Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Тўйдан олдин қизни кўриш мумкинми? 21.09.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Қадимда турмуш қуриш борасида ўзига хос қонун-қоидалар бўлган. Гап шундаки, ўтмишда уйланишдан олдин йигит қизни тўйгача кўрмаган, улар илк бор чимилдиқда учрашишган, деган гаплар бўлган. Саволим шуки, бу масалага динимизда қандай қаралади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Шариатда уйланаётган йигит қизга назар солишига рухсат берилган. Бу ҳақида бир қанча ривоятлар бор.

 

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أُرِيتُكِ فِي الْمَنَامِ مَرَّتَيْنِ إِذَا رَجُلٌ يَحْمِلُكِ فِي سَرَقَةِ حَرِيرٍ فَيَقُولُ: هَذِهِ امْرَأَتُكَ فَأَكْشِفُهَا فَإِذَا هِيَ أَنْتِ فَأَقُولُ: إِنْ يَكُنْ هَذَا مِنْ عِنْدِ اللهِ يُمْضِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен менга тушимда икки марта кўрсатилгансан. Бир киши сени ипак матога ўраб кўтариб келиб, “мана шу сенинг хотининг”, деди. Очиқ қарасам, сен экансан. Мен: “Бу Аллоҳ ҳузуридан бўлса, уни амалга оширади”, дердим”, деб айтганлар” (Бухорий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).

Бу ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида Оиша розияллоҳу анҳо онамизни икки марта кўрганлар. Жаброил алайҳиссалом уни ипак матога ўраб олиб келганлар ва Расулуллоҳ у Оиша онамиз эканларини билганлар. Пайғамбаримиз: “Бу туш Аллоҳ даргоҳидан бўлган ҳақ туш бўлса, мен Оишага уйланаман”, деб юрар эканлар. Воқеъликда ҳам шундай бўлган. Оиша розияллоҳу анҳо мўминлар онаси бўлиш шарафига эришганлар.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كُنْتُ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ تَزَوَّجَ امْرَأَةً مِنْ الأَنْصَارِ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنَظَرْتَ إِلَيْهَا قَالَ: لا قَالَ: فَاذْهَبْ فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّ فِي أَعْيُنِ الأَنْصَارِ شَيْئًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдилари эдим. Бир киши келиб ансорлардан бир аёлга уйланаётганини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ўша аёлга назар солдингми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда у зот: “Бор, унга назар сол. Зеро, ансорларнинг кўзларида бир нарса бордир”, дедилар” (Муслим, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ривоятда уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг юзига қараши жоиз экани маълум қилинмоқда. Жумҳур уламоларга кўра, уйланишдан олдин қизнинг юзига назар солиш мустаҳабдир.

 

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا خَطَبَ أَحَدُكُمْ الْمَرْأَةَ فَإِنْ اسْتَطَاعَ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى مَا يَدْعُوهُ إِلَى نِكَاحِهَا فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлардан биронтангиз аёлга совчи қўйса ва уни никоҳлаб олишга чорловчи нарсага назар солишга имкони бўлса, бас, шуни қилсин!” (Абу Довуд, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Йигит ўзи уйланмоқчи бўлган қизга назар солса бўлади. Бунда унинг ташқи кўриниши, чиройи ва бошқа жиҳатларига қараб унга мойиллик сезса, йигит қизни никоҳига олишга рағбат билдиради ва орадаги муҳаббат кучли бўлади.

Йигит бирон-бир қизга совчи қўйса, уни никоҳига олади, дегани эмас. Қачон қиз маъқул келсагина унга уйланиши мумкин. Қизни кўриш йигитда унга бўлган майлни пайдо қилади ва бу нарса никоҳни тезлатишга замин ҳозирлайди. Хуллас, бу билан икки тарафнинг бир-бирига мойиллиги билинади.

