Миннатли нарсалардан фойдаланса бўладими? 05.04.2018
Савол:Уйда ҳамма топганини рўзғор қилади. Оилада кимдир “Ман боқвоман. Мансиз оч қоласанлар”, деб миннат қилса, миннатли нарсани ейиш тўғримикан? Ишлашга шароити бўлмаса, чақалоғи бўлса...
Булим Муомалотлар5981
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Бажарган амалини миннат қилиш энг катта гуноҳлардан бири саналади. Миннатчи ҳатто жаннатга кирмай қолиши хавфи бор.
Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй имон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг” (Бақара, 264).
Бу оятда садақа бергандан кейин уни бировларга айтиш, садақа олганларга тил билан озор етказиш ва қилган яхшилигини миннат қилмаслик кераклиги таъкидланмоқда. Акс ҳолда берилган садақанинг савобини бой беради. Бу худди риё учун қилинган садақа каби бўлиб, унга Аллоҳ ҳеч қандай савоб бермайди. Демак, банда қилган яхшилигини миннат қилиш, бировларга озор етказиш ва риёкорлик қилишдан сақланиши керак. Ҳаром ишлардан сабр қилган банда қалбида имон нури кўпайиб, бундай банда қалбида ҳаловат ва хушуъ пайдо бўлади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ أَخَوَانِ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكَانَ أَحَدُهُمَا يَأْتِي النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالآخَرُ يَحْتَرِفُ فَشَكَا الْمُحْتَرِفُ أَخَاهُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: لَعَلَّكَ تُرْزَقُ بِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида икки ака-ука бор эди. Уларнинг бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келар, бошқаси касб-кор қиларди. Тирикчилик билан шуғулланувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Балки сен у сабабли ризқланаётгандирсан”, дедилар” (Термизий, Ҳоким ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Саодат асрида икки ака-ука бор эди. Улардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида илм оларди. Иккинчиси тирикчилик қиларди. Аммо уларнинг рўзғорлари бир эди. Касб-кор қиладигани биродари илм билан машғул бўлиб, рўзғор ишларида ёрдам бермаётгани ёки ёнига кириб, тирикчилик қилмаётганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга арз қилди. Бироқ Расули акрам унинг шикоятига: “Балки сенга унинг сабабидан ризқ етиб тургандир!” деб жавоб қайтардилар.
Яъни: ўйлашимча, биродаринг илм олаётгани учун касб-корингга барака киряпти. Шундай экан, яхшилигни миннат қилма (Манба: Мулла Али Қори, “Мирқотул мафотиҳ”).
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r:تَرَاحُ رِيحُ الْجَنَّةِ مِنْ مَسِيرَةِ خَمْسِمِائَةِ عَامٍ وَلا يَجِدُ رِيحَهَا مَنَّانٌ بِعَمَلِهِ وَلا مُدْمِنُ خَمْرٍ وَلا عَاقٌّ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَالصَّغِيرِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жаннатнинг ҳиди беш юз йиллик масофадан келиб туради. Лекин амалини миннат қилувчи, хамрни муккадан ичувчи, (ота-онасига) оқ бўлган кимсалар унинг ҳидини ҳам топмайди” (Табароний “Кабир” ва “Сағир”да ривоят қилган).
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: ثَلاَثَةٌ لاَ يَنْظُرُ اللهُ إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: الْعَاقُّ لِوَالِدَيْهِ وَالْمُدْمِنُ الْخَمْرِ وَالْمَنَّانُ بِمَا أَعْطَى. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кимсалар борки,) Аллоҳ қиёмат куни уларга қарамайди. Булар: Ота-онасига оқ бўлган, доимий тарзда хамр ичувчи, берган нарсасини миннат қилувчи кимса” (Насоий ривояти).
“Уч (тоифа кимсалар борки,) Аллоҳ қиёмат куни уларга қарамайди”.
Бу ерда “қараш”дан мурод раҳмат назари билан қарашдир. Зеро, Қиёмат кунида биронта банда Аллоҳнинг назаридан четда қолмайди, аммо У Зот Раҳим сифати билан мўмин бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Кофир, мушрик ва осий бандалар Унинг раҳматидан маҳрум бўладилар. Бу ерда ўша кимсаларнинг уч тоифаси зикр қилинмоқда. Уларнинг бириничиси:
“Ота-онасига оқ бўлган кимса”.
Яъни, ота-онасининг ҳақини адо қилмайдиган, уларга яхшилик қилишдан бўйин товлаб, дилларини оғритадиган одам. Ҳадисларда, ҳатто ота-она ғайридин бўлса ҳам, уларга яхши муомалада бўлишга буюрилган. Энди агар ота-она мўмин-мусулмон, ибодатли, Аллоҳни таниган бўлишса, уларга янада кўпроқ иззат-икром кўрсатиш, доимо хизматларида бўлиш лозим.
“Доимий тарзда хамр ичувчи кимса”.
Сурункасига хамр ичувчи одам жаннатга кирмайди. Бу ерда эса у раҳмат назаридан ҳам четда қолиши таъкидланмоқда.
“Берган нарсасини миннат қилувчи кимса”.
Яъни, берган нарсасини миннат қилиб, юзига соладиган, ўзини катта оладиган кимса. Миннат қилувчи киши икки жиҳатга кўра маломат қилинади: аввало, у барча ризқ ва неъматни Аллоҳ таоло беришини инкор қилган ва тан олмаган бўлади. Агар ризқ Аллоҳдан эканини ҳаққи-рост билганида бундай қилмасди. Иккинчидан, миннатчи одам қилган яхшиликларини айтиб мақтанади. Бунда у кибр ва риё иллатларига мубтало бўлади. Бу эса ўша яхши амалнинг ҳабата (бекор) бўлишига, савобининг кетишига сабаб бўлади.
Хуллас, қилган яхшилигини миннат қилиш катта гуноҳдир. Мусулмон одам савобли иш қилса, садақа берса, муҳтожларга ёрдам кўрсатса, ҳеч кимга айтмайди, одамларга билдирмайди, яхшилигини миннат қилмайди. Агар оила бошлиғи қўл остидагиларга миннат қилса, “Сенларни мен боқяпман. Мен бўлмасам оч қоласанлар!” деб таъна қилса, бир тарафдан, миннат қилгани учун жуда оғир гуноҳга ботади, иккинчи тарафдан, ризқ Аллоҳдан эканини инкор этган бўлади. Чунки, у бўлмаса, Аллоҳ бандалари ризқини бошқа тарафдан, бошқа одам сабабидан етказади.
Аслида оила бошлиғи ўз аҳли-оиласини етарлича таъминлаши, уларни зориқтирмасликка қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак. Орага миннат қўшилиши шунча ажр-савобларни ювиб кетади. Миннат жуда оғир гуноҳ, лекин бу миннат қилинган нарсаларни истеъмол қилиш мумкин эмаслигини билдирмайди.
Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ берсин, Ўзини танийдиган, Ўзига қуллик қиладиган, буйруқларига итоат этиб, қайтарганларидан тийиладиган солиҳ инсонлардан қилсин!