Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Аллоҳга маҳбуб бўлганлик аломатлари! 21.04.2017

Савол:

 

    Ассалому алайкум, ҳурматли Одилхон қори ака ва Muxlis.uz жамоаси! Аввало, биз мухлис ўқувчиларга бераётган эътиборингиз учун катта раҳмат. Биз мухлислар шу қадар сизларга боғланиб қолдикки, ҳеч кимга айтолмайдиган сирларимизни ҳам айтадиган бўлдик. Бошимизга тушган синовларни айтиб, улардан қандай ўтиб олиш лозимлиги ҳақида ҳам мурожаат қилмоқдамиз. Шояд бу билан Аллоҳ сиз азизларни мўмин-мусулмонларнинг тўғри йўлга тушишларига сабабчи қилса!..

 

   Бир китобда “агар Аллоҳ бандасини юқори мартабага кўтармоқчи бўлса, унга синов юборади” деб ўқигандим. Аллоҳ ҳар кимни ҳам Ўзининг синовига лойиқ кўрмас экан. Сўрамоқчи бўлганим, Аллоҳга суюкли бўлишнинг ҳам аломатлари борми?

 

Жавоб:

 Ва алайкум ассалом. Аввало, қилаётган ожизона ишларимиздан бирон манфаат чиқаётгани учун, Аллоҳ буни мўмин-мусулмонларга фойдали қилаётгани учун Ўзигагина ҳамду санолар айтамиз!

 

   Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бандаларнинг Аллоҳни ва Аллоҳнинг бандаларни яхши кўриши ҳақида кўплаб оятлар, ривоятлар келган. Биз қуйида Аллоҳ таолонинг бандани яхши кўришига далолат қилувчи баъзи аломатларни келтирамиз.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَحَبَّ اللَّهُ عَبْدًا نَادَى جِبْرِيلَ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلانًا فَأَحِبَّهُ فَيُحِبُّهُ جِبْرِيلُ فَيُنَادِي جِبْرِيلُ فِي أَهْلِ السَّمَاءِ: إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلانًا فَأَحِبُّوهُ فَيُحِبُّهُ أَهْلُ السَّمَاءِ ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ الْقَبُولُ فِي أَهْلِ الأَرْضِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар Аллоҳ бирон бандани яхши кўрса, Жаброилга: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Бас, Жаброил ўша бандани яхши кўради. Кейин Жаброил осмон аҳлига: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Бас, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Бас, осмон аҳли ўша бандани яхши кўради. Сўнгра унинг учун ер аҳлида ҳам қабул қўйилади (яъни, ердагилар ҳам уни яхши кўришади) (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

 

   Ушбу ривоятда Аллоҳнинг бандани яхши кўриши аломатларидан бири одамлар уни яхши кўриши, унга хайрихоҳ бўлишлари экани айтилмоқда.

 

عَنْ قَتَادَةَ بْنِ النُّعْمَانِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَحَبَّ اللَّهُ عَبْدًا حَمَاهُ الدُّنْيَا كَمَا يَظَلُّ أَحَدُكُمْ يَحْمِي سَقِيمَهُ الْمَاءَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

   Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар Аллоҳ бирон бандани яхши кўрса, бас, худди биронтангиз касалини сувдан доим асраганидек (Аллоҳ) уни дунёдан (яъни, дунёнинг ортиқча матоҳи ва бойликка ружуъ қўйишдан) сақлайди” (Термизий, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

 

   Бу ерда Аллоҳ яхши кўрадиган бандани ортиқча зеб-зийнат ва моддий нарсаларга қизиқиб, улар кетидан елиб-югуриш ва умрини беҳуда сарфлашдан сақлаши айтилмоқда.

 

عَنْ يَعْلَى بْنِ مُرَّةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: حُسَيْنٌ مِنِّي وَأَنَا مِنْ حُسَيْنٍ أَحَبَّ اللَّهُ مَنْ أَحَبَّ حُسَيْنًا حُسَيْنٌ سِبْطٌ مِنْ الأَسْبَاطِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

 

   Яъло ибн Муррадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳусайн мендандир ва мен Ҳусайнданман. Ҳусайнни яхши кўрганни Аллоҳ яхши кўради. Ҳусайн набиралардан биридир”, деганлар” (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан).

 

   Ким Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳуни яхши кўрса, демак, уни Аллоҳ яхши кўради. Бундан келиб чиқадики, аҳли байт, саҳобалар ва солиҳларни яхши кўриш ҳам Аллоҳ бандасини яхши кўриши аломатидир. Зеро, яхши бандаларни яхши кўрган, уларга хайрихоҳ бўлган бандани Аллоҳ яхши кўради.

 

عَنْ جَرِيرِ بن عَبْدِ اللَّهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ لَيُعْطِي عَلَى الرِّفْقِ مَا لاَ يُعْطِي عَلَى الْخُرْقِ وَإِذَا أَحَبَّ اللَّهُ عَبْدًا أَعْطَاهُ الرِّفْقَ مَا مِنْ أَهْلِ بَيْتٍ يُحْرَمُونَ الرِّفْقَ إِلا قَدْ حُرِمُوا. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَرِجَالُهُ ثِقَاتٌ.

 

   Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта Аллоҳ азза ва жалла жоҳиллик учун бермаганини мулойимлик учун беради. Агар Аллоҳ бирон бандани яхши кўрса, унга мулойимликни беради. Агар бирон хонадон соҳиблари мулойимликдан маҳрум бўлсалар, демак, (кўп нарсадан ёки яхшиликдан) маҳрум бўлибдилар (Табароний ишончли ровийлардан ривоят қилган).

