Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Пулнинг қадрсизланиши ва қарз масаласи 14.10.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Яна бир масалага ойдинлик киритиб берсангиз деган умиддасизга мурожаат қиляпман. Бир вақтлар қўшним мендан қарз олган эди. Топиш-тутиши ёмон эмас. Ҳатто хўжалик ишларида ҳам бозордан мардикор ёллаб ишлатади. Бизда ҳар бир харажатимиз режали, тежаб ишлатамиз, ўртаҳол оиламиз. Бир-икки маротаба эслатдим, “бўлса,олиб чиқиб бер”,дедим. Лекин орадан анча вақт ўтиб кетди. Куни кеча ўша олган қарзини олиб чиқиб берди. Сўмда олган эди. Сир эмаски,ҳозирги кунда кўпгина нарсалар чет элдан келтирилаётгани учун АҚШ долларида баҳоланади. Ошса ошади, тушса тушади. Анча вақт ўтганлиги учун мен берган сўмдаги пул миқдори ўз қадр-қийматини йўқотиб бўлганди. Очиғи,бироз энсам қотди. Пулга ростдан ҳам муҳтож инсон бўлганида майли эди. Дорихонага ҳам таксида чиқиб келадиган одам бўлгани учун алам қилди. Судхўрлик бўлмасин, биз ортиғига келишмаганмиз деб индамай олдим.

Ҳурматли Устоз! Одамлар орасида бундай вазиятлар кўп бўлиши ҳақида ўйлаб қолдим ва сизга шу масала юзасидан мурожат қилишга қарор қилдим. Меники-ку, майли, унчалик катта миқдорда эмас. Лекин баъзи одамлар жуда катта пул олди-бердисини қиладилар. Улар шундай вазиятга тушсалар,қандай йўл тутишлари керак? Илтимос,шу ҳақида маълумот берсангиз!Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Аввало, қарз олди-бердисини ёзиб, гувоҳлар иштирокида ҳужжатли қилиб қўйилади. Шунда орада турли муаммо чиқмайди. Чиққан тақдирда ҳам ана ўша хатга мувофиқ ҳал этилади.

Қарзни ўз миқдорида қайтариш лозим. 100.000 сўм олиб, кейин 150.000 минг сўм қилиб қайтариш судхўрликдир. Агар узоқроқ муддатга олинаётган бўлса, ўзаро келишиб, чет эл валютаси курсида ҳисоблаб қўйса ҳам бўлади. Масалан, бировга 1.500.000 сўм бериб, долларда ёки еврода мана бунча бўлади, қарзни мана шу валютада қайтарасиз, деб келишиб олса бўлади. Шунда рибо ҳам бўлмайди, пулнинг қадрсизланиши ҳам ҳисобга олинади. Валлоҳу аълам!