Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Курак суяги ҳаромми? 23.11.2017

Савол:

Ассалом алайкум. Устоз мани бир савол қийнаяпти шунга ойдинлик киритиб беринг илтимос. Қушхоналарда мол, қуй суяклари орасидаги курак суягини (харом курак) деб аташади ва уни вазнини тароздан айришади. Шуни харом ёки ҳалол эканлигини тушнтириб берсангиз.

Ақида 4359

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ҳақиқатан, мол сўйилиб тарозига тортилаётганда курак суяги учун икки кило олиб ташланади. Лекин бу суякнинг ҳаромлиги ҳақида бирон далил йўқ. Бу нарса қассоблар орасида урф бўлган кўринади. Нега, деб сўралса, ўша суякда илик ҳам йўқ, бошқа суяклар каби овқатга солинса, фойдаси бўлмайди. Уни тарозига тортиб харидорга сотиш маъқул саналмайди. Шунинг учун уни тарозидан чиқариб ташланса керак.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ҳанафий мазҳаби уламолари наздида жонлиқнинг еттита қисми ейилмайди. Булар: 1. Оққан қон. 2. Икки мояк (тухумдон). 3. Эркаклик олати. 4. Урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси. 5. Безлари. 6. Сийдик пуфаги. 7. Ўт пуфаги.

Бу аъзолар орасида курак суяги йўқ. Шундан маълум бўладики, курак суяги тарозига тушмагани билан ҳаром дейилмайди. Зеро, бирон нарсанинг ҳаромлигига одамлар орасида тарқалган урф эмас, Қуръон ёки саҳиҳ ҳадис далил бўла олади.