 

Демак, мўмин банданинг мулойим ва самоҳатли бўлиши Аллоҳнинг уни яхши кўриши аломатларидан бири экан.

 

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ قَسَمَ بَيْنَكُمْ أَخْلاَقَكُمْ كَمَا قَسَمَ بَيْنَكُمْ أَرْزَاقَكُمْ وَإِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يُعْطِي الدُّنْيَا مَنْ يُحِبُّ وَمَنْ لاَ يُحِبُّ وَلاَ يُعْطِي الدِّينَ إِلاَّ لِمَنْ أَحَبَّ فَمَنْ أَعْطَاهُ اللهُ الدِّينَ فَقَدْ أَحَبَّهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

 

   Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта Аллоҳ ораларингизда хулқларингизни тақсимлагани каби ризқларингизни ҳам тақсимлаб қўйгандир. Албатта Аллоҳ дунёни Ўзи яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандасига бераверади, аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, Аллоҳ кимга динни берган экан, У зот уни яхши кўрибди” (Аҳмад ривояти).

 

   Дунёга тегишли бўлган нарсаларнинг Аллоҳ наздида пашша қанотичалик қадри йўқ. Шу сабаб уни хоҳлаган бандасига – мўминга ҳам, кофирга ҳам, суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам, солиҳга ҳам, фосиққа ҳам баробар бераверади. Чунончи, бир бандада мол-дунё, бойлик, ўткинчи дунё неъматларининг жамланиши унинг Аллоҳ даргоҳида мартабаси баланд эканига далолат қилмайди.

 

   Аллоҳнинг бандани яхши кўриши бошқа жиҳатга кўра белгиланади. Аллоҳ томонидан суйилган бандаларга имон-эътиқод ва ихлос неъмати берилади.

 

Ким имон неъматига эришган бўлса, у Аллоҳнинг севимли бандаларидан эканига шубҳа йўқ.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ عِظَمَ الْجَزَاءِ مَعَ عِظَمِ الْبَلاَءِ وَإِنَّ اللهَ إِذَا أَحَبَّ قَوْمًا ابْتَلاَهُمْ فَمَنْ رَضِيَ فَلَهُ الرِّضَا وَمَنْ سَخِطَ فَلَهُ السَّخَطُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالْقُضَاعِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

 

   Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусибатнинг катталигига қараб улуғ мукофотлар берилади. Агар Аллоҳ бирон қавмни яхши кўрса, унинг бошига мусибат солади. Бас, ким (Аллоҳнинг тақдиридан) рози бўлса, унга ҳам розилик бўлади. Ким ғазабланса, унга ҳам ғазаб бўлади” (Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ва Қузоъий ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).

 

   Кимнинг бошига катта мусибат тушиб, унга сабр қилса, ўша бандага чексиз мукофот берилади. Мусибат кичрайгани сари савоб ҳам камаяди. Шу сабаб ҳам Аллоҳ таоло ўзи яхши кўрган солиҳ бандаларини қаттиқ имтиҳонлар билан синайди, уларнинг имони қувватини текширади. Кимда-ким мусибатга учраганида Аллоҳдан рози бўлса, шикоят ва ғазабланишни тарк қилса, Аллоҳ ана ўша бандадан рози бўлади. Ким мусибатга йўлиқиб тақдирдан нолиса, ўринсиз ғазабланса, унга Аллоҳнинг ғазаби бўлади. Бирон мусибатга йўлиқмай туриб, Аллоҳнинг турфа хил неъматларидан баҳраманд бўла туриб, Аллоҳдан нолиган, У Зотдан “ғазабланган” кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?!

 

   Шурайҳдан ривоят қилинади: “Мен бирон мусибатга учрасам, бунинг учун Аллоҳга тўрт марта ҳамд айтаман: мусибат бундан-да каттароқ бўлмагани учун, мени унга сабрли қилгани учун, мени истиржоъ айтишга йўллагани ва ўша мусибатни динимда қилмагани учун Аллоҳга ҳамд айтаман” (Байҳақий ривояти).

 

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِعَبْدٍ خَيْرًا اسْتَعْمَلَهُ فَقِيلَ: كَيْفَ يَسْتَعْمِلُهُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: يُوَفِّقُهُ لِعَمَلٍ صَالِحٍ قَبْلَ الْمَوْتِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ бирон бандага яхшиликни ирода қилса, уни амал қилишга йўллайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, қандай қилиб?” дейилди. У зот: “Ўлимидан олдин уни солиҳ амаллар (қилишга) муваффат қилади”, дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

   Демак, бандада яхши амаллар қилишга рағбат бўлиши, яхшиликка интилиб яшаши унинг Аллоҳнинг маҳбуб бандаларидан эканига далолат қилади.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللَّهَ قَالَ: ... وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ وَلَئِنْ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ... رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта Аллоҳ: “... Бандам унга фарз қилганим (ибодатлар)дан кўра севимлироқ нарса билан Менга яқинлашмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман. Агар уни яхши кўрсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар у мендан сўраса, албатта бераман. Агар у мендан мадад истаса, албатта паноҳ бераман”, деди” (Бухорий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

 

   Демак, Аллоҳ яхши кўрадиган бандасини доим тўғри йўлда бардавом қилади, унинг дуосини қабул қилади, ёмонликлардан сақлайди.