Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Барзах ҳаёти ҳақида маълумот берсангиз! .24.05.2017

Савол:

 Ассалому алайкум, Қори ака. Бир жанозада барзах ҳаёти ҳақида эшитиб қолдим. Шу хусусда кенгроқ маълумот берсангиз, илтимос! Жавоб учун олдиндан раҳмат! 


Жавоб:

 Ва алайкум ассалом. “Барзах” сўзи луғатда “икки нарса орасини тўсиб турувчи” маъносини билдиради. Масалан, чучук ва шўр сув орасини тўсиб турувчи тўсиқ Қуръони каримда “барзах” дейилган. Шунингдек, дунё билан охират ўртасидаги қиёматгача бўлган вақт “барзах” дейилади. Банда вафот этса, барзах ҳаётига ўтади. Бу ҳақида Каломи мажидда бундай дейилган: “То қачон улардан (яъни, мушриклардан) бирига ўлим келганида: “Парвардигор, мени яна ҳаётга қайтаринглар. Шояд мен қолган умримда яхши амал қилсам”, деб қолади. Йўқ, (у асло ҳаётга қайтарилмайди). Дарҳақиқат, бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тирилиш кунигача барзах (яъни, дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган бир тўсиқ) бўлади” (Мўминун, 99-100). 

   Мунофиқ, кофир, мушрик, осий бандалар, ғафлат уйқусидаги кимсалар дунёда нима қилаётганларига, қандай гуноҳларни содир этаётганларига эътибор бермайдилар. Улар нафс йўлида ҳар қандай ишга қўл урадилар, ҳақни поймол қиладилар, Аллоҳга ибодат қилишни тарк этадилар. Уларнинг ажаллари етиб, ўлим соя солганида кўзлари “очилади”. Сабаби улар қилган гуноҳлари туфайли қандай азобларга гирифтор бўлишларини аниқ биладилар. Шунинг учун Аллоҳга илтижо қилиб, яна ҳаётга қайтаришини, тириклик чоғида қилмаган солиҳ амалларни қилишга имкон беришини ўтиниб сўрайдилар. Аммо вақт ўтди, умрни ортга қайтариб бўлмайди. Ҳаётлик фурсати инсонга фақат бир марта берилади. Шундай экан, нафас кириб-чиқиб турганида вақтни ғанимат билиш, умрни қадрлаш керак. Эртага кеч бўлиши мумкин... 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Агар кофир қабрга қўйилса, жаҳаннамдаги ўрнини кўради ва: “Мени ортга қайтаринглар. Тавба қиламан, солиҳ амалларни бажараман!” дейди. Унга: “Сенга берилган умрни яшаб бўлдинг!” дейилади. Бас, қабр уни сиқади. У майдалаб ташланган нарсадек бўлиб қолади. Ухлайди ва қўрқади. Ер махлуқлари: илонлари ва чаёнлари унинг олдига ўрмалаб келади” (Ибн Абу Дунё ва Ибн Абу Ҳотим ривояти). 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “шояд солиҳ амал қилиб олсам”ни “шояд лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб олсам” дея тафсир қилган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ривояти). 

   Муҳаммад ибн Каъб ал-Қурозий оятдаги “барзах” ҳақида: “У дунё билан охират ўртасидаги тўсиқдир. Барзахдаги одам дунёда ҳам эмас, тириклар билан еб-ичолмайди. У охиратда ҳам эмас, қилган амаллари учун мукофот ололмайди”, деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти). 

Ҳасан: “Барзах дунё ва охират ўртасидадир”, деган (Абд ибн Ҳумайд ривояти). 
Қатода: “Барзах дунёнинг қолган қисмидир”, деб айтган (Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд ва Абдураззоқ ривояти). Бошқа бир ривоятда Қатоданинг: “Қабрдагилар дунё ва охират ўртасидаги тўсиқ бўлган барзахдадирлар. Улар қиёматгача ўша жойда бўладилар”, деган қавли келтирилган (Абд ибн Ҳумайд ривояти). 

   Барзах ҳаёти руҳнинг танадан олиниши билан бошланади. Буёғи қабр ҳаётидир. Жумладан, икки фаришта уни савол-жавоб қилади. Бу имтиҳонда Аллоҳ собитқадам қилган бандалар нажот топадилар. Агар банда солиҳлардан бўлса, қабр унинг учун кенгаяди. Унинг жаннатдаги макони кўрсатилади. Солиҳ банда бундан хурсанд бўлади. 

   Агар банда кофир, мушрик, мунофиқ ё осийлардан бўлса, қабр уни қаттиқ сиқади. Унга жаҳаннамдаги жойи кўрсатилади. Натижада фосиқ кимсанинг ғам-андуҳи ортади. Солиҳ одам қабрда неъматлантирилади. Толиҳ (бетавфиқ, ярамас кимса) қиёматга қадар қабрда азоб чекади. Бу хабарлар ҳадиси шарифларда мукаммал баён қилинган. Биз бунда уларни қисқа суратда келтирдик. 

   Барзах ҳаёти дунё ва охират ҳаётидан фарқ қилади. Дунё ҳаётида банданинг руҳи унинг танасига боғланган бўлади. Аммо барзах ҳаётида руҳ танани тарк этади. Фақат маълум вақтларда танага қайтарилади. Жумладан, икки фаришта саволига жавоб қайтаришда, маййитларни зиёрат қилишга келган мусулмон банданинг саломига алик олишда руҳ танага қайтарилади. Барзах ҳаётида руҳнинг танага қайтарилиши хос қайтарилиш бўлиб, қиёматдан олдин тирилиш маъносида эмас. 

   Рожиҳ қавлга кўра, маййитлар қабрларни зиёрат қилишга келганларни биладилар ва уларнинг хитобини эшитадилар. Ибн Қаййим “Китобур руҳ”да бу бобдаги ривоятлар мутавотир даражасига етганини айтган. 
Барзах ҳаётида банданинг амал қилиш имкони тугайди. У фақат тириклигида қилган солиҳ амаллари учун хурсанд бўлади, гуноҳлари кўп бўлса, азобланади. 

   Мўмин банда фойдали илм қолдирган бўлса, ортидан унинг ҳақига дуо қилувчи фарзанди бўлса, масжид қурган, кўприк тиклаган, яна шу каби садақаи жорияларни қилган бўлса, вафотидан кейин ҳам ўша амаллар савобидан баҳраманд бўлиб туради. 
Барзах ҳаётидаги маййитнинг ҳолати қандай эканини фақат Аллоҳ билади. Биз бунга имон келтирамиз, у ҳақидаги ривоятларни тасдиқлаймиз. Аммо бу борада чуқур кетмаймиз. 

   Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлида собитқадам қилсин, ҳаётнинг қадрини билиб, фурсат борида солиҳ амалларни бажаришга тавфиқ берсин!