Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Эр-хотин бир-бирини фаҳш ишда айбласа, нима бўлади? 02.01.2018

Савол:

Ҳозир кўпчилик оилаларда арзимаган нотаниш телефон қўнғироғи сабабли ҳам ажримлар кузатиляпти. Айтингчи, эр хотинни, хотин эрини хиёнатда айблаши учун қандай асосга эга бўлиши керак? Улар бир-бирини ноҳақ айбласа, бунинг ҳукми шариатда қандай бўлади?

Фиқҳ 4747

Жавоб:

Бисмиллаҳ, валҳамдулиллаҳ вас-солату вас-саламу ала росулиллаҳ. Аввало, эр ҳам, хотин ҳам шариат буйруқларини тўлиқ адо этишлари лозим. Аллоҳ ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрига итоат этилмаса, турли хил муаммолар пайдо бўлади.

Эркак ўз покдомон аёлини зинода айблаши катта гуноҳ. Агар у айтаётган гапига тўрт нафар гувоҳ келтиролмаса ёки лион айтишдан бош тортса, у ҳолда эр фосиқ саналади ва шаръий жазо белгиланади. Одатда, бундай масалалар шаръий маҳкамада  ҳал қилинади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз: “Лион” сўзи “бир-бирини лаънатлаш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда, хотинини зинода айблаган одам гапини тасдиқлашга гувоҳ топа олмаса, хотин эр гапини инкор этса, эр-хотин қози ҳузурида лион айтади.

Биринчи эр бошлайди. Тўрт марта “Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаман, мен аёлни зинода айблаётганимда ёки (у туққан) бола (мендан эканлиги)ни инкор қилаётганимда ростгўйман”, дейди. Бешинчисида “Агар аёлни зинода айблашимда ёки болани инкор этишимда ёлғончи бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” дейди.

Кейин аёл тўрт марта “Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, у менга қўяётган айбида ёлғончидир”, дейди. Бешинчисида “Агар у менга қўяётган айбида ростгўй бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин!” дейди.