Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Ота-онасини қаровсиз қолдирган фарзанд оқ бўладими? 16.11.2017

Савол:

Ассалому алайкум! Кишининг оилам, фарзандларим, уй-жойим ва фаровон хаётим деб ўз ота-онасини ташлаб алохида яшаши ёки ота-онага вакт ажратмаслиги ёхуд ота-онани ташлаб четга чикиб кетиши ёинки ота-онани фарзандга мухтож қилиб қолдириб кетиши оқ бўлиши аломатлариданми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ота-онага яхшилик қилиш, уларни қаровсиз қолдирмаслик Динимиз қатъий талаб этган ишлардандир. Ҳар бир мўмин-мусулмон банда ота-онасига ғамхўрлик қилади, уларга мулойим муомалада бўлади, мол-дунёси билан, танаси билан хизматларида қоим туради.

Оқ бўлиш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу жуда ҳам оғир нарса. Оқ бўлган фарзанд жаннатга кириш у ёқда турсин, ҳатто унинг ҳидини-да ҳидламаслиги ҳақида ҳадислар бор.

Уламолар айтишича, ота-она тили билан “Оқ қилдим!” дейиши шарт эмас экан. Уларнинг қалби оғриса, фарзанддан қаттиқ ранжишса ҳам оқ тушар экан. Шунинг учун, Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган ҳар бир банда бу борада жуда эҳтиёт бўлиши керак. Чунончи, яхши яшаш, фаровон ҳаётга эришиш ва шу каби ҳавойи нарсаларни деб чет элларга кетиб қолиш, ота-онасини йиллаб қаровсиз, меҳрга муҳтож ҳолида ташлаб кетиш жуда ҳам номаъқул ишдир. Бу нарса, агар ота-онани ниҳоятда ранжитадиган, кўнгилларига оғир ботадиган бўлса, фарзанднинг оқ бўлишига сабаб эканини унутмайлик.