Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Кофирун ва Ихлос суралари фазилати ҳақидаги ҳадис санади. 14.07.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Савол: Нурул изоҳнинг "Нафл намозлари" бобида шундай ҳадис ривоят қилинибди: "Ким шом намозининг фарзидан сўнг, ҳеч гапирмасдан биринчи ракатида Кофирун, иккинчи ракатида Ихлос сураларини зам қилиб, икки ракат намоз ўқиса, илон қобиғидан чиққандек, гуноҳларидан покланади".

Шунақа мазмундаги ҳадисда шом намозидан кейин гапирмасдан олти ракат намоз ўқиса, деб, аввобин намози фазилатлари зикр қилинган ҳадисни билардим. Устоз юқоридаги ҳадис саҳиҳ ҳадисми? Бу ҳадисни ким қайси китобда ривоят қилган?

Жавоб:

 Ва алайкумус салом. Ҳақиқатан, шу маънода ҳадис бор.

 

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ أَن يَنْطِقَ مَعَ أَحَدٍ يَقْرَأُ فِي الأُولَى بِالْحَمْدِ وَقُلْ يَا أَيهَا الْكَافِرُونَ وَفِي الرَّكْعَة الثَّانِيَة بِالْحَمْدِ وَقُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَمَا تَخْرُجُ الْحَيَّةُ مِنْ سِلْخِهَا. رَوَاهُ ابْنُ النَّجَّارُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир банда шом(нинг фарзи)дан кейин ҳеч ким билан гаплашмасидан олдин икки ракат намоз ўқиса, биринчи ракатда ал-Ҳамду билан Кофирун сурасини, иккинчи ракада Ал-ҳамду билан Ихлос сурасини қироат қилса, худди илон терисидан фориғ бўлганидек гуноҳларидан покланади” (Ибн Нажжор ривоят қилган).

Бу ривоятни Жалолиддан Суютий “Ад-дуррул мансур”да, Муттақий Ҳиндий “Канзул уммол”дан нақл қилган.

Жалолиддин Суютийнинг “Жомеул аҳодис” китобида айтилишича, мазкур ҳадис санади воҳин, яъни жуда кучсиздир.

Ибн Жавзий “Илалул мутаноҳия” китобида бу ҳадис саҳиҳ эмаслигини айтиб ўтган.

Хатиб Бағдодий ҳам шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган. Унинг ҳам санади заиф. Валлоҳу аълам!