Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Доим таҳоратли ҳолда юриш фазилати! 14.07.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Мумин банданинг Таҳоратли юриш в таҳоратсиз юриши хақида икки оғиз маълумот берсангиз илтимос. Жавобингиз учун олдиндан рахмат

Булим Ибодат масалалари
11108
Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Киши намоз ўқимоқчи ёки Қуръонни қўлга олиб тиловат қилмоқчи бўлса, таҳорат қилиш фарз. Чунки бу ишларни таҳоратсиз қилиб бўлмайди.

Ҳадиси шарифларда айтилишича, доим таҳоратли ҳолда юриш мўмин бандага хос хислатдир.

 

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اسْتَقِيمُوا وَلَنْ تُحْصُوا وَاعْلَمُوا أَنَّ خَيْرَ أَعْمَالِكُمْ الصَّلاَةُ وَلاَ يُحَافِظُ عَلَى الْوُضُوءِ إِلاَّ مُؤْمِنٌ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأحَمْدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Савбон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Собитқадам бўлинглар, зинҳор тоқат қила олмайсизлар (ёки ҳисоблай олмайсизлар). Билингларки, албатта амалларингиз ичида энг яхшиси намоздир. Таҳоратни фақат мўмингина сақлайди” (Молик, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Динда собитқадам бўлиш, Аллоҳнинг амрини маҳкам ушлаб, сабот билан туриш нафсга оғир келади. Бу ишни фақат қалби очиқ, Аллоҳнинг ҳидоятига ноил бўлган ихлосли бандаларгина эплай олади.

“Билингларки, албатта амалларингиз ичида энг яхшиси намоздир”.

Яъни, агар динда собитқадам бўла олмасангиз ёки бу ишда сусткашликка йўл қўйсангиз, унда диннинг асоси намозни маҳкам ушланглар. Зеро у энг улуғ ва ажри кўп амалдир.

“Таҳоратни фақат мўмингина сақлайди”.

Фақат мўмин бандагина таҳорат қилади. Фақат мўмингина таҳоратини сақлайди, уни мукаммал амалга оширади. Фақат мўмингина доим таҳорат билан юради.

 

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: دَعَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِلاَلاً فَقَالَ: يَا بِلاَلُ بِمَ سَبَقْتَنِي إِلَى الْجَنَّةِ إِنِّي دَخَلْتُ الْجَنَّةَ الْبَارِحَةَ فَسَمِعْتُ خَشْخَشَتَكَ أَمَامِي فَقَالَ بِلاَلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَذَّنْتُ قَطُّ إِلاَّ صَلَّيْتُ رَكْعَتَيْنِ وَمَا أَصَابَنِي حَدَثٌ قَطُّ إِلاَّ تَوَضَّأْتُ عِنْدَهَا فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بِهَذَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни чақириб, “эй Билол, жаннатга мендан нима (амалинг) сабаб ўзиб кетдинг. Мен бугун кечаси жаннатга кириб, олдимда пойафзалинг овозини эшитдим”, деган эдилар, Билол: “Эй Расулуллоҳ, агар азон айтсам кетидан икки ракъат намоз ўқийман ва агар таҳоратим бузилса, янги таҳорат оламан”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шу сабабдан экан-да”, дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан сўнг Билол розийаллоҳу анҳуни ҳузурларига чақириб, “эй Билол, бугун кечаси тушумда сени жаннатда кўрдим. Қайси амалинг билан бундай мақомга эришдинг?” деб сўраганларида, Билол: “Қачон азон айтсам, иқоматдан олдин намоз ўқийман. Агар таҳоратим бузилса, янги таҳорат оламан ва икки ракъат намоз ўқийман” деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу амалларинг билан жаннатга кирган экансан-да”, дедилар. Бу ривоятдан азондан кейин намоз ўқиш ва доим таҳорат билан юриш қанчалик фазилатли амал эканини билиб оламиз.

 

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: مَنْ تَوَضَّأَ عَلَى طُهْرٍ كَتَبَ اللهُ لَهُ بِهِ عَشْرَ حَسَنَاتٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ جَرِيرٍ الطَّبَرِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَعَبْدُ بْنُ حُمَيْدٍ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўша (таҳорат) сабабидан ўнта ҳасана (яхшилик) ёзади” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд ривояти. Ҳадис санади заиф).

Ушбу ҳадисда таҳорати бўла туриб яна таҳорат қилиш билан банда ўнта ажр-савоб ва яхшиликка эришиши айтилмоқда.

Уламолар таҳорат устига таҳорат қилиш мустаҳаблигини айтишган. Бунда аввалги таҳорат билан намоз ўқилган бўлиши керак. Тийбий аввалги таҳорат билан намоз ўқимай яна таҳорат қилишни макрух санаган. Сабаби бунда сув исроф бўлади.

Ривоятларнинг бирида: “Таҳорат устига таҳорат қилиш нур устига нурдир”, дейилган. Кўпчилик уламолар бу қавл салафларга тегишли эканини айтишган.

Хуллас, ибодатлардан бошқа вақтларда таҳоратли ҳолда юриш фазилатдир. Агар мустаҳаб таҳоратдан кейин икки ракат намоз ўқилса, янаям яхши бўлади (Манба: “Таҳорат китоби”).

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216385
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Доим таҳоратли ҳолда юриш фазилати! 14.07.2017

Ассалому алайкум. Мумин банданинг Таҳоратли юриш в таҳоратсиз юриши хақида икки оғиз маълумот берсангиз илтимос. Жавобингиз учун олдиндан рахмат

11108