Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Ўлимга қандай тайёргарлик кўриш лозим? 27.04.2017

Савол:

   Ассалому алайкум, Устоз. Менга қуйидаги нарсаларни тушунишда ёрдам берсангиз:

1. Аллоҳнинг ҳақларини адо этиш учун нима қилишим керак?

2. Қуръон ўқиётганда унинг маъноларини тушунмайман. Шунинг учун Қуръон тиловатидан олдин ёки кейин изоҳли таржимани ўқиб, сўнг қироат қилсам бўладими?

3. Қуръонга амал қилиш қандай бўлади?

4. Ўлимга қандай тайёрланамиз?

Жавоб:

 Ва алайкум  ассалом.                                                                                                                                                                         1. Аввало Аллоҳни ягона илоҳ деб эътиқод қилиш, У Зотга бирон нарсани шерик қилмаслик, Аллоҳ буюрган ишларни бажариш, қайтарганларидан қайтиш лозим бўлади. 

2. Қуръоннинг арабча матни билан бирга ҳар ким ўз тилидаги таржимани ҳам ўқиса, мақсадга мувофиқ бўлади. Фақат бу иш намоздан ташқарида қилинади. 

3. Қуръонда нимага буюрилган бўлса, ўша ишни қилган ва Қуръонда қайтарилган амаллардан сақланган, Қуръон хулқи билан хулқланган банда Каломуллоҳга амал қилган бўлади. 

4. Ўлимни эслаш ва охиратга тайёргарлик банда дунёда қилиши лозим бўлган асосий вазифасидир. Зеро, ўлим ҳақ, ҳар бир одамнинг бу дунёдаги ҳаёти ўлим билан тугайди. Қабр ҳар бир одам борадиган макон. Хўш, ўлимдан қочиб қутулиб бўлмас экан, ҳар биримиз ўлимга тайёрмизми? 

Ўлимга тайёргарлик кўриш қуйидаги амаллар орқали бўлади: 

1. Ўлим ҳақ экани, ҳар бир жон ўлимни тотиши, бирон одам абадий тирик қолмаслигини эслаш. 

2. Қабристонни зиёрат қилиб туриш. Бу ҳам ўлимни эслашга ёрдам беради. 

3. Қабрдаги ҳолатни, савол-жавоб, ундаги азоб ва роҳатлар ҳақида фикр қилиш. 

4. Солиҳ амалларда бардавом бўлиш, охиратда фойда берадиган қандай амаллар қилаётганига эътибор қаратиш. 

5. Маййитлар ҳоли ҳақида тафаккур қилиш. Улар ҳозир қабрларида ётибдилар. Бир муддат олдин улар ҳам биз каби ҳаракатда, ҳаётда эдилар. Энди бўлса, қабрдалар. Яхши амаллар қилганлар яхшиликка эришдилар, ёмонлик қилганлар жазоларини олмоқдалар. Шундай экан, қабрда ва охиратда азобдан қутулиш, Аллоҳ розилигини топиш учун ҳақиқий мўмин банда бўлиш, яхши амалларни тезроқ бажариш, фурсатни ғанимат билиш лозим. Зеро, умр сувдек оқиб ўтиб кетади. 

6. Гуноҳлардан тавба қилиш. Ўлим кутилмаганда келиб қолиши мумкин. Бунда ёш ё қарилик, соғломлик ё касаллик аҳамиятга эга эмас. Банда ўлим тўсатдан келиб қолиши мумкинлигини унутмаса, гуноҳларидан тавба қилади, амалларини ортга сурмайди. Зеро, пенсияга чиққач намозни бошламоқчи бўлган одам пенсия ёшига етиш ё етмаслигини ўзи ҳам аниқ билмайди. 

7. Ҳар вақт намоздан кейин қабр ва охират азобидан паноҳ сўраш. 

8. Нафсни тергаш. Бунда хато-камчиликлар таҳлил қилиниб, уларга барҳам берилади ва солиҳ амалларга қаттиқ киришилади. 

9. Вақтни ғанимат билиш. Зеро, фурсат ғанимат, вақт елдек ўтиб кетади. Имкон ва вақт борида тезроқ солиҳ амаллар қилиб қолинмаса, вақт ўтгач бу қолдирилган амаллар банда ҳасратига сабаб бўлади. 
Кўриб турганимиздек, ўлимга тайёргарлик асосан руҳий-маънавий тарафдан бўлади. Аммо баъзи одамлар кафанлик олиб қўйиш, ўзига муҳташам қабр кавлатиб, мақбара қуриш, қабристондан хилхона очиш кабиларнигина ўлимга тайёргарлик деб биладилар.

   Аслида банданинг қабри қандайлиги, ер юзининг қаерига қўйилиши унга манфаат ҳам, зарар ҳам бермайди. Балки бунда асосан унинг амалларига қаралади (кафанлаш, кўмиш каби ишларни тириклар қилаверади. Аммо улар ўлган одам номидан тавба қилолмайди, қолган муҳим ишларини билиб бажара олмайди. Ўлимдан олдин кафанлик олиб қўйишнинг ёмон жойи йўқ. Фақат мана шунга ишониб, моддий тайёргарлик билан кифояланиб қолинмаса бўлгани). 
Шундай экан, ўлимни доим эслаб, охиратга тайёргарлик кўриш, зинҳор ғофил қолмаслик керак. Шу билан бирга ўлимни эслаш дунёни бутунлай тарк этиб, зоҳидликда ҳаддан ошиш эвазига бўлмаслиги матлубдир. Бунда ҳаётдаги тирикчилик ва моддият билан боғлиқ ишлар қилинаверади. Фақат ўлим ҳақ экани, қиёматда Аллоҳ олдида сўроқ қилиниши каби муҳим нарсалар эсдан чиқарилмайди. Валлоҳу аълам!