Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Қарз олиб уйланса бўладими? 29.04.2017

Савол:


    Ассалому алайкум ҳурматли Устоз.  Сизни бизга бераётган ёрдамингиз ва илмингиз учун катта раҳмат Аллох ўзи сизни қўллаб қувватласин. Ёшим 23 да олий ўқув юртини тамомлаганман, 8 ойдан буён ишламоқдаман аммо маошим катта эмас, уйланишни ният қилган эдим зино қилиб Аллохнинг қахрига учрашдан қўрқаман ҳамда ота-онамга ортиқча юк бўлмасликни хохлайман, шу сабабдан қарз олиб тўй маросимини ўтказишим мумкинми?

Жавоб:

   Ва алайкум ассалом. Сўзимиз аввалида бир муҳим нарсани айтиб ўтамиз: кишининг жинсий қуввати, эркаклик масъулиятини адо эта олишига кўра, уйланиш ҳукми беш хил бўлади: 

1. Фарз. Маҳрга, аёл нафақасига етарли моли бор, хотинга зулм қилмайдиган, уйланмаса, зинога кетиши аниқ, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишилар учун уйланиш фарздир. Бундай эркаклар уйланмай юрсалар, қаттиқ гуноҳкор бўладилар. 

2. Вожиб. Маҳрга, аёл нафақасига етарли моли бор, уйланса, хотинини боқа оладиган, унга зулм қилмайдиган, уйланмаса, зинога кетиш хавфи бор кишилар учун уйланиш вожибдир. Бундай кишилар ҳам уйланмасалар, гуноҳкор бўладилар. 

3. Суннат. Маҳрга, аёл нафақасига етарли моли бор, хотинини боқишга қодир, унга зулм қилмайдиган, жинсий муносабатга лаёқатли, уйланмаса ҳам ўзини зинодан сақлай оладиган кишилар учун уйланиш суннатдир. Бундай кишилар уйлансалар, савобга эришадилар, уйланмасалар, гуноҳкор бўлмайдилар. 

4. Ҳаром. Маҳрга, аёл нафақасига қурби етмайдиган, уйланса, хотинини боқа олмайдиган, унга зулм қилиши, жинсий лаёқатсизлиги аниқ кишилар учун уйланиш ҳаром. Бундай кишиларнинг уйланиши жоиз эмас. 
Агар жинсий алоқага қодир бўлса-ю, бироқ етарли маблағи бўлмаса, уйланишга имкон топгунича рўза тутади. Чунки рўза инсонни ножоиз ишлардан сақлайди. 

5. Макруҳ. Уйланса, аёлини керакли нарсалар билан таъминлай олмаслик, жинсий алоқага ярамаслик эҳтимоли кўпроқ кишилар учун уйланиш макруҳдир (Манба: “Бахтли ҳаёт сари” китоби). 

   Демак, уйланиш истагидаги инсон келинга маҳр беришга, уни зарур нарсалар билан таъминлашга қодир бўлиши керак. Уйланиш учун кимдандир қарз олдингиз ҳам дейлик. Хўш, тўйдан кейин нима бўлади? Ахир сиз оилангизни боқишингиз, устига-устак зиммангиздаги қарзингизни тўлашингиз лозим. Агар молиявий ҳолатингиз яхши бўлмаса, ўзингизни ҳам, аҳли оилангизни ҳам қийнаб қўясиз. Шунинг учун уйланишга моддий тарафдан имкони йўқ йигитларга – жинсий майлни бироз бўлсаям сўндириш учун – рўза тутиш тавсия этилади. Қолаверса, орзу-ҳавасларни камайтирилса, тўй қилиш унча муаммо туғдирмайди. Чеки йўқ орзулар, бидъат-хурофотлар ёшларнинг оила қуриши кечикишига сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқатдир...