Бадандаги тукларни олиш ҳукми? 07.05.2017
Савол:
Ассалому алайкум! Инсон баданидаги қандай тукларни олиши мумкин. Баъзи манбаларда аврат жойларидаги тукларни олиш шартлиги, бошқаларида қош териш Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлиши айтилган. Шу хусусда тўхталиб ўтсангиз!
9958
Ва алайкум ассалом. “Аллоҳнинг лаънати бўлиши” ҳақидаги гап юзи ва қошидаги тукларни терувчилар (шунингдек, тердирувчилар) ҳақида айтилган. Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қоши ва юзидаги тукларни мўйчинак билан терувчи ва тердирувчи аёлларга лаънат бўлиши айтилган. Бу ривоятни Бухорий ва Муслим нақл қилишган.
Инсон танасининг айрим қисмларидаги туклар доим олиб турилади. Масалан, аврат жойларидаги туклар узоғи билан қирқ кунда олинади. Ҳар ойда олинса, яхши. Қўлтиқ ости туклари ҳар ҳафтада олиниши афзал. Соч олиниши мумкин. Мўйлаб қистартирилади. Хуллас, ривоятда келган лаънат бўлиши ҳақидаги таҳдид қошини тердирувчи, юзидаги тукларни олдирувчиларга, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчиларга тааллуқли. Бироқ, олиниши буюрилган тукларни ўз вақтида олмаслик ҳам маъқул эмас.
Инсоннинг фитрий ишлари сирасига аврат жойларидаги ва қўлтиқдаги тукларни қириш (кетказиш) киради. Шунингдек, мўйлаб қисқартирилади. Уни қириш ҳам мумкин. Бундан бошқа тукларни олиш ҳақида амр келмаган, адашмасам. Жумладан, қўл ва оёқдаги тукларни олиш шарт эмас. Юздаги тукларни олиш ва қошларни теришдан қайтарилгани юқорида айтиб ўтилди.
Агар аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар наздида, ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир. Баъзилар бу иш эрининг рухсати билангина қилинишини айтишган.
Жумҳур уламолар аёл қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигига иттифоқ қилишган. Валлоҳу аълам!