Хориж валютасининг кўтарилиб кетиши 18.08.2015
Савол:Accaлому алайкум! Илтимос, бир масалага ойдинлик киритиб берсангиз! Бир ой олдин дўкондор шахс чет давлатдан ўша кунги курс билан товар олиб кирган. Ҳозир эса шу товарини бугунги курс бўйича сотяпти. Менимча, бу иш жуда тўғри эмас, чунки бир ой аввалги курс билан дўкондор ҳисоб-китоб қилиб бўлган-ку? Нега ўзбек мусулмонлари чет эл валюта курси кун сайин ўзгаришига қараб товар учун қўшимча ҳақ тўлашлари керак?! Агар фикрим нотўғри бўлса, изоҳ беришизингизни илтимос қилардим!
Булим Муомалотлар5334
Ва алайкум ассалом. Сиз айтаётган ҳолатда қандай шарт ила келишилганини билмайман. Аммо савдо пайтида сўмда тўлаш келишилган бўлса, сўмда, хориж валютасида келишилган бўлса, ўша валютада тўланади.
Хориждан ўз юртига мол олиб келиб сотаётган одам уни қанчадан сотишини ўзи билади. Албатта инсофни ҳам унутмайди, фақат жиғилдонини ўйламайди. Агар бир ой олдин мол олиб келинса-ю, уни сотаётган вақтда нарх-наво ошиб кетса, ўша ошган нархда сотади. Бўлмаса, яна маҳсулот олишда пулга қийналиши, айланмага етарли маблағ тополмай қолиши мумкин.
Лекин савдогорлар ва тижоратчилар шуни ҳам унутмасинлар: маҳсулот нархини ҳеч қандай сабабсиз ошириш, сунъий тарзда “кўтар-кўтар” қилиш мутлақо жоизмас! Бу одамларга нисбатан зулмдан бошқа нарса эмас!