Қандай қилиб сўкишни ташлаш мумкин? 07.06.2017
Савол:Ассалому алайкум. Менда сўкиниш одати бор. Худодан кўп марта сўраганман сўкишни ташлашни. Уйда сўкмайман, фақат ўртоқларим орасида сўкинаман... Сўкишни ташлашни сўраш дуоси борми? Мен сўкишни тезроқ ташламоқчиман. Агар шундай дуо бор бўлса, менга ўргатинг. Жавоб учун олдиндан раҳмат!
11979
Ва алайкум ассалом. Сўкишни ташлаш учун авваламбор, инсон ўзи ҳаракат қилиши, иродасини ишга солиб, тилини тийиши, ақлли бўлиб, ўзини босиб тура олиши керак. Тўғри, сўкишни ташлашга ҳаракат қилиш билан бу ишни енгил қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилиш, шайтон васвасасидан паноҳ сўраш мумкин. Аммо ҳамма ишни дуо билангина битириб бўлмайди. Балки бунда кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Ҳаётда баъзи ишлар борки, унда банда қўлидан бирон иш келмайди. Ҳаммаси дуога, Аллоҳнинг ёрдам беришига боғлиқ бўлиб қолади. Яна шундай ҳолатлар ҳам борки, фақат дуонинг ўзи билангина мақсадга эришиш мумкин эмас. Сўкишни ташлаш ҳам фақат дуо билан қилиб бўлмайдиган, асосан инсоннинг ўзига боғлиқ ишлардандир. Зеро, сўкиш инсон ихтиёридаги амал бўлиб, бу иллатни ташлаш унинг ўзига боғлиқ.
Биз қуйида сўкиш иллати билан боғлиқ баъзи ривоятларни келтирамиз. Булар сизга сўкишни ташлашда ёрдам беради ва сўкишга мажбур бўлинган ҳолларда қандай йўл тутиш лозимлигини ўргатади.
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтиргандим, икки киши сўкишиб қолди. Улардан бирининг юзи қизариб, томирлари бўртиб кетди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир сўзни биламан, агар у ўша сўзни айтса, ундаги нарса кетади. Агар “аувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм”, деса, ўша ҳолатдан фориғ бўлади”, дедилар. Шу пайт унга: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга шайтондан паноҳ тила, дедилар”, дейишди. У эса: “Менда жиннилик борми?” деди”(Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти).
Ғазаб ва сўкиниш шайтондандир. Бу иллатга барҳам бериш учун шайтон васвасасидан паноҳ тилаш керак. Бунинг учун ғазаб келганида ёки бирон нарсадан жаҳл чиқиб, кимнидир ҳақоратлаш ҳақидаги фикр туғилганида “аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм”, дейиш ва иродани ишга солиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Икки сўкишганнинг гуноҳи биринчи бошлагангадир. Магар мазлум ҳадидан ошмаган бўлса” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абу Яъло ривояти).
Сўкишни биринчи бошлаган гуноҳкор бўлади. Аммо сўкилаётган одам рақибига “муносиб” жавоб қайтарса, у ҳам гуноҳга шерик бўлади.
Абу Тамима ал-Ҳужаймий қавмидан бўлган бир кишидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Агар бир киши сени ўзингда бор нарсалар билан сўкса, сен уни ундаги нарсалар билан сўкма! Шунда унинг ажри сенга, гуноҳи унга бўлади. Қулоғингни хурсанд қиладиган нарсаларни эшит. Қулоғингга ёқмайдиган сўзларни эшитишдан сақлан!” деганлар” (Имом Аҳмад ,Табароний , Насоий ва Абу Нуайм ривояти).
Демак, сўкинишдан тийилиш билан банда савобга эришади.
Қуйидаги ривоятда сўкинишга мажбур бўлган ҳолларда қандай йўл тутиш лозимлиги айтилади.
Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан ўтиргандилар. Бир киши Абу Бакрни ҳақоратлаб, унга озор берди. Абу Бакр жим турди. У иккинчи марта озор берди. Абу Бакр яна жим турди. Аммо у учинчи марта ҳам озор берди. Шунда Абу Бакр унга жавоб қайтарди. Абу Бакр жавоб қайтаришни бошлаганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетдилар. Абу Бакр: “Эй Расулуллоҳ, мендан жаҳлингиз чиқдими?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осмондан бир фаришта тушиб, у сенга айтган нарсаларни ёлғонга чиқариб турганди. Сен унга жавоб қайтаришни бошлагач, шайтон тушди. Мен шайтон бор жойда ўтирган эмасман”, дедилар” (Абу Довуд, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Демак, инсон бошқалар тарафидан ҳақорат қилинса ҳам жим туриши, тилини фаҳш сўзлардан тийиши керак. Сабаби сўкувчига фаришталар муносиб жавоб қайтарадилар. Аммо мутлоқ ҳаққининг поймол қилинишига йўл қўйиш ҳам ярамайди. Бунда вазиятга қараб иш тутилади. Инсон шаъни оёқ ости қилинмайдиган ҳолатда сўкувчига сукут билан жавоб қайтарилади. Бошқа ҳолларда ўз шаънини ҳимоя қилиш керак. Валлоҳу аълам.