Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Сафар ойи хатар ойими? 24.10.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Кўпчилик “Сафар ойида сафарга чиқиш мумкин эмас”, “бу ойда йигит ва қизни унаштириб бўлмайди”, деб айтишади. Бундай гапларда асос борми? Шариатда бу хусусда нима дейилган?

Булим Ижтимоий масалалар
4899
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Исломда мана бу ой ёмон, буниси хатарли, бу ойда эҳтиёт бўлиш керак, унисида бемалол юравериш мумкин, деган гап йўқ. Афсуски, кўп одамлар Сафар ойидан шумланишади, бу ойда бирон кулфат юз беришидан ёки бўлмаса инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ишларни қилишдан қўрқишади. Аслида Сафар ойининг бирон зарарли жиҳати йўқ. У ҳам худди бошқа ойлар кабидир.

“Сафар” ҳижрий ой номи бўлиб, унда бирон хавф-хатар борлиги тўғрисида динимизда на бир огоҳлантириш ва на қайтариқ бор. Аксинча, Сафар ойида шумланмаслик кераклиги ҳадисларда алоҳида таъкидланган.

 

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ عَدْوَى وَلاَ طِيَرَةَ وَيُعْجِبُنِي الْفَأْلُ الصَّالِحُ الْكَلِمَةُ الْحَسَنَةُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Касаллик юқиши ва шумланиш йўқ. Менга яхши фол – чиройли сўз ёқади” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадисда Исломдан олдинги жоҳилият даврида кенг тарқалган, аммо ҳозир ҳам мавжуд икки иллат ҳақида сўз юритилиб, улар Ислом эътиқоди билан муолажа қилинмоқда.

Кишилар ўртасида энг кўп шумланиш Сафар ойида юз беради, десак хато бўлмайди. Ҳатто баъзилар: “Сафар ойи хатар ойи” деб ўзлари учун ўзгармас қонун чиқариб олганлар ва ҳар йили бу ойни алоҳида “тайёргарлик” ва ваҳима билан ўтказадилар. Бу иш хато эканини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.

 

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ عَدْوَى وَلاَ هَامَةَ وَلاَ نَوْءَ وَلاَ صَفَرَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَبُو يَعْلَى.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касаллик юқиши йўқ. Бойўғли(нингзарари) йўқ. Юлдуз сўниши йўқ. Сафар йўқ”, деганлар (Муслим, Абу Довуд ва Абу Яъло ривояти).

Бу ерда одамлар орасида тарқалган бир нечта нотўғри тушунчалар ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, касаллик фақат Аллоҳ изни билангина юқиши, кечаси бойўғлининг сайраши зарарли ёки хосиятсиз эмаслиги, осмондаги юлдузларнинг учиши бирон кулфатга далолат қилмаслиги ва Сафар ойидан шумланиш нотўғри экани алоҳида таъкиланмоқда.

Ҳадисдаги “Сафар йўқ” жумласи уламолар томонидан турлича изоҳланган. Жумладан:

 

وَعَنْ جَابِرٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ عَدْوَى وَلاَ غُولَ وَلاَ صَفَرَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Касаллик юқиши йўқ. Ғул йўқ. Сафар йўқ” (Муслим ва Аҳмад ривояти).

Жоҳилият даврида араблар орасида кенг тарқалган нотўғри эътиқодлардан яна бири “ғул”дир. “Ғул” жин ва шайтонларнинг бир туридир. Араб мушриклари эътиқодича, ғул кимсасиз саҳрода киши кўзига турли шаклда кўриниб, уни тўғри йўлдан адаштирар ва ҳалокатга бошлар экан. Ҳадисда мана шу бузуқ ақида ҳам муолажа қилиниб, бу нарса ботил (асоссиз, бекор гап) экани маълум қилинмоқда.

“Сафар ойи” билан “сафарга чиқиш” маъно жиҳатидан бир-бирига умуман тўғри келмайди. Араб тилидан хабардор кишилар учун бу гапнинг ўзи кулгили. Сабаби “Сафар ойи”даги “с” “сод” ҳарфи билан “сафарга чиқмоқ”даги “с” эса “син” ҳарфи билан ёзилади. Иккала сўзнинг маъноси умуман бошқа-бошқа.

“Сафар ойида фотиҳа қилиш мумкин эмас”, “Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди” каби гапларда ҳеч қандай асос йўқ. Хўш, ўша гапни тарқатганлардан, агар Сафар ойида никоҳ тўйи қилинса нима бўлади, деб сўралса, қандай жавоб беришар экан? Балки бу ойда никоҳ тўйи қилинса, ёшлар бебахт бўлади, деган жавоб янграр улардан. Уларга айтар сўзимиз шуки, агар тақдирда ёзилган бўлса, энг фазилатли ойларда никоҳ қурилса ҳам ёшлар бебахт бўлиши ёки аксинча Сафар ойида оила қурган ёшлар энг саодатли хонадон соҳиблари бўлишлари мумкин.

Хулоса шуки, Сафар ойида бирон хизмат билан сафарга чиқиш, қизнинг бўйи етганида ёки йигит никоҳга қодир бўлганда бу ойда уларни унаштириш ёки тўйларини қилиш мумкин. Сафар ойида бошқа хайрли ишларни бошлашдан қўрқмаслик керак. Сафар тўлиқ бир ойдир. Банда бир ой “сабр” қилиб, муҳим ишларга қўл урмай туриши жуда катта хатодир. Айниқса тезкор замонда ҳар бир кун, соат, ҳатто дақиқа ва сония ҳам қадрли бўлиб бормоқда. Унутмайликки, чин мўмин банда шариатда қайтарилган ишлардангина тийилиши, рухсат берилган ишларни амалга ошириши лозим. Бу унинг дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли ҳаёт кечириши учун замин ҳозирлайди.

 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216319
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Сафар ойи хатар ойими? 24.10.2017

Ассалому алайкум. Кўпчилик Сафар ойида сафарга чиқиш мумкин эмас, бу ойда йигит ва қизни унаштириб бўлмайди, деб айтишади. Бундай гапларда асос борми? Шариатда бу хусусда нима дейилган?

4899