Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

“Хадича”ми ёки “Хадижа” 04.04.2017

Савол:

   Ассалому алайкум, қори ака. Аллоҳга шукр, У Зот менга қиз фарзанд ато этди. Унга “Хадича” исмини қўйдик. Бир танишимнинг айтишича, қизалоғимга қўйилган исм нотўғри экан: аслида “Хадича” эмас, “Хадижа” деб номлиниши керак экан. Шунга аниқлик киритиб берсангиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ мартабангизни улуғ қилсин!

Жавоб:

   Ва алайкум ассалом. Сиз қизингизга қўйган исм Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга илк имон келтирган, у зотга энг қийин дамларда ёрдамчи бўлган муслима аёлнинг, мўминлар онасининг исмидир. Қизим ҳам ўша зотга ўхшасин, деган ниятда ушбу исмни қўйиш яхши. 

   Энди масаланинг бошқа тарафи ҳақида тўхталадиган бўлсак, бизда бу исмни “Хадича” деб ёзиш ва талаффуз қилишга одатланилган. Аслида “Хадича” эмас, “Хадижа” бўлади. Буни “Абдулла” билан “Абдуллоҳ”га қиёслаш мумкин. 
Сиз қизингизга қўйган исм асли арабча. Маълумки, арабларда “ч” ҳарфи йўқ. Чунончи, бу исмни “Хадижа” деб ёзиш ва талаффуз қилиш мақсадга мувофиқ. Ёки талаффузда “Хадича” дейилса ҳам, ҳужжатларга “Хадижа” деб ёздирса ҳам бўлади. Лекин “Хадича” дейиш жуда катта хато эмаслигини ҳам айтиб ўтиш керак. Валлоҳу аълам!