Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Ақиқа жонлиғи суягини синдириш жоизми? 03.10.2017

Савол:

Ассалому алайкум! Баъзилар ақиқага сўйилган жонлиқнинг суякларини синдирмай, мевали дарахт тагига кўмиб қўйиш керак, дейдилар. Ҳадисларда ақиқага сўйилган ҳайвоннинг суяклари синдирилмаслиги ҳақида ўқигандим. Лекин жонлиқни сўйиш, гўштини майдалаш чоғида суяклари синади. Баъзилар Қуръондаги: “Чунки исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир”, оятини далил қилиб, суякларни синдирмай, кўмиб қўйиш исрофдир. Чунки у суяклар жин ва итларнинг насибаси, дейдилар. Умуман олганда ақиқага сўйилган ҳайвоннинг суякларини синдириш, итларга бериш ёки четроқ жойга ташлаб юбориш жоизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Тўғри, ақиқа ниятида сўйилган жонлиқнинг суякларини синдирмаслик ҳақида айтилган. Аммо бу мустаҳаб маъносидадир. Ақиқа жонлиғининг суягини синдирса, ундай бўларкан, бундай бўларкан, дейилмайди. Шунчаки, ақиқа янги туғилган чақалоқ номидан қилингани сабаб унинг суяклари синдирилмаса, яхши бўлади, дейилади. Бироқ ақиқа жонлиғининг суякларини худди бошқа ниятда сўйилган жонлиқ суяклари каби назар тушмайдиган бирон жойга ташлаб юбориш ёки кўмиб қўйиш мумкин. Валлоҳу аълам.