Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Дам солдириш ва бўйнига олиш масаласи.22.09.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Баъзилар дам солиб, одамлар шифо топиши учун хизмат қиладилар. Уларга бу нарсалар қандай аён бўлади? Илтимос, шу ҳақида маьлумот берсангиз ёки шундай маьлумот ёзилган манба бўлса, манзилини жўнатсангиз дегандим! Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Шариатда бўйнига олиш, одамли бўлиб қолиш деган нарсалар йўқ. Агар бўлганида буни беркитмасдан сизга айтардим. Уларнинг вазифаси нима, қандай ишларни қилишлари кераклигини батафсил баён қилиб берган бўлардим. Аммо шариати исломияда бундай нарсалар ҳақида бирон нарса дейилмаган.

Сиз “менинг одамим бор”, “бўйнимга олганман”, дейдиган фолбин ё аррофларнинг Қуръондан бирон сура ёки оятларни ўқишига алданманг, бу бир ҳийла. Содда, илмсиз одамларни алдаш учун қўлланадиган бир макр бу. Улар Қуръон ўқигани билан қилаётган иши ҳалол бўлиб қолмайди. Қуръонни кофир ҳам, мунофиқ ҳам ўқиши мумкин. Аммо инсон қилаётган иши тўғри ё нотўғрилиги унинг Қуръон ўқиши билан эмас, балки шариат мезонларига мос келиши ила ўлчанади.

“Бўйнига оладиган” одам касал бўлиб қолиши фитна ва васвасадир. Бунда эътиқодни тўғри қилиш, шариатга мос келадиган тиббий ва руҳий муолажаларни бажариш талаб этилади. Тўғри, бундай ҳолатда замонавий тиббиёт бирон чора тополмай ожиз қолиши мумкин. Сабаби кўп ҳолларда ғайбий нарсаларга замонавий тиббиётнинг “тиши” ўтмайди. Лекин пайдо бўладиган турли шубҳа-гумон ва васвасаларни дам солиш, зикр-дуоларда бардавом бўлиш орқали даф қилиш мумкин.

Бундай одамларнинг баъзилари ўзи билмаган ҳолда Қуръондан ўқиб кетиши, кимлардир унга тиловат қилдиришини даъво қиладилар. Инсон устоз кўрмай қандай қилиб Қуръон ўқийди?! Жинлардан ўрганилган илм илм эмас. Зеро, улар ичида инсонга ботил нарсаларни ҳам ўргатувчилар кўп.

Одамли бўлиб қолмасликнинг иложи борми? Албатта бор. Банда, аввало, эътиқодини мустаҳкам қилиши, турли асоссиз нарсаларга ишонмаслиги, Қуръон ва суннатни маҳкам ушлаб, бидъат-хурофотлардан узоқ бўлиши керак. Ким имонда собитқадам бўлса, унга Аллоҳнинг изни билан ҳеч нарса зарар қилмайди.