Лекин бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Бунда юзи ва икки кафтига қараш жоиз. Аёлнинг бу аъзолари аврат эмас. Яна ҳожат тушганда номаҳрам аёлнинг юзига қараш мумкин. Масалан, олди-сотди, гувоҳлик бериш ва бошқа зарурат туғилган ҳолатларда аёлнинг юзига қараш жоиз. Номаҳрамларга назар солиш кўз зиноси, деб бу ишдан мутлоқ қайтариш тўғри эмас. Баъзилар уйланишдан олдин ҳам қизнинг юзига назар солиш макруҳлигини айтишган экан. Аммо имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида бу гап Ислом умматининг машҳур ва жумҳур уламолари гапига хилоф эканини таъкидлаган.

 

عَنْ بَكْرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْمُزَنِيِّ عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَأَنَّهُ خَطَبَ امْرَأَةً فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: انْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музанийдан ривоят қилинишича, Муғийра ибн Шуъба бир аёлга совчи қўйганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга назар сол. Зеро, бу ўртангизда (меҳр-муҳаббат) давомий бўлиши учун керакдир”, дедилар (Термизий, Насоий, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Никоҳдан олдин йигит ва қиз гувоҳлар иштирокида бир-бирларини кўришларида биз билмаган бошқа манфаатлар ҳам бор. Бунда фақат моддий жиҳатларгагина эътибор берилмайди, балки муомаласи қандай экани, хулқ-атвори ва дунёқараши бир-бирига тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилинади. Мана шу суннатга рисоладагидек амал қилинмаётгани учун ҳам баъзи ёш оилалар ҳеч қанча вақт ўтмай ажрашиб кетмоқда. Аслида никоҳдан олдин йигит ва қиз бир-бирини кўриши, ҳар тарафдан бир-бирига тўғри келадими ё йўқ, шуни билиб, кейин тўй ҳаракатини қилиш лозим. Бизда эса суриштириш ишларига кўп ҳолларда жуда енгил қаралади ва асосан орзу-ҳавасга, сарпо йиғишга берилиб кетилади. Аслида ёш оилани бахтли қилиш учун фақат либос ва зийнат эмас, балки уларнинг бир-бирига муносиблигига аҳамият бериш керак.

 

وَعَنْ زُهَيْرٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا خَطَبَ أَحَدُكُمْ امْرَأَةً فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَنْظُرَ إِلَيْهَا إِذَا كَانَ إِنَّمَا يَنْظُرُ إِلَيْهَا لِخِطْبَتِهِ وَإِنْ كَانَتْ لا تَعْلَمُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Зуҳайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз бир аёлга совчи қўйса, унга қарашида гуноҳ йўқдир. Агар у совчилик мақсадида назар солса ва у қиз билмаса ҳам” (Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бундан келиб чиқади, йигит ўзи уйланмоқчи бўлган қизни кўриши мумкин экан. Буни қиз билиши шарт эмас экан. Сабаби ҳамма қизлар ҳам йигитга кўринишни истамайди, ҳаёси кучлилик қилади. Гарчи бу ноёб ҳолат бўлса ҳам, унда-бунда учраб туради.

Демак, қизга билдирмасдан совчилик ниятида унга назар солиш мумкин экан.

Сиз “авваллари йигит ва қизлар бир-бирининг юзини фақат чимилдиқдагина кўришган экан, тўйдан олдин йигит қизни кўрмаган экан”, деяпсиз. Бу шариатга амал қилмаслик эмас, балки қиз боланинг шаънини юқори тутишдан, қолаверса ўзаро ишонч кучли бўлганидан келиб чиққан. Авваллари қиз бола бегона кишига кўриниши жуда ҳам уят саналган. Бу ҳамма замон ва маконга хос қоида аслида. Авваллари қизини бегона эркакка кўрсатиш оталар учун ор саналган. Мана шу маънода қадимда бизнинг диёрларда қиз ва йигитнинг бир-бирларини кўришларига йўл қўйилмаган бўлса керак. Аммо шундай бўлса-да, шариатимизда бу ишга рухсат берилган.

Хулоса шуки, тўйдан олдин йигит қизнинг юзини кўриши вожиб ҳам, гуноҳ ҳам эмас. Гувоҳлар иштирокида улар бир-бирларини кўришлари жоиз. Оилалар тинчлиги, бахту саодатга эришишида бу омил муҳим саналади.