Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Нифоқдан сақланиш йўллари! 25.04.2017

Савол:


    Ассалому алайкум, Устоз. Қимматли вақтингизни ажратиб саволимга тўлиқ жавоб берганингиз учун ташаккур. Бу саволни беришимга сабаб, ўзимда ҳар хил ҳолатлар юз бераётганидан менда нифоқ аломатлари пайдо бўлмаяптими, деган хаёлга бораман. Баъзида дунё ишларига берилиб кетиб, масжидларга бормай уйда ўқиб олақолай деган, хаёл мени масжиддан қайтаради. Баъзида хуфтон намозида ухлаб қоляпман. Шунинг учун бу масалага жиддий қараган ҳолда ўзимни-ўзим тарбиялаш ҳаракатидаман. Лекин бу нарса камлик қиляпти. Шунинг учун сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим: бу одатларни ташлаш, бу иллатни йўқотиш учун нима қилишим лозим, иймоним сусайиб бораётганини биляпман-у, лекин нима қилишни англай олмаяпман. Шунинг учун сиздан илтимос, тўғри йулга қайтишим учун ёрдам берсангиз, жавоб учун яна бир бор ташаккур!

Булим Ижтимоий масалалар
5781
Жавоб:

   Ва алайкум асалом. Банда нифоқдан қутулиши учун қуйидагиларга эътиборли бўлиши лозим: 

1. Холис бўлиш. 

Банда имонида ва амалларида холис бўлиши керак. Авваламбор, Аллоҳга ҳақиқий ишониши, У Зот борлигига, оламлар Парвардигори эканига зиғирча ҳам шубҳаланмаслиги, ғайб нарсаларга худди кўзи билан кўргандек ишониши керак. Агар имонда шубҳа бўлса, “ростдан ҳам шундаймикан”, “Аллоҳ бормикан”, “жаннат ва дўзах ҳақиқатмикан”, деган саволлар билан чалғиб қолса, имонига путур етиши мумкин. 
Кейин, имон ҳақиқий бўлиши керак, деяпмиз. Бу қандай бўлади? Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган банда одамлар олдида ҳам, ёлғиз қолганида ҳам бир хил бўлади. Одамлар олдида ўзини мусулмон ёки тақводор кўрсатиб, ҳеч ким йўғида гуноҳ ишларга шўнғиш нифоқ аломатидир. Бундай банда Аллоҳдан эмас, бандалардан қўрқади. Демак, унинг Аллоҳга бўлгани ишончи ҳақиқий эмас. Бас, у қалбини ислоҳ қилиши керак. Аслида банда одамлар олдида ўзини камтарин тутиб, оддий кўриниб, ёлғиз қолганида ибодатларига кўпроқ эътибор бериши, хушуъ-хузуъ билан Аллоҳга юкиниши керак. 
Нифоқ аломатларидан узоқ бўлиш учун амалларни холис Аллоҳ розилиги учун бажариш талаб этилади. Жумладан, намозни Аллоҳ розилигини қозонаман, жаннатга қўлга киритаман, деган ниятда ўқилади. Кимнинг намоз ўқишдан мақсади одамларга яхши кўриниш, ҳурмат орттириш, “қори ака”, деган ном қозониш бўлса, унинг қилган ибодати бекор бўлади. Бу ҳамма ибодатларга тегишли. У рўза бўладими, ҳаж ёки Қуръон тиловатими, барчаси холис ниятда амалга оширилиши керак. Агар орага одамлар ҳурматини қозониш, уларга яхши кўриниш нияти қўшилса, демак, қалбга нифоқ оралаган бўлади. Бундай иллатга учраган одам дарҳол ўзининг камчиликларини аниқлаб, ўзини-ўзи тафтиш қилиб, уларни тузатиш ҳаракатига тушмаса, бориб-бориб ҳақиқий мунофиқ “даражаси”га чиқиши мумкин. 

2. Ибодатларга эътиборли бўлиш. 

Нифоқ аломаларидан сақланиш учун ибодатларни холис Аллоҳ розилиги йўлида қилиш билан бир қаторда уларни ўз вақтида ва рисоладагидек бажариш лозим бўлади. Жумладан, намоз вақтларига эътиборли бўлиш мисолида кўрайлик. Ҳадисларда мунофиқлар учун энг оғир намоз бомдод ва хуфтон намозлари экани айтилган. Демак, мусулмон банда бу икки намозга кўпроқ аҳамият бериб, бошқа намозларни, бошқа ибодатларни ҳам қолдирмасликка, ўз вақтидан ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади. 
Қуръони каримда мунофиқлар намозга турсалар дангасалик ила туришлари ва Аллоҳни кам зикр қилишлари айтилган. Эътибор берсак, бу ерда мунофиқлар Аллоҳни зикр қилмайдилар, дейилмаяпти, балки кам зикр қилишлари эслатилмоқда. Бундан келиб чиқади, мўмин банда намозга ўзгача шукуҳ ва ҳафсала билан ёндашиши, Аллоҳни доим зикр қилиши, қалби Парвардигори зикридан ғофил қолмаслиги керак. 

