингизни ислоҳ қилишингизни тавсия этамиз. Қандай камчиликларингиз бўлса, уларни тузатинг, яхши томонга ўзгаринг, ғазабни ичга ютишни, тилни тийишни ўрганинг. Кейин эр-хотин орасида жанжал чиққанида қандай йўл тутишни билиш ҳам керак. Қуйида шу ҳақида бир оз тўхталиб ўтамиз.

Соғлом оила келишмовчиликлар ечимини топишни билади, муаммоларни ҳал эта олади. Аслида муаммо келишмовчиликда эмас, ўзаро муносабатда.

Келишмовчилик чиқмасин деб муаммолар хаспўшланадиган, ичга ютиладиган бўлса, йиғилиб қолган муаммолар бир кун катта можарога айланиши мумкин. Бундай вақтда жуфтлар ўртасидаги яқинлик алоқалари таранглашади, яъни севги, ҳурмат, ишонч туйғулари заифлашади, тартиб йўқолади. Ўзаро жанжаллар, бақир-чақир, уриш, ҳатто калтаклаш оқибатида эр-хотин бирга яшай олмай қолади. Бундай ҳаёт жинсий муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Жинсий бузилиш, бир-биридан қониқмаслик туфайли жуфтларда пайдо бўладиган таранглашув жанжалнинг янада ортишига сабаб бўлади. Оила шу тариқа боши берк кўчага кириб қолади. Охири йўқ тўполонлар ниҳоят уларни ҳаётдан бездиради. Бироқ тортишувлар турмушни сақлаб қолиш учун амалга оширилаётган бўлса, муаммолар осон, ижобий ҳал этилиши мумкин.

Сиз, аввало, турмуш ўртоғингиз ҳамда ўзингиздаги ғазабнинг сабабларини аниқланг. Бунда ёмон ният, шошилинч хулосалардан йироқ бўлинг.

Бошқа сабаблардан келиб чиққан ғазаб аламини турмуш ўртоғингиздан олишга уринманг. Унга сизнинг бу туйғулардан халос бўлишингизда ёрдамлашишига фурсат беринг.

Турмуш ўртоғингизнинг сизни ғазаблантирган, хафа қилган, ташвишга солган хатти-ҳаракатларига муносабат билдиришдан олдин бир ўйлаб кўринг: бунга сизнинг ҳаракатларингиз сабаб бўлиши мумкинми?

Турмуш ўртоғингизнинг жаҳли чиқишига, ташвишланишига сабаб бўладиган томонларингиз ҳақида ўйланг. Хатти-ҳаракатларингиз ўртасидаги ўзаро умумий жиҳатларни кўришга ҳаракат қилинг. Ўзингизни турмуш ўртоғингиз ўрнига қўйиб кўринг.
Тўқнашувларни ижобий якунлаш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилиш фойдадан холи бўлмайди:

1. Томонлар тортишувларда ҳақиқий эмас, ниқобли юздан фойдаланаётган бўлса, уларни яраштириш, муаммони ҳал этиш иложсиз бўлади. Бу худди ўша ниқобнинг ўзини ўзгартиргандек гап. Бу эса ҳақиқатда ҳеч нарса ўзгармаганини, муаммо ечилмаганини билдиради. Шундай экан, ниқобларни ечиб ҳақиқий юзингизни кўрсатинг. Чунки ниқобланиш соғлом алоқани йўққа чиқаради.

2. Ечим осонлашиши учун келишмовчилик нуқтасини тўғри аниқлаш зарур. Бу эса турмуш ўртоғингизнинг нима демоқчи ёки қилмоқчилигини тўғри билиш керак дегани. У ҳолда аввал мақсадни ўрганинг.

3. Туйғуларингизни кўпиртирмасдан, озайтирмасдан табиий ҳолда ўртага ташланг. Агар тушмуш ўртоғингиз кўпиртираётганингизни сезса, бошқа ҳолатларда ҳам ҳаракатларингизни худди шундай қабул қилади. Унутмаслик керак: чегарадан чиққан зўравонлик асл мақсад бўлган ҳикматни йўқ қилади. Ўзига ишонган, ўзини ҳурмат қилган киши турмуш ўртоғига ишонади, унга эҳтиром кўрсатади.

