Расулуллоҳга (с.а.в.) муҳаббат зиёда бўлиши учун нима қилиш керак? 17.05.2017
Савол: Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатни янада зиёда қилиш учун кўпроқ нималар қилишимиз керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
5249
Ва алайкум ассалом. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш комил имон белгиси ҳисобланади. Қалбда у зотга бўлган муҳаббатни пайдо қилиш бир қанча омилларга боғлиқ. Жумладан:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш.
Аллоҳ таоло айтади: “Кимки Пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди” (Нисо, 80).
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, Аллоҳга итоат этган бўлади. Сабаби яхшиликка буюрувчи ва ёмонликдан қайтарувчи, шариатни жорий қилувчи Аллоҳдир. У Зотнинг Расули эса етказувчидирлар.
Киши ўзи яхши кўрган одамига эргашади, унинг гапларини тинглайди, ҳар бир сўзини қадрлайди. Демак, Расулуллоҳни яхши кўриш учун, аввало у зотга эргашиш талаб этилади.
Бошқа оятда шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Агар сизлар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ мағфират қилувчи, Меҳрибондир” (Оли Имрон, 31).
Ким Аллоҳни яхши кўришни даъво қилса, у ҳолда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши керак. Шунда Аллоҳ ўша бандани яхши кўради ва унинг гуноҳларини кечиради. “Мен Аллоҳни яхши кўраман”, деб даъво қилиб, Аллоҳ ва Расулига тескари иш қиладиган одам ёлғончидир. Зеро, муҳаббат итоатни тақозо этади.
2. У зот суннатларига амал қилиш.
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар,) албатта сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун – Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқ соҳибидирлар. Ана шу хулқ эгаси биз учун энг яхши намунадирлар. Шундай экан, биз умматлар у зотга эргашишимиз, суннатларини амалга жорий қилиш борасида жидду жаҳд кўрсатишимиз лозим. Шунда у зотга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлади. Зеро, киши ўзи яхши кўрган одамига эргашади, унинг ортидан юради.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш моҳиятини англаб етиш, у зотни кўришга муштоқ бўлиш.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, мен сизлардан бирон киши учун унинг отаси ва фарзандидан кўра севимлироқ бўлмагунича унинг имони (комил) бўлмайди”, деганлар (Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳга ва охират куни имон келтирган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни отаси ва болаларидан ҳам ортиқ яхши кўрмагунича мукаммал имон соҳиби бўлолмайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مِنْ أَشَدِّ أُمَّتِي لِي حُبًّا نَاسٌ يَكُونُونَ بَعْدِي يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ رَآنِي بِأَهْلِهِ وَمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:“Мендан кейин умматимдан баъзи инсонларнинг менга бўлган кучли муҳаббатидан мени кўриш учун аҳли ва молини фидо қилишни хоҳлайдиганлари бўлади” (Муслим, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш.
Салавот айтиш Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатни пайдо қиладиган энг кучли омиллардан биридир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَوْلَى النَّاسِ بِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَكْثَرُهُمْ عَلَيَّ صَلاَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат куни одамларнинг менга энг яқини улар ичида менга кўп салавот айтганларидир” (Термизий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий, Табароний, Ибн Абу Шайба ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади ҳасан лиғойриҳий).
Қайси банда ҳаётлик чоғида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўпроқ салавот айтган бўлса, қиёмат куни у зотга бошқалардан кўра яқинроқ ва шафоатга муносиброқ бўлади. Шундай экан, мол-дунё тўплаш ё обрўъ-эътибор орттиришда эмас, балки ким кўп салавот ва саломлар айтиш бўйича мусобақа қилиш керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ تَجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ قُبُورًا وَلاَ تَجْعَلُوا قَبْرِي عِيدًا وَصَلُّوا عَلَيَّ فَإِنَّ صَلاَتَكُمْ تَبْلُغُنِي حَيْثُ كُنْتُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уйларингизни қабрлар қилиб олманглар! Менинг қабримни (йиғилиб) байрам (ўтказадиган жой) қилиб олманглар! Балки менга салавот айтинглар. Зеро, сизлар қаерда бўлсангиз ҳам салавотингиз менга етиб келади” (Абу Довуд, Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Баззор ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўришни даъво қилган банда у зот суннатларига амал қилиши, салавот айтишни кўпайтириши лозим экан. Шунда ниятига эришади, қиёматда ўзи яхши кўрган Инсонга яқин бўлади.
عَنْ أَبِى أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْثِرُوا عَلَىَّ مِنْ الصَّلاَةِ فِى كُلِّ يَوْمِ جُمُعَةٍ فَإِنَّ صَلاَةَ أُمَّتِى تُعْرَضُ عَلَىَّ فِى كُلِّ يَوْمِ جُمُعَةٍ فَمَنْ كَانَ أَكْثَرَهُمْ عَلَىَّ صَلاَةً كَانَ أَقْرَبَهُمْ مِنِّى مَنْزِلَةً. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар ҳар жума кунида менга кўп салавот айтинглар! Зеро, сизларнинг салавотингиз ҳар жума куни менга кўрсатилади (етказилади). Бас, улар ичида ким менга кўпроқ салавот айтса, мартаба жиҳатидан менга яқинроқ бўлади” (Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрган банда у зот суннатларига эргашади, у зотни эслайди, дуруди салавотлар айтади. Кўп салавот айтган банданинг у зотга бўлган муҳаббати пайдо бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрган, у зотга кўп салавот айтган банда қиёмат куни саййидул мурсалинга энг яқин бўлади.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш.
Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатни пайдо қилишда у зотнинг сийратларини, муборак ҳаётлари, хусусан гўзал одоб-ахлоқларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ибратга тўла ҳаётлари, тошдек қаттиқ қалбларни эритишга-да қодир гўзал хулқлари таъсирида инсон қалбида у зотга бўлган муҳаббат пайдо бўлади.