Муқтадий бир киши бўлса! 03.04.2017
Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Имом билан бир киши намоз ўқиганда сафда қанақа турилса мақсадга мувофиқ бўлади? Бу жавоб қайси ҳадисдан эканини айтсангиз! Чунки “Саҳиҳул бухорий”да келган ҳадисда, агар икки киши фарз намозни адо этса, иккинчи одам имомнинг ўнг томонида туради, дейилган. Бироқ унда имомдан озгина орқароқ туриш керак деб, айтилмаган?
5748
Ва алайкум ассалом. Икки киши намоз ўқиганида улардан бири имомликка ўтади. Бошқаси ундан сал орқароқда туради. Аниқроғи, иқтидо қилган намозхоннинг оёқ панжалари учи имомнинг товони билан баробар бўлади. Бунга қуйидаги ривоят далилдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен холам Маймунанинг уйларида тунаб қолдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси туриб намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб ўнг томонларига турғазиб қўйдилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Сиз бу ривоятда муқтадий имомдан сал орқароқда туриши ҳақида бирон нима айтилмаган десангиз, у ҳолда мана бу ривоятни кўриб чиқамиз. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, биз уч киши бўлсак, биримиз олдинга ўтишни буюрганлар” (Термизий ривояти).
Демак, имомга эргашувчи икки ва ундан ортиқ бўлса, муқтадийлар иккинчи сафда турадилар. Агар иқтидо қилувчи бир нафар бўлса, имомдан сал орқароқда туради. Бу ривоятда муқтадий фақат икки киши бўлсагина иккинчи сафда туриши айтилмоқда. Маълумки, иқтидо қилувчи бир нафар бўлса, имом билан бир чизиқда туриши мумкин эмас. Имом “олдинда турувчи” маъносини англатади. Демак, имом билан бир нафар одам намоз ўқиганида унинг ўнг томонида туради, иккинчи сафга ўтмайди, балки оёқ бармоқларининг учи имом товони билан бир чизиқда бўлади. Валлоҳу аълам!