4. Бир-бирингизнинг хатоларингизни кўп, ижобий хислатларингизни кам кўриш ўрнига, бунинг аксини қилинг. Агар унинг имкони бўлмаса, холис ёндошишга ҳаракат қилинг.

5. Муаммоларга фақат ўша пайтдаги ҳолатга кўра ёндошинг, эски гапларни кавламанг. Шундай қилинса, муаммо осон ҳал бўлади. Жуфтлар муносабатларини ўтмишдаги афсусланишлар, айбловлар, аразлашлар устига эмас, келажакдаги мақсадлар, умид, ишонч устига қуришга интилиши зарур.

6. Эр-хотин ўртасида доим бир томон насиҳат берувчи, иккинчи томон насиҳат тингловчи бўлмасин. Ҳар икки томон ҳам маслаҳат берувчи, ҳам олувчи бўлсин. Икки томон бир-бирининг хато-камчиликларини тўғрилаб боргани маъқул.

7. Жанжалкаш бўлманг. Баҳслашиш инсон табиатига хос хусусият. Бироқ уни ҳар бир инсон назорат қилиб, ўрнида ишлата олиши мумкин.

8. Соғлом оила муҳитида тортишувдан мақсад устун келиш ёки босим ўтказиш эмас, ҳақиқатни юзага чиқариш, энг маъқул қарор қабул қилишдир. Шунинг учун бу ишни босим ўтказиш билан эмас, тушунтириш йўли билан, тўқнашув билан эмас, келишув йўли билан, тажовуз йўли билан эмас, илиқ муносабат билан амалга оширилади. Баҳсда сенинг ғолиб бўлишингдан кўра келишув ғалаба козониши фойдалироқ. Ким ҳақ экани эмас, нима тўғри экани муҳим бўлса, ана шунда муаммолар осон ҳал бўлади.

9. Тортишувда шахсиятга тегманг. Жуфтларнинг энг катта хатоси бир-бирининг шахсиятига тегишидир. Бу, кишининг ўзи ўтирган шохни кесиши билан баравар. Жуфтларнинг бири ўзига ишонмайдиган, шахси озор кўрган бўлиши иккинчисининг фахри эмас, йўқотиши бўлади.

10. Тортишувни катта жанжалга айлантирмаслик учун жаҳлингиз босилгандан кейингина ҳаракатланишни бошланг.

11. Бир-бирингизни бошқалар билан қиёсламанг.

12. Ўз фикрингизни турмуш ўртоғингизга қисқа, лўнда қилиб етказинг. Агар овқат вақтида тайёрланмаган бўлса, “Сен масъулиятсизсан” дейишингиз ҳукм чиқаришдир. Бундай ҳолатда “Хотин, қорним жуда очиб кетди, кеч қолибсизлар” деган гап етарли (Манба: “Бахтли ҳаёт сари” китоби).

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 56470
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Аёлимни қандай тийиб олсам бўлади?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, муҳтарам илм эгалари. Саволим шундай: баъзан ғазабланиб турган пайтимда оғзимдан куфр чиқиб кетади, аёлим ҳам менга жавобан куфр ишлатади. Баттар ғазабланиб кетгач, авваллари туртиб қўйган пайтларим бўлди, лекин ўртага қайнотам ва қайнонам тушиб, қўл кўтариш яхши эмас эркакларга деб насиҳат беришди. Мен уларга қизингиз тилини тийса, мен қўл кўтармайман, десам қизим билан гаплашиб қўяман, дейишди. Мен ваъдамни устидан чиқдим, лекин аёлим тилини тийиш у ерда турсин баттар авжига чиқди. Қандай йўл тутишим керак бу ҳолатда? Икки ўғил фарзандим бор, балоғат ёшида. Эркаклик ғуруримга тегиб кетяпти бундай ҳолат. Маслаҳатингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдираман!

3196