Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Аёлларнинг жаннатдаги ҳаёти қандай бўлади? 08.06.2017

Савол:

   Ассалому алайкум. Жаннатдаги аёллар ҳақида маълумотлар кам. Ҳурлар эмас, оналаримиз, опаларимиз, аёлларимизнинг жаннатдаги ҳаётлари ҳақида маълумот берсангиз!

Жавоб:



   Валайкум ассалом. Шариатда эркакларга қилинган хитоб аёлларга ҳам тегишли. Эркакларга нима амаллар буюрилган бўлса, аёлларга ҳам ўша амал буюрилган. Эркак ва аёлларга бир хилда савоб берилади. Бунда эркак ва аёл ўртасида фарқ йўқ (поклик бобида ва баъзи амалларни адо қилишда баъзи фарқлар бор). Охиратдаги неъматлар ҳам худди шундай. Эркакларга нима ваъда қилинган бўлса, аёллар ҳам ўша нарсаларга ноил бўладилар. Аммо эркакларга ҳури ийнлар никоҳлаб қўйилиши ҳақида кўп ўринларда хабар қилинган. Шу сабабдан бўлса керак, кўпчиликда “аёлларнинг жуфти масаласи нима бўлади?” деган савол туғилади. Бунга қуйида имкон қадар жавоб берамиз.

  Икримадан ривоят қилинишича, Умму Умора Ансорийя Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “нимага қарасам, ҳамма нарса эркаклар учун. Аёллар бирон нарса билан зикр қилинганини билмайман”, деганида, “албатта мусулмон эркаклар ва муслима аёллар, мўмин эркаклар ва мўмина аёллар...” ояти (Аҳзоб, 35) нозил бўлди(Термизий, Табароний ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Мана шу ривоятда эркаклар учун ваъда қилинган нарсалар аёлларга ҳам тегишли экани айтилмоқда.

  Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларига жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, киши хаёлига келмаган неъматларни муҳайё қилиб қўйган. Бу борада эркак ва аёл ўртасида фарқ йўқ. Иккала тоифа вакиллари ҳам ўша неъматларга эришадилар. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин – кимда-ким мўмин ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас” (Нисо, 124).

  Бошқа оятда шундай дейилган: “Эркакми, аёлми – кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур” (Ғофир, 40).

  Уламолар таъкидлашича, жаннатга кирган эркак ва аёллар таом, ичимлик ва никоҳ бобида турли неъматлар билан сийланадилар. Имом Бухорий ҳазратлари келтирган ривоятда айтилишича, жаннатда бўйдоқ бўлмайди, ҳамма никоҳланади.

Эркакларга ҳурлар никоҳланиши маълум. Аммо жаннатдаги аёлларнинг никоҳланиши борасида турли фикрлар айтилган:

1. Агар аёлнинг дунёдаги эри жаннатга тушмай қолса (ёки муслима аёл турмушга чиқмай вафот этган бўлса), у ҳолда ундан бошқасига никоҳланади (яъни, турмушга чиқмай вафот этган муслима жаннатдаги жуфтсиз эркакларга никоҳланади).

2. Аёлнинг эридаги ёқимсиз хусусиятлар ёқимлига, маҳбуб сифатларга ўзгартирилади (жаннат аҳлининг ҳуснларига ҳусн қўшилиб бориши ҳақида ривоят нақл қилинган).

Яна бошқа тоифалар: “Аёл хоҳласа, дунёдаги эридан бошқасига никоҳланиши мумкин”, деб, бунга қуйидаги оятларни далил қилишган:

1. “Уларга у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Бизнинг даргоҳимизда яна қўшимча (инъомлар) ҳам бордир” (Қоф, 35).

2. “У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар” (Зухруф, 71).

3. “Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир ” (Фуссилат, 31).

Аёллар учун жаннатда жуфт бўлиши ҳақида зикр қилинмаганига асосан икки хил сабаб келтирилади:

1. Аёллар ҳаёли бўлиб, бу нарса улар учун ноқулайлик туғдириши мумкин.

2. Аёлларнинг эркакларга бўлган рағбати эркакларнинг аёлларга бўлган рағбатичалик эмас. Улар асосан зеб-зийнат ва либосларга ўч бўладилар...

  Аммо бу нарса жаннатда улар учун жуфт бўлишини инкор қилмайди. Балки саҳиҳ ҳадисларда келишича, жаннатда бўйдоқ бўлмайди, ҳамманинг жуфти бўлади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир аёлнинг эри ўлиб, ундан кейин (бошқасига) турмушга чиқса, бас, у охирги эри учундир”, деганларини эшитганман” (Табароний ривояти).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ривояти бу ҳадисни шарҳлайди.

  Абу Исҳоқ ас-Субайъий Сила ибн Зуфардан ривоят қилишича, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу хотинига: “Агар жаннатдаги хотиним бўлишни хоҳласанг, мендан кейин турмушга чиқма. Зеро, аёл жаннатда дунёдаги охирги эри билан бирга бўлади. Мана шу сабаб ҳам Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига у зотдан кейин турмушга чиқишни ман қилган. Зеро, улар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) жаннатдаги хотинларидир”, деб айтган (Байҳақий ва Таҳовий ривояти).

Бошқа хабарларда келишича, дунёда бир нечта эрга турмушга чиққан аёл жаннатда эрлари ичидан ўзига ёққанини танлайди.

Хуллас, жаннат аҳли учун кўз кўриб қулоқ эшитмаган неъматлар берилади. Уларда ғам-ташвиш, дард, алам, касаллик, оғриқ ва чарчоқ каби нарсалар бўлмайди. Жаннат ҳаёти энг мукаммал ҳаётдир.

  Жаннатда эркаклар ҳам, аёлларга ҳам жуфтлар берилишини билдик. Эркакларга бир қанча жуфтлар никоҳланиши ҳақида хабарлар бор. Яъни, эркак жаннатда дунёдаги аёли билан бирга бўлади. Бунинг устига ҳурлардан бир нечтасига никоҳланади. Аммо аёл бир нафардан ортиқ эрга никоҳланиши ҳақида Қуръон ва ҳадисларда бирон хабар келганини билмайман.

Биз билишимиз лозим бўлган жиҳат шуки, жаннатда бирор кишига зиғирча ҳам зулм қилинмайди, ҳамма Аллоҳнинг неъматларидан рози бўлган ҳолида ҳаёт кечиради. Масаланинг асл ҳақиқати Аллоҳгагина аёндир!