Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Ақиқа ўрнига ўтадими? 23.07.2017

Савол:

Ассалом алайкум! Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Сизга саволим бори эди. Қизим туғилганда бошимизга мушкул иш тушиб, ўша пайтта ақиқа қила олмагандик. Ҳозир қизим 4 ёш, кейинчалик ақиқа қилган-қилмаганимизи эсломайман. Шу учун уйимдигиларга «Қизимга ақиқа қилиб, қўй сўяйлик, мен шубҳадаман», десам, Ойижоним «Ҳайитларда сўйганимиз ҳисобга ўтади» деб айтдилар. Имконимиз бўлганда, худойи қилиб тарқатиб турамиз. Сиздан илтимос, шуни тушунтириб берсангиз. Бу вазиятда ақиқа қилган ҳисобланамизми, йўқми?

Булим Ижтимоий масалалар
7450
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Агар жонлиқ ақиқа ниятида сўйилган бўлса, ақиқа ўрнига ўтади. Бошқа ниятда сўйилса, ақиқа қилинган ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам! Қуйида ақиқа ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

 

Аввало «ақиқа» нима ва у қандай маросим экани тўғрисида тўхталиб ўтсак. «Ақиқа» – бу гўдак туғилганида шукронаси учун сўйиладиган ҳайвон (одатда қўй)га айтилади. Ақиқанинг ҳукми шуки, уни адо этишга қодир кишилар учун аксар уламолар суннати муаккада деганлар. Бу хусусида пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)дан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган: «Ҳар бир янги туғилган бола таваллуди муносабати билан етти кунлигида сочи олиниб, исм қўйилиб, ўтказиладиган ақиқа маросими билан гаров қилингандир». Бу ҳадиси шариф шарҳида айтилишича, туғилган ўғил боланинг сочини олиш мустахаб амал бўлиб, лекин қиз боланинг сочи олинмаса ҳам жоиз.

Ақиқанинг ҳикматларидан бири шуки, инсон боласининг ёруғ дунёга келиши Аллоҳ ато этган энг улуғ ҳодисадир. Фарзандини туғаётган онанинг соғ-саломат қолиши ва яна фарзандни соғ-саломат дунёга келтириб, яна уни ўз ҳифзи-ҳимоясига олишини сўраб, Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.

Ақиқа маросимида сўйиладиган жонлиқнинг шартлари қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг шартларига ўхшайди. Қурбонликка нима сўйиш жоиз бўлмаса, ақиқада ҳам ана шу нарса жоиз эмас. Ақиқада пиширилган таомни истеъмол қилиш қурбонликники каби таомни бошқаларга едириш, садақа ва ҳадя қилишдан ташқари, соҳиби эҳсон бир қисмини оиласига олиб қўйиши жоиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларга ақиқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақиқа қилиш мусулмонларга суннат бўлиб қолди. Шунингдек, ақиқа кунида туғилган болага чиройли, маъноли исм қўйиш, сочини олиш ва сочи миқдорида пул садақа қилиш ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир чақалоқ ақиқаси билан гаровлидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», — дедилар». Имом Байҳақий ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ақиқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», — деганлар. Шу ҳадисга мувофиқ ақиқани бола туғилгандан сўнг 7 кунда, имконият бўлмаса 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Агар шу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлаверади. Агарда туғилган фарзанд етти кундан олдин вафот этса, ақиқа қилинмайди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто Хуросонийлар ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир. Агар унга ақиқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман, деб туриб олади. Шундоқ қилиб, у ўз шафоати ила ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади, деганлар. Имом Лайс ва Довуд Зоҳирий ва бошқалар эса, янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақиқасига боғлиқдир, шунинг учун ақиқа қилиш вожибдир, деганлар. Лекин жумҳури уламолар «ақиқа» қилиш суннати муаккада, деганлар.

Мусулмон оилада янги туғилган фарзанд учун ақиқа қилиш ҳақида келган ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганган уламолар бу ишни салафи солиҳларимизнинг барчалари қилганларини таъкидлайдилар. Албатта, бир фарзанд дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат доимий такрорланиб тургани учун унча аҳамият берлмайди, холос. Она қорнидан гўдакнинг эсон-омон ёруғ дунёга келиши, онаси ҳам соғ қолиши оддий ҳолат эмас. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайр-садақа қилинса, шунча оз. Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб, дабдабага йўл қўймасликлари учун ёки аксинча ҳолат бўлмаслиги учун шариатда ақиқада нима қилиниши ва унинг қай миқдорда бўлишини ҳам кўрсатиб қўйилган. Дастлаб Набий (алайҳиссалом): «Ўғил болага иккита, қиз болага бир қўй», дедилар». Сўнгра озгина фурсатдан кейин бир гуруҳ мусулмонлар келиб ўғил болага иккитадан қўй сўйиш оғирлик қилганидан шикоят қилганлар. Шундан кейин Расул (алайҳиссалом): «Шу бугундан бошлаб ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам биттадан қўй сўйилади», — деб эълон қилганликлари саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган.

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216398
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Ақиқа ўрнига ўтадими? 23.07.2017

Ассалом алайкум! Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Сизга саволим бори эди. Қизим туғилганда бошимизга мушкул иш тушиб, ўша пайтта ақиқа қила олмагандик. Ҳозир қизим 4 ёш, кейинчалик ақиқа қилган-қилмаганимизи эсломайман. Шу учун уйимдигиларга Қизимга ақиқа қилиб, қўй сўяйлик, мен шубҳадаман, десам, Ойижоним Ҳайитларда сўйганимиз ҳисобга ўтади деб айтдилар. Имконимиз бўлганда, худойи қилиб тарқатиб турамиз. Сиздан илтимос, шуни тушунтириб берсангиз. Бу вазиятда ақиқа қилган ҳисобланамизми, йўқми?

7450