Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Душманлар макридан қандай қутулиш мумкин? 04.10.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Савол: Душманларнинг макр ҳийла ва ёмонликларидан қутулиш учун қандай амалларни бажариш лозим ва нималарга кўпроқ эътиборни қаратиш даркор?

Жавоб:

Ва алайкумус салом. Аввало, мусулмон банда имон-эътиқодда мустаҳкам, ибодатларда бардавом бўлса, Аллоҳ уни ҳифзу ҳимоясига олади. Зеро, Каломи мажидда: “Албатта Аллоҳ имон келтирган зотларни ҳимоя қилади. Аллоҳ ҳеч бир хоин ва куфрони неъмат қилувчиларни суймайди” (Ҳаж, 38) дейилган.

Мўмин банда Парвардигорига дуо қилиб, У Зотдан ёрдам сўрайди, Ўзига таваккул қилади, У Зотнинг мададига кўз тикади. Шунда Аллоҳ бандасини душманлар макридан асрайди.

2. Бундан ташқари “Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакийл”ни кўп айтиш ҳам манфаат беради.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бу сўзларни Иброҳим алайҳис-салом оловга ташланганида ўқиган. Одамлар: “(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган. Бас, улардан қўрқингиз!” деганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизга Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли Вакилдир”, дедилар” (Бухорий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

3. “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн” дуосини кўп ўқинг. Зеро, Юнус алайҳиссалом мана шу дуо сабабидан наҳанг қорнидан чиқишга муваффақ бўлган.
Аллоҳ таоло айтади: “Зуннун – Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб, “Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен айб-нуқсонлардан поксан, мен (ўз жонимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган ( пайтини эсланг). Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз” (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).

4. Беш вақт фарз намозларидан кейин Оятул курсий ўқилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда-ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул курсийни ўқиса, келаси намозгача Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади” (Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

5. Шунингдек, Ихлос, Фалақ ва Нос суралари қироат қилинади.
Ибн Хубайб ривоят қилади: “Биз ёмғирли тунда, тим қоронғида йўлга чиқдик. Бизга намоз ўқиб берсинлар, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қидирдик. У зотни топганимизда: “Сизлар намоз ўқидингизми?” деб сўрадилар. Мен индамадим. Сўнгра: “Қул (яъни, айт)”, дедилар. Мен ҳеч нима демадим. Кейин яна: “Қул (айт)”, дедилар”. Мен яна индамай туравердим. У зот яна: “Қул (айт)”, дедилар. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, нимани айтаман?” дедим. У зот: “Қул ҳуваллоҳу аҳад ва муаввизайнни кеч кирганда ва тонг отганда уч марта ўқи. Шунда улар сен учун кифоя қилади”, дедилар” (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Мазкур ҳадис “Туҳфатул аҳвазий” китобида “Сендан ҳар қандай ёмонликни даф қилади” деб шарҳланган.

6. Тонг отганда, қош қорайганида “Бисмиллаҳиллазий лаа язурру” деб бошланадиган машҳур дуо ўқилади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (кеч кирганда) уч марта “Бисмиллааҳиллазий лаа йазурру маъасмиҳий шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас самийъул ъалийм”, деса, тонггача унга тўсатдан бало келмайди. Ким уни тонгда уч марта айтса, кечгача унга тўсатдан бало келмайди”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Дуонинг маъноси: “Унинг исми билан ерда ва осмонда бирон нарса зарар қила олмайдиган Аллоҳ (номи) билан (бошлайман). У Зот эшитувчи ва кўрувчидир”.

7. Бундан ташқари, хавф-хатар пайтида ўқиладиган дуолар бор. Жумладан:

اللَّهُمَّ إِنَّا نَجْعَلُكَ فِي نُحُورِهِمْ وَنَعُوذُ بِكَ مِنْ شُرُورِهِمْ.

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма иннаа нажъалука фий нуҳуриҳим, ва наъувзу бика мин шурувриҳим”.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, биз Сени уларнинг қаршисига қўямиз ва уларнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўраймиз”.

Дуонинг шарҳи: “Эй Аллоҳ, уларнинг макр-ҳийлаларини Ўзингга ҳавола қиламиз, бизни уларнинг душманлигидан, ғарази ва зарар етказишидан сақлагин!”