3. Ҳадисларда айтилган нифоқ аломатларидан сақланиш. 

Ҳадисларда турли иллатлар мунофиқларга хос экани айтилган. Жумладан, ёлғон сўзлаш, ваъдага вафосизлик, омонатга хиёнат қилиш, жанжаллашган вақтда шаллақилик қилиш. Бундан ташқари мақтовни ёқтириш, танқидни хушламаслик кабилар ҳам мунофиқларга хос сифатлардан саналади. Демак, бу иллатларни қалбдан чиқариб ташлаш орқали холис мўминлик мақомига чиқиш мумкин. Бунинг учун тилни ислоҳ қилиш керак. Керакли сўзларни сўзлаш, ортиқчасидан тийилиш, бировга ёлғон гапирмаслик, қила олмайдиган ишини ваъда бермаслик, омонатни сақлаш, унга хиёнат қилмаслик, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, биров билан жанжаллашган ҳолда адолат билан туриш, ўзи ноҳақ бўлса ҳам тили билан бировлардан устун келишга уринмаслик, мақтовлардан имкон қадар қочиб, ўзи ҳақида айтилган ҳақ тандиқларни кўтара олиш талаб этилади. 
Ҳозирги вақтда ваъда бериб қўйиб унга бепарво бўлиш, кўзига тик қараб туриб ёлғон гапириш ва биров ишониб топширган омонатга хиёнат қилиш ҳоллари кўп кузатилади. Аслида ваъда қарз демакдир. Ваъда берган одам нима қилиб бўлса ҳам ваъдасининг устидан чиқиши керак. Биров билан бир вақтда кўришишга келишдингизми, бас, ўша жойга 5-10 дақиқа вақтлироқ бориб туринг. Токи ваъдага хилоф бўлмасин. Биров телефон қилиб қолганида бошқа ишингиз чиқиб қолди ва унга: “Бўлди 5 дақиқада телефон қилиб юбораман!” дедингизми, бас, ўша беш дақиқа ичида унга қайта телефон қилинг. Беш дақиқадан ўтиб кетса, сиз ваъдага хилоф қилган бўласиз. Ваъда бериб қўйиб, унга ҳафсаласизлик билан қараш бандани ёмон оқибатларга олиб боради. Шундай эҳтиёт бўлиш керак. Ёлғончилик ва омонатга хиёнат қилиш ҳақида ҳам худди шуларни айтиш мумкин. Ҳадисда келган ўша учта аломатдан тийилиш билан мунофиқликдан сақланиш томон қадам ташланган бўлади. 

4. Қалб касалликларидан эҳтиёт бўлиш. 

Қалб касалликлари ҳам бандани нифоқ сари етаклайди. Жумладан, ҳасад, кек-адоват, шаҳватларга ўчлик, ғурур, кибр, манманлик каби иллатлар нифоқ элчиларидир. Қалбида ҳасади бор одам рақибига сиртдан ёв қараш қилади, юзма-юз келиб қолганида худди ҳеч нарса бўлмагандек муомала қилиб кетаверади. Ана шу иккиюзламачиликдир. Ғурур ва манмалик, кибр кабилар ҳам мунофиқларнинг асосий сифатларидандир. Шу сабаб ҳам улар мақтовга ўч бўлишади, танқидларни кўтаришмайди, ибодатларни ҳам одамлар ҳурматини қозониш, фақат мана шу ўткинчи дунёдагина рўшнолик кўриш учун бажарадилар. 
Хуллас, банда нифоқ аломатларидан сақланиш учун имонида мустаҳкам бўлиши, ҳар дам қалбини ислоҳ қилиши, уни поклашга ҳаракат қилиши лозим. Бунда ибодатларга ҳафсала билан ёндашиш ва ҳар бир соҳада холис бўлиш талаб этилади. Тавфиқ Аллоҳдандир! 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216373
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Нифоқдан сақланиш йўллари! 25.04.2017

Ассалому алайкум, Устоз. Қимматли вақтингизни ажратиб саволимга тўлиқ жавоб берганингиз учун ташаккур. Бу саволни беришимга сабаб, ўзимда ҳар хил ҳолатлар юз бераётганидан менда нифоқ аломатлари пайдо бўлмаяптими, деган хаёлга бораман. Баъзида дунё ишларига берилиб кетиб, масжидларга бормай уйда ўқиб олақолай деган, хаёл мени масжиддан қайтаради. Баъзида хуфтон намозида ухлаб қоляпман. Шунинг учун бу масалага жиддий қараган ҳолда ўзимни-ўзим тарбиялаш ҳаракатидаман. Лекин бу нарса камлик қиляпти. Шунинг учун сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим: бу одатларни ташлаш, бу иллатни йўқотиш учун нима қилишим лозим, иймоним сусайиб бораётганини биляпман-у, лекин нима қилишни англай олмаяпман. Шунинг учун сиздан илтимос, тўғри йулга қайтишим учун ёрдам берсангиз, жавоб учун яна бир бор ташаккур!

5781