Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Ипак аралашган либосларни кийиш мумкинми? 24.09.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Маълумки, мусулмон эркаклар ипак матодан қилинган либосларни кийишлари мумкин эмас. Аммо, агар пахта ёки шу каби матолардан тайёрланган либосларнинг баъзи қисмлари ипакдан қилинган бўлса, бунинг ҳукми қандай бўлади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Тоза ипак мато ёки ундан тикилган либослар фақат аёлларга жоиз. Бунга қуйидаги ривоятлар далил қилинган.

 

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ نَبِيَّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَخَذَ حَرِيرًا فَجَعَلَهُ فِي يَمِينِهِ وَأَخَذَ ذَهَبًا فَجَعَلَهُ فِي شِمَالِهِ ثُمَّ قَالَ: إِنَّ هَذَيْنِ حَرَامٌ عَلَى ذُكُورِ أُمَّتِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипакни ўнг қўлларига, тиллони чап қўлларига олиб, “мана шу иккиси умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ лиғойриҳий).

Мана шу икки зийнат нарса муслима аёллар учун ҳалолдир. Эркаклар тилло ва ипакни ишлатишлари жоиз эмас.

 

عَنْ أَبِي مُوسَى أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أُحِلَّ الذَّهَبُ وَالْحَرِيرُ لإِنَاثِ أُمَّتِي وَحُرِّمَ عَلَى ذُكُورِهَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَابْنُ الْمُنْذِرِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олтин ва ипак умматимнинг аёлларига ҳалол қилинди, (бу иккиси) умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди”, деганлар (Насоий, Аҳмад, Абдураззоқ ва Ибн Мунзир ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Тилло ва ипак баъзи ҳолатларда эркаклар учун жоиз бўлади. Жумладан, эркакларга тилло тиш қўйдириш ва тери касалликлари вақтида ипак матодан либос кийишга рухсат этилади.

 

عَنْ قَتَادَةَ عَنْ أَنَسٍ قَالَ: رَخَّصَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِلزُّبَيْرِ وَعَبْدِ الرَّحْمَنِ فِي لُبْسِ الْحَرِيرِ لِحِكَّةٍ بِهِمَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Қатода Анасдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайр ва Абдураҳмонда қичиқма касаллиги бўлгани сабаб уларга ипак либос кийишга рухсат бердилар” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Бундай келиб чиқадики, баъзи тери касаллигига учраган беморлар вақтинча, касалликдан фориғ бўлгунларича ипак либос кийишлари мумкин бўлади. Сабаби бунда дағал матодан қилинган кийим терига зарар келтириши мумкин.

Абу Юсуф ва Муҳаммадлар наздида эркаклар уруш вақтида ипак либослар кийиб юришлари жоиз. Сабаби бунда у зийнат ёки мақтончоқлик учун эмас, балки ҳожат учун кийилади. Зеро, урушда кибрланиш учун либос кийилмайди.

Ҳанафий ва шофеъийлар наздида ипакдан бўлмаган либосга тўрт бармоқ ёки ундан кам миқдорда ипакдан белги қилиниши жоиздир.

 

عَنْ سُوَيْدِ بْنِ غَفَلَةَ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ خَطَبَ بِالْجَابِيَةِ فَقَالَ: نَهَى نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ لُبْسِ الْحَرِيرِ إِلاَّ مَوْضِعَ إِصْبَعَيْنِ أَوْ ثَلاَثٍ أَوْ أَرْبَعٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб кишилар орасида хутба қилиб, “Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипак либос кийишдан қайтарганлар. Илло икки бармоқ ёки уч бармоқ ёки тўрт бармоқ миқдорича бўлса (бўлади)”, деган (Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).

Ипакдан бўлмаган либосга ипак белги қилинса, ипак либос ҳукмида бўлмайди. Сабаби бу белги кийимга тобеъ ҳисобланади.

 

عَنْ عِكْرِمَةَ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: إِنَّمَا نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الثَّوْبِ الْمُصْمَتِ مِنْ الْحَرِيرِ فَأَمَّا الْعَلَمُ مِنْ الْحَرِيرِ وَسَدَى الثَّوْبِ فَلاَ بَأْسَ بِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَهَذَا حَدِيثٌ صَحِيحٌ.

Икрима Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоза (бирон нарса аралашмаган) ипакдан (қилинган) либос(ни кийиш)дан қайтарганлар. Аммо белги ёки кийимнинг ўримлари ипакдан қилинган бўлса, ҳечқиси йўқ (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Бу ҳадис саҳиҳ).

Демак, либосдаги баъзи белги, кичикроқ гуллар ипакдан қилинган бўлса, зарари йўқ экан. Аммо либоснинг аксар қисми ипакдан бўлса, бундай кийимни мусулмон эркак кийиши жоиз бўлмайди.

Шунга кўра, ипак мато ва либосларни аёлларга сотиш жоиз, эркак мижозларга сотиш жоиз эмас. Сотувчи аёл ёки эркак бўлишининг фарқи йўқ. Валлоҳу аълам.