Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Дуода қўлни бирлаштириш макруҳми? 09.10.2017

Савол:

Ассалому алайкум! Яқинда устозимиз “Фатава ҳиндийя”даги “Кароҳият боби”дан баъзи масалаларни менга ўқиб бердилар. 1. Унда: “Дуо қилаётган одам қўлларини бирлаштириб олиши макруҳ, фақатгина совуқ ва шу каби узрли ҳолатлар бундан мустасно”, дейилган экан. Бизда кўпчилик дуо қилаётганида қўлларини кўтариб, бармоқларини бир-бирига жуфтлаб, иккала кафтини бир-бирига текказади. “Фатава ҳиндийя”да эса буни макруҳ дейилган экан. Устоз, дуода иккала қўл ораси очиқ ҳолда бўлиши керакми? Бошқа фиқҳ китобларида ҳам шундай тушунтирилганми? 2. Яна мазкур китобда дуо қилишнинг сифати ва турлари тушунтирилиб, дуода саббоба бармоғи билан ишора қилади, дейилган (менимча, бу ерда гап ташаҳҳуддаги ишора ҳақида кетмаяпти). Мана шундай дуо қилишнинг сифатини ҳам менга таълим берсангиз.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. 1. Тўғри, “Фатава ҳиндийя”да шундай жумлалар бор. Аммо бу умумий қоида эмас. Ким қандай хоҳласа шундай дуо қилади. Аслида қўлни кенг очиб дуо қилиш тўғрисида ривоят бор. Аммо машҳур ҳадисларда дуода қўлни бирлаштиришдан қайтарилмаган. Демак, бу иш ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмас. Фақат қўлни кўкрак баробарида ушлаб туриш айтилади. Дуо шундай ибодатки, у фақат қўлни кўтариш билангина мукаммал бўлмайди. Унда ихлос ҳам бўлиши керак. Қўлни кенг очиб, ўша фатвода келган одобларга амал қилсаю, аммо қалбда ихлос бўлмаса, фойдаси йўқ. Агар қалбда ихлос бўлса, банда қўлини осмонга кўтармаса ҳам дуоси қабул бўлаверади. Бу каби жуда майда нарсаларга аҳамият бермаслик керак. Сиз бизнинг одамлар ундай қилади, китобда бундай экан, деб жуда кичик масалаларни сўраяпсиз. Аввал асосий нарсаларни ўрганиш керак. Шунда бундай майда-чуйда саволлару эътирозларга ўрин қолмайди!