Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Қалб “тоза” бўлса кифоями? 11.07.2017

Савол:

Ассалому алайкум. Устоз, ҳозир менда бир ҳолат кўп учраяпти. Бирон кишига ёки кўпчиликка дин моҳиятини, намознинг аҳамиятини тушунтирсам, улар менга раддия бериб, “қалбда бўлса бўлди” ёки “биз билан нима ишинг бор, топган гапинг шу!” деб тош отишади, устимдан масхара қилишади. Уларга нима деб жавоб қайтарай? Дуоларингизда бизни ҳам унутманг!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Мусулмон банда ўзи Исломга амал қилиши, охирати обод бўлишига сабаб амалларни бажариши билан бир қаторда ўзгаларни ҳам бу йўлга чақириши, уларга яхшиликни раво кўриши матлубдир. Аммо бу осон иш эмас. Одамларга Исломни тушунтираман, деган банда уларнинг қўпол сўзлари, ҳақоратларига чидаши ҳам керак. Аслида банда одамларни огоҳлантириб қўйиши, ҳидоятни эса Аллоҳдан сўраши керак. Зеро, банда фақат етказишга буюрилган, гумроҳ кимсани тўғри йўлга солиш Аллоҳдандир. Шундай экан, мўмин банда динни одамларга тушунтиришда сабот ва сабр билан иш тутиши керак.

“Қалбда бўлса бўлди, амал қилиш шарт эмас”, дейдиган кимсалар қалблари тоза экани, намоз ўқимасалар-да, ароқ ичиб юрсалар-да, кўнгилларида кир йўқлигини бот-бот таъкидлайдилар. Аммо ўша “тоза” қалб уларга нима фойда келтиришини ўзлари ҳам билмайдилар.

Инсон қалбини тоза сақлашга, уни гуноҳлар нопоклигидан эҳтиётлаб юришга буюрилган. Биз кунда беш маҳал ўқийдиган намоз руҳий покланишимизга сабаб бўлади. Энди, “мен намоз ўқимасам ҳам қалбим пок, шунинг ўзи етарли”, деган одам катта хато қилади. Унинг гапида “намозни фақат қалби нопоклар ўқийди”, деган маъно бор. Агар шундай бўлса, у ҳолда инсониятнинг энг пок ва тақводор вакили бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида нима дейиш мумкин?! У зотнинг ибодатлари, хусусан намозлари олдида бизнинг намозимиз ўта қусурлидир. Қолаверса, у зот кунда 100 марта истиғфор ҳам айтардилар!.. У зот олдиларида биз ким бўлдик?!

Демак, “қалбим тоза бўлса бўлди, динга амал қилиш шарт эмас”, дейиш мутлақо нотўғри. Бу гап бандани Ислом жамоасидан чиқиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Агар бир одам сизга шундай деса, у ҳолда сиз “қалбинг тоза эканини нима билан исботлайсан?” ёки “қалбинг тоза бўлиб қандай хайрли иш қилдинг?” деб савол беринг. Аслида гуноҳлардан тийилиб юрган энг тақводор банда ҳам “менинг қалбим мутлоқ тоза”, дейишга журъат этолмайди.  Тавфиқ Аллоҳдандир!