Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Машина айбини беркитиб сотса бўладими? 09.03.2018

Савол:

Ассалому алайкум, Одилхон қори ака. Машина бозоридаги машинафурушларни машина пробегини камайтириб айлантириши, молининг айбини айтмасдан сотиб, урилган машинани тоза деб ёлғон гапириб қасам ичиши тўғрисида айтиб ўтсангиз. Раҳмат.

Булим Фиқҳ
1504
Жавоб:

Ва алайкумус салом. Аллоҳ таоло бандаларига савдо-сотиқни ҳалол қилди. Лекин бунда ҳалол-пок ишлаш, ёлғондан, хиёнатдан сақланиш талаб этилади. Чунки касб қилаётган нарсалар, топилаётган фойда ҳалолдан бўлмаса, кишининг ҳалқуми нопок бўлиб қолади. Оқибатда ибодатига ҳам путур етади, дуоси қабул бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдогарлар жамоасига ҳалолликни алоҳида таъкидлаганлар, хиёнатдан ҳазар қилишга чақирганлар.

Восила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз савдогарлар эдик (савдо-сотиқ билан шуғулланардик). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Эй савдогарлар жамоаси, ёлғондан эҳтиёт бўлинглар!” деб айтардилар” (Табароний ривоят қилган).

Пайғамбар алайҳиссалом ёлғондан умумий тарзда қайтарганлар. Лекин буни айнан савдогарларга алоҳида уқтириб ўтганлар. Бунинг боиси нимада?

Гап шунадаки, савдода алдов кўп бўлади, ёлғон кўп ишлатилади, тарозидан урилади, ёлғон қасам ичиб ўтмас молини қимматроққа ўтказади, бировни чув туширилади ва ҳоказо.

Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Тожирлар фожирлардир, – дедилар.

Шунда одамлар сўрашди:

– Эй Расулуллоҳ, савдо ҳалол қилинган эмасми?

– Ҳа, (ҳалол қилинган). Лекин улар қасам ичадилар ва гуноҳга ботадилар, гапирадилар ва алдайдилар, – дедилар (Аҳмад ривоят қилган).

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сотувчи ва харидор магар (келишув жойидан) йироқлашишмаса, (савдони бузиш) ихтиёри ўзларида (бўлади). Агар улар (молнинг сифатини, баҳосини айтишда) рост гапирса, (молидаги нуқсон-камчиликни рўй-рост) баён этса, иккисига савдода барака берилади. Агар (маҳсулот камчилигини) беркитса, алдаса, иккиси савдосидан барака кетади” (Бухорий, Муслим ривоят қилган).

Барака ростгўйлик, ҳақиқатни рўй-рост айтишга яқиндир. Бало-офат, бебаракалик ёлғон, айбни яшириш, алдовга яқин саналади. Барака молнинг кўплигида эмас, балки ростгўйликда, ҳалолликда, омонатни сақлашдадир. Инсон савдо-сотиқда ҳалол бўлса, молининг айбини айтиб сотса, ўзи ўйламаган томондан ризқлантирилади, Аллоҳ унинг ишидан рози бўлади, касбига барака беради. Бу билан сиддиқ банда дунёю охират саодатини қўлга киритади. Бунинг акси ўлароқ ёлғончиликда одам биринчи навбатда ўз жонига жавр қилади, Аллоҳ даргоҳида қаттиқ гуноҳкор, каззоб саналади. Оқибатда унинг қадр-қиймати, ҳурмат бўлмайди, одамлар меҳр-муҳаббатини қозона олмайди. Ёлғончининг қилмишидан одамлар азият чекади, айниқса, савдо-сотиқда сифатсиз, ўтмас маҳсулотни олиб, чув тушиб қолади. Бир-икки марта алданади, кейин

маккор савдогар ким эканини яхши билиб, ундан бошқа нарса сотиб олмайди. Мана шу ва бошқа омиллар сабаб бўлиб, алдоқчи савдогар касбидан барака кетади. Аллоҳ таоло ёлғон аралашган мол-дунёга барака бермайди. Алдоқчи еру кўкда каззоб саналади. ёлғончилик хорликка олиб боради. одамлар ёлғончини лаънатлайди, ҳақорат қилади. Бу алдовнинг дунёдаги айрим жазолари. Каззоб охиратда ҳам оғир жазоларга мустаҳиқ бўлади. Зеро, ёлғончилик фужурга, фужур эса жаҳаннамга етаклайди.

Абу Зар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч тоифа кишилар бор. Қиёмат куни Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан қарамайди. (Улар): берганини миннат қиладиган, молини бузуқ қасам билан ўтказадиган, шимининг почасини ерга судраб юрадиган (кимса)” (Муслим ва Аҳмад ривоят қилган).

Абу Зар розияллоҳу анҳу Расули акрам алайҳиссалом шундай деганларини ривоят қилади: “Аллоҳ уч кишини яхши кўради: бир жамоат орасига тушиб, душманларга йўлиққанида то ўлгунча ёки ўзига, дўстларига Аллоҳ йўлни очгунча ўлимни бўйнига тутиб берадиган киши; ёмон қўшнининг озорларига то уларнинг орасини ўлим ажратгунча ёки кўчиб кетгунча сабр қиладиган киши; қавм бир сафарга ёки жангга отланди, узоқ юрганларидан сўнг одамлар чарчаб, ерга ястаниб оладиган даражага келди, ҳатто юришдан тўхтади. Шунда бир киши чеккароққа чиқиб намоз ўқиди, ҳатто дўстларини қайтадан юришга отлантирди. Бу ҳам Аллоҳнинг муҳаббатини қозонган кишидир.

Аллоҳ уч тоифа кишидан нафратланади: қасамхўр тожир ёки сотувчи; димоғдор камбағал; миннатчи бахил” (Аҳмад ривоят қилган).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмон кишининг ҳақини (ёлғон) қасам билан кесса, Аллоҳ унга дўзах(га кириш)ни вожиб қилади, жаннатни ҳаром этади”, дедилар. Шунда бир киши у зотга: “Эй Расулуллоҳ, агар арзимас нарса бўлса ҳамми?” деб савол берди. Шунда: “Гарчи арок шохи бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар (Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Демак, ёлғон-яшиқ сўзлар билан, беҳуда қасам билан молини ўтказишга уриниш, харидор ҳақини ейиш, мол айбини беркитиб сотиш яхши эмас. Жумладан, машина сотаётганда урилган бўлса, тоза дейиш, машина босиб ўтган километрни ортга қайтариш (масалан, 100.000 кмни 20-30 мингга тушириш), ёлғон гапириб туриб қасам ичиш дуруст эмас. Саналган ишлар ҳаром, энг катта гуноҳлардан саналади. Бу ишни қилиб юрганлар тавба қилишса, Аллоҳ кечиради. Агар билиб туриб, ишларини давом эттиришса, оқибатлари яхши бўлмайди. Бу ишнинг ҳаромлигини билганлар билмаганларни айтиб, огоҳлантириб қўйишсин.

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 39669
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Машина айбини беркитиб сотса бўладими? 09.03.2018

Ассалому алайкум, Одилхон қори ака. Машина бозоридаги машинафурушларни машина пробегини камайтириб айлантириши, молининг айбини айтмасдан сотиб, урилган машинани тоза деб ёлғон гапириб қасам ичиши тўғрисида айтиб ўтсангиз. Раҳмат.

1504