Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Иссиқ-совуқ ўлимга олиб борадими? 16.07.2017

Савол:

Ассалому алайкум.  Саволим шуки, сеҳр (иссиқ-совуқ) ўлимга сабаб бўлиши ҳақиқатанми ёки хурофотми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Ислом эътиқодига кўра, сеҳр ва кўз тегиши ҳақиқат. Бу нарса ҳатто кишининг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Маълумки, кўз тегиши ҳасад ва кўра олмаслик натижасида пайдо бўлади. Сиз айтган сеҳр ва иссиқ-совуқ каби нарсалар бандага зарар етказиши рост.

Кўз тегиши инсон ўлимига сабаб бўлиши ҳадиси шарифларда таъкидлаб ўтилган. Қуйида бу бобда айтилган баъзи ривоятларни кўриб чиқамиз.

 

عَنْ جَابِرٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْعَيْنُ تُدْخِلُ الرَّجُلَ الْقَبْرَ وَالْجَمَلَ الْقِدْرَ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ وَالْقُضَاعِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кўз (тегиши) кишини қабрга киргизади ва туяни қозонга туширади” (Абу Нуайм ва Қузоъий ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Бу ривоятда кўз тегиши кишининг вафот этишига сабаб бўлиши зикр қилинмоқда.

 

وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْثَرُ مَنْ يَمُوتُ مِنْ أُمَّتِي بَعْدَ كِتَابِ اللهِ وَقَضَائِهِ وَقَدَرِهِ بِالأَنْفُسِ. رَوَاهُ الْبَزَّارُ وَالْحَكِيمُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Яна Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг ёзгани ва қазои қадаридан сўнг умматимдан энг кўп ўлим нафаслар (кўз тегиши) сабабидан бўлади”, деганлар” (Баззор ва Ҳаким ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Уммати муҳамадийя барча умматлардан афзал қилинган. Шу сабаб бўлса керак бошқалар мусулмонларга кўп ҳасад қилади. Мусулмонлар кўз тегиши балосидан кўп мусибатларга учраши мана шу ривоятда маълум қилинмоқда. Бу кўз тегишининг ҳақлиги, ундан сақланиш чораларини кўриш лозимлигига далолат қилади.

Мўмин банда ҳамма нарса Аллоҳнинг қазои қадари ва хоҳиши билан содир бўлишига имон келтиради. Кўз ҳам худди шундай. Унинг ўзи аслида зарар келтирмайди, фақат Аллоҳнинг изни билангина бандага зарар етказади. Бандани кўздан асровчи ҳам Аллоҳдир. Банда мана шундай эътиқодда бўлиш керак.

 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ الْعَيْنَ لَتُولِعُ بِالرَّجُلِ بِإِذْنِ اللهِ حَتَّى يَصْعَدَ حَالِقًا ثُمَّ يَتَرَدَّى مِنْهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта кўз (тегиши) Аллоҳнинг изни билан бир кишига боғланиб қолади. Ҳатто уни ҳалок қилади, кейин ундан тушади (арийди) (Аҳмад, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Мазкур ривоятда эркак кишига кўз тегиши айтилмоқда. Шу билан бирга аёл ва болаларга ҳам кўз тегиши кузатилади. Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаётган бола овозини эшитиб, “болангизга нима бўлди, унга кўз тегишидан дам солсангиз бўлмайдими?” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, кўз тегиши кишининг муваффақиятига тўсқинлик қилиши, унинг зарарига сабаб бўлиши ҳақиқат экан. Бунга қарши инсон ва жинларнинг кўзидан паноҳ сўраш керак. Аллоҳ ва Расулининг айтганларини қилган банда ўз-ўзидан илоҳий паноҳга дохил бўлади. Намоз ўқиш, айниқса беш маҳал намоздан кейин Оятул курсийни тиловат қилиш бандани Аллоҳнинг изни билан турли ёмонликлардан, жумладан жин тегиши, сеҳр ва назар-нафасдан сақлайди. Валлоҳу аълам!