Икки хил сифатдаги молни бир хил нархда сотиш ҳукми! 18.05,2017
Савол:Ассалому алайкум, Қори ака. Бозорда сотилаётган маҳсулотлар икки хил бўлиши мумкин. Масалан, маҳсулот таннархи арзонроқ тушиши ва кўпроқ фойда қолиши учун аслий маҳсулотни қўлбола қилиб чиқаришади ва уни бозорда аслий, тоза маҳсулотлар қаторида бир хил нархда сотишади. Шу иш тўғрими? Бунда сотувчи қандай йўл тутиши лозим? Сотувчи бундай маҳсулотларни билиши ҳам, билмаслиги ҳам мумкин. Шу масалани яхшилаб тушунтириб берсангиз!
Булим Ижтимоий масалалар4669
Ва алайкум ассалом. Тижоратда, умуман ҳар бир ишда ҳалол бўлиш керак. Мижозларни алдаш, кўзбўямачилик қилиш катта гуноҳ. Зеро, бу билан, бир тарафдан ёлғончилик қилинса, иккинчи тарафдан бировнинг ҳаққи ейилган бўлади. Савдода ҳар бир молни сифатига қараб сотиш керак. Сифатлисининг нархи баландроқ, сифатсизини алоҳида қилиб, нархини аслийникидан арзонроқ сотилади (бунда мижоз бир турдаги икки хил маҳсулот фарқини ажрата билиш ёки билмаслиги аҳамиятсиз. Сабаби ожиз банда билмаса ҳам қодир Аллоҳ билади). Сифатсиз маҳсулотларни сифатлисининг ичига қўшиб, бир хил, яъни қиммат нархда сотиш мумкин эмас. Мисол учун, Хитойнинг сифатсиз маҳсулотларини Италия ёки Туркиянинг асл моллари, деб сотиш ёки улар ичига аралаштириб юбориш жоиз эмас. Бу йўл билан топилган пул ҳаромдир!
Агар сотувчи шундай ишларга гувоҳ бўлса, хўжайинига бу иш мумкин эмаслигини, ҳар бир сифатдаги молни алоҳида нархларда сотиш лозимлигини тушунтириши керак. Агар икки хил маҳсулот фарқини ажрата олмаса, маъзур саналади.
Савдода пулнинг кўплигига эмас, унинг баракали бўлиши, оз бўлса ҳам ҳалол йўл билан топилишига эътибор қаратиш керак. Шунда савдода барака ва ривож, ишлар унумли, муҳими қалб хотиржам, банданинг Аллоҳ олдидаги мавқеъи баланд ва юзи ёруғ бўлади.