Абу Бурда ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон қавм(нинг ёмонлиги)дан қўрқсалар, “Аллоҳумма иннаа нажъалука фий нуҳуриҳим ва наъувзу бика мин шурувриҳим”, деб дуо қилардилар (Абу Довуд, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ وَالْبُخْلِ وَالْجُبْنِ وَضَلَعِ الدَّيْنِ وَغَلَبَةِ الرِّجَالِ.

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма инний аъувзу бика минал ҳамми вал ҳазан, вал ъажзи вал касал, вал бухли вал жубн, ва золаъид дайни ва ғолабатир рижаал”.
Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, мен Сендан ғам, ташвиш, ожизлик, дангасалик, бахиллик, қўрқоқлик, қарзнинг оғирлиги ва кишиларнинг ғолиб бўлиб кетишидан паноҳ сўрайман!”
Ушбу ривоятни Бухорий, Термизий ва Насоий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан нақл қилишган.

اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو فَلاَ تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ.
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма роҳматака аржув, фалаа такилний илаа нафсий торфата ъайн, ва аслиҳ лий шаъний куллаҳ, лаа илааҳа иллаа ант”.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, мен Сенинг раҳматингдан умидворман! Мени бир лаҳза ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма! Ишларимнинг барчасини ислоҳ қил! Сендан ўзга илоҳ йўқ!”
Нуфайъ ибн Ҳорис Абу Бакра ас-Сақофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма роҳматака аржув, фалаа такилний илаа нафсий торфата ъайн, ва аслиҳ лий шаъний куллаҳ, лаа илааҳа иллаа ант” бошига ташвиш тушган одамнинг дуоларидир”, деганлар (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

اللَّهُمَّ رَبَّ السَّمَوَاتِ السَّبْعِ وَمَا أَظَلَّتْ وَرَبَّ الأَرَضِينَ وَمَا أَقَلَّتْ وَرَبَّ الشَّيَاطِينِ وَمَا أَضَلَّتْ كُنْ لِي جَارًا مِنْ شَرِّ خَلْقِكَ كُلِّهِمْ جَمِيعًا أَنْ يَفْرُطَ عَلَيَّ أَحَدٌ مِنْهُمْ أَوْ أَنْ يَبْغِيَ عَزَّ جَارُكَ وَجَلَّ ثَنَاؤُكَ وَلاَ إِلَهَ غَيْرُكَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ.

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма роббас самаваатис сабъи ва маа азоллат, ва роббал арозийна ва маа ақоллат, ва роббаш шайаатийни ва маа азоллат, кун лий жаарон мин шарри холқика куллиҳим жамийъан ай-йафруто ъалаййа аҳадум минҳум ав ай-йабғийа ъазза жаарука ва жалла санааук, ва лаа илааҳа ғойрук, лаа илааҳа иллаа ант”.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ, эй, етти осмон ва улар соя солган, ерлар ва улар кўтариб турган, шайтонлар ва улар адаштирганлар (яъни, инсон ва жинлар) Парвардигори, барча махлуқотларинг ёмонлигидан, улардан бири менга адоват ёки зулм қилишидан мени сақла! Сенинг мададинг улуғдир, Сенинг мадҳинг олийдир, Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақат Сен бордирсан!”

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Холид ибн Валид ал-Махзумий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб, “эй Расулуллоҳ, кечаси яхши ухлолмайман!” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар кечаси тўшагингга ётсанг, “Аллоҳумма роббас самаваатис сабъи ва маа азоллат, ва роббал арозийна ва маа ақоллат, ва роббаш шайаатийни ва маа азоллат, кун лий жаарон мин шарри холқика куллиҳим жамийъан ай-йафруто ъалаййа аҳадум минҳум ав ай-йабғийа ъазза жаарука ва жалла санааук, ва лаа илааҳа ғойрук, лаа илааҳа иллаа ант”, дегин”, дедилар” (Термизий ва Табароний ривояти. Ривоят санади заиф).

Демак, душманлар макридан саломат бўлиш учун Аллоҳ таолога дуо қилиб, ёмонликлардан асраши сўралади, У Зотга таваккул қилинади. Шу билан бирга, ҳушёр бўлиш талаб этилади. Зеро, мусулмон одам атроф-муҳитга теран назар билан қарайди, одамлар унга нисбатан қандай муносабатга эканини эътиборга олиб, шунга қараб иш тутади. Ҳам дуо, ҳам чиройли тадбир бирлашса, Аллоҳнинг изни билан зиён-заҳматдан йироқ бўлинади.
Манба: “Қуръон – қалблар шифоси”, “Нажот келтирувчи дуолар” китоби.