“Паризода” исмини қўйса бўладими? 22.09.2017
Савол:Ассалому алайкум. Мен шундай савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. 1. Қизларга “Паризода” исмини қўйса бўладими? Динимиз нуқтаи назаридан бу жоизми? 2. Исломга эътиқод қилувчи мамлакатларда “Пари” ёки “Парий” қўшимчаси қўшиб ясалган исмлар мавжуд. Илтимос, шу масалага аниқлик киритсангиз. Бизнинг Исломий китобларда ёки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида бу борада бирор сўз айтилганми? Сабаби, бизнинг кўпчилик юртдошларимиз бу атамани динимизда тилга олинган, дейишади. Айрим манбалар бу атамани зардўштийларга алоқадор, Марказий Осиёга Эрондан тарқалганлигини таъкидлаган.
Булим Ижтимоий масалалар12451
Ва алайкум ассалом. “Паризода” исми “фаришталардан туғилган”, “фаришталар наслига оид” маъносини англатади. Шундай экан, бу исмни қўйишдан сақланиш керак. “Пари” билан бошланувчи бошқа исмлар ҳам бор, булар ўрнига бошқа шаръий (арабча бўлиши шарт эмас, маъноси яхши бўлса кифоя) исмлар қўйиш талаб этилади.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “пари” сўзи учрамайди. Сабаби бу форсча сўз бўлиб, ҳадисларда жуда кам ҳолларда форс сўзлари ишлатилган. Мазкур сўзнинг асли “фаришта” маъносини англатиши эътиборидан бу исмни қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. “Пари” билан бошланувчи исмлар бизга форс тилидан кириб келгани аниқ. Унинг зардўштийлик билан боғлиқлиги ҳам ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Сабаби Эрон ва унга қўшни ҳудудларда бу ботил эътиқодга ишонувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!