Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Балъам ибн Боуро қиссаси саҳиҳми? 16.07.2017

Савол:

 Ассалому алайкум. Савол: Баъзи адабиётларда ҳақ йўлдан адашган Бани Исроиллик роҳиблар ва тариқат шайхлари ҳақидаги ҳикояларни ўқиб қоламиз. Улардан энг машҳурлари сифатида Балъам Боур ва Шайх Санъон қиссаларини мисол қилиш мумкин. Мазкур шахслар ҳақидаги қиссалар саҳиҳми? Саҳиҳ ривоятларда бу ривоятлар қай тарзда ривоят қилинган? Агар имкони бўлса шу ривоятларни бизларга баён қилиб берсангиз.

Булим Ижтимоий масалалар
4514
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай деган: (Эй Муҳаммад,) уларга (яъни, яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг – унга оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятлардан четлангач (яъни, уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетди, йўлдан озувчилардан бўлиб қолди. Агар Биз хоҳласак, уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлардик. Лекин у ерга (яъни, мол-дунёга) берилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун Сиз бу қиссаларни сўйланг” (Аъроф сураси, 175-176-оятлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишича, бу оятлар Балъам ибн Боуро ҳақида нозил бўлган (Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мардавайҳ ривояти).

Манбаларда, бу киши отасининг исми турлича келтирилган: Балъам ибн Боуро, Балъам ибн Абара, Балъам ибн Омир (Манба: Жалолиддин Суютий, “Ад-дуррул мансур”).

Балъам ибн Боир шаклида ҳам келган (“Тафсиру ибни касир”).

“Ривоят қилинишича, бу қисса бани исроиллик бир киши ҳақида нозил бўлган. Унинг дуоси мустажоб бўларди. Агар Аллоҳдан бирон нарса сўраса, Аллоҳ унга берарди. Мусо алайҳиссаломдан кейин Юшаъ ибн Нун фаластинлик золимлар билан урушмоқчи бўлганида, бу одам Бани Исроил қавмидан чиқиб, душман тарафга ўтиб кетади, уларни уруш қилишга чорлайди. “Агар сизлар Бани Исроилни ўлдириш учун уруш қилсангиз, мен уларнинг зарарига дуо қилиб, ҳаммасини ҳалок этаман”, дейди” (Асъад Ҳавмад, “Айсарут тафосир”).

Қатода Каъбдан ривоят қилишича, у Балқо аҳлидан эди, Аллоҳнинг исми аъзамини биларди. У Байтул Мақдисда золимлар билан бирга яшарди.

Молик ибн Динорга кўра, Баълам Бани Исроил уламоларидан бўлган, уни қийин дамларда улуғлашарди. Мусо алайҳиссалом уни Мадян подшоҳини даъват қилиш учун юборган. Подшоҳ унга кўп нарса ҳадя этган. Балъам Мусо алайҳиссалом динини тарк этиб, Мадян подшоҳи динига кирган (Манба: Ибн Касир, “Тафсирул қуръонил азим”).

“Ушбу икки оят Мусо алайҳиссалом давридаги мол-дунёга берилган бир яҳудий “олим” ҳақида нозил бўлган эса-да, уларнинг ҳукми, илмига амал қилмай динфурушлик билан кун ўтказадиган “уламолар”нинг барчасига тааллуқлидир...” (Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).

Ибн Жарир, Абу Шайх ривоят қилишича, Мўътамирдан ушбу оят ҳақида сўралганида, у Сайёрдан узун ривоятни нақл қилган экан. Лекин унинг санади ҳақида бирон нарса дейилмаган.

Ибн Абу Ҳотим, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бани исроиллик ўша “олим” хотинини уч марта дуо қилган. Лекин, Ибн Касир ривоятни “ғариб”, деган (Қаранг: “Тафсиру ибни касир”).

Ибн Касир айтишича, мазкур оятнинг сабаби нузули ҳақидаги машҳур қавлга кўра, у ўтмишда Бани Исроил қавми яшаб ўтган киши ҳақида нозил бўлган.

Хуллас, Аъроф сурасининг 175-176-оятлари Балъам исмли бани исроиллик киши ҳақида нозил бўлгани маълум. Унинг дуоси мустажоб экани, Аллоҳнинг исми аъзамини билиши, бироқ душман тарафга ўтиб кетиб, Бани Исроил зарарига дуо қилгани ҳам айтилади. Аммо Балъам ибн Боуро ҳақида келтирилган ривоятларнинг саҳиҳ экани маълум эмас. Валлоҳу аълам!

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216743
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Балъам ибн Боуро қиссаси саҳиҳми? 16.07.2017

Ассалому алайкум. Савол: Баъзи адабиётларда ҳақ йўлдан адашган Бани Исроиллик роҳиблар ва тариқат шайхлари ҳақидаги ҳикояларни ўқиб қоламиз. Улардан энг машҳурлари сифатида Балъам Боур ва Шайх Санъон қиссаларини мисол қилиш мумкин. Мазкур шахслар ҳақидаги қиссалар саҳиҳми? Саҳиҳ ривоятларда бу ривоятлар қай тарзда ривоят қилинган? Агар имкони бўлса шу ривоятларни бизларга баён қилиб берсангиз.

4514