Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Қайнонасига яхшилик қилиш буюрилмаганми? 30.03.2017

Савол:


    Ассалому алекум нега куёв қайнанасига яхшилик қилсин касал бўса дори дармонларини олиб берсин, қийинчилик кунида ёрдам берсин, деб ҳеч қаерда ёзилмаган. Агар шароити бўла туриб, ўзининг онасига қилган яхшилигини нега қайнанасига қилсин, деб айтилмаган. Мани онам ҳам унинг онасидек боқиб, катта қилган-ку, нега ман онамга яхшили қиламан десам ҳеч қаерда ёзилмаган қайнанасига қилсин, деб дийиш тўғрими ?

Жавоб:

    Ва алайкумус салом. “Қайнонасига ёрдам берсин”, деб ёзиб қўйилмаган бўлсаям, шариатнинг умумий кўрсатмасига биноан, қайнонага яхшилик қилиш лозим бўлади. Буни қуйидаги ривоятлар мисолида кўриб чиқамиз. 

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا صَلَّتِ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا: ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ. 

 

   Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар (муслима) аёл беш вақт намозини ўқиса, (рамазон) ойи рўзасини тутса, жинсий аъзосини (ҳаромдан) сақласа, эрига итоат этса, унга: “Жаннатнинг исталган дарвозасидан киравер!” дейилади” (Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан лиғойриҳ). 

   Муслима аёл Аллоҳ розилигига эришиб жаннатга кириши учун аввал эрини рози қилиши керак. Эрини рози қилиш учун унинг гапига киради, сўзи икки қилмайди. Рисоладаги ўғил хотинига: “Ота-онамга яхшилаб қара, уларнинг кўнгилларини ол, айтганларини бажо келтир. Мени десанг, ота-онамни рози қиласан”, деб тайинлайди. Шу билан, ўз-ўзидан қайнона ва қайнотасига яхши муомалада бўлиш келиннинг зиммасига тушади. Чунки, эрни рози қиламан, деса унинг ота-онасини ҳам рози қилиш керак. 

Хотининниг онасига (қайнонасига) яхшилик қилиш борасида ҳам шунга ўхшаш ривоятлар келган. 

 

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: لَدَغَتْ رَجُلًا مِنَّا عَقْرَبٌ وَنَحْنُ جُلُوسٌ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ أَرْقِي قَالَ: مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمْ أَنْ يَنْفَعَ أَخَاهُ فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ. 

 

   Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Орамиздан бир кишини чаён чақиб олди. Биз ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтиргандик. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, дам солайми?” деб сўради. У зот: “Сизлардан кимда-ким биродарига ёрдам беришга имкони бўлса, шундай қилсин!” деб айтдилар” (Муслим ва Аҳмад ривояти). 
Бу ерда диндошига қўлидан келганича ёрдам бериш таъкидланмоқда. Қайнона ҳам куёвнинг диндоши саналади. Бегона мусулмонлардан кўра қайнона яхшилик қилишга ҳақлироқ. Чунки, у – жуфти ҳалолининг онаси, фарзандларининг бувиси. Ҳам қариндош, ҳам диндош. Кўряпсизми, қайнонага яхшилик қилиш лозимлиги ўз-ўзидан келиб чиқмоқда. 

 

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: حَقُّ المُسْلِمِ عَلَى المُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ وَعِيَادَةُ المَرِيضِ وَاتِّبَاعُ الجَنَائِزِ وَإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ العَاطِسِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ. 

 

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, бемор ҳолидан хабар олиш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу”, деб) ташмит айтиш” (Бухорий, Муслим ва Ибн Можа ривояти). 

   Бу ерда биродардик ҳақлари ҳақида сўз кетмоқда. Агар қайнона касал бўлиб қолса, куёв уни кўргани боради, ҳол-аҳвол сўрайди. Агар дори-дармонга қийналаётган бўлса, қўлидан келганича ёрдам беради. Чунки, шариат бизга бемор диндошини бориб кўриш, унинг оғирини енгил қилишни тайинлаган. 
Қуйидаги ҳадис қайнона ва қайноталарга яхшилик қилиш қанчалик муҳим эканига далолат қилади. 

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَيُوَقِّرْ كَبِيرَنَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

   Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кичикларимизга раҳм қилмаса, ёши катталаримизни ҳурмат қилмаса, биздан эмас!” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилган). 
Мўмин-мусулмон одам ёши кичикларга раҳм-шафқат кўрсатади, уларни ҳимоя қилади. Ота-онаси, қайнона-қайнотаси ёки бегона қариялар бўладими, ким бўлишидан қатъи назар ёши улуғ инсонлар ҳурматини жойига қўяди. Мўминлик белгиси шу. Кимда-ким кичикларга иззат кўрсатмаса, катталарни ҳурмат қилмаса, ундай одам ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биздан эмас!” яъни, Ислом умматидан эмас, деб огоҳлантирганлар. 

   Хуллас, динимизда барчага бирдек яхшилик қилиш, хайр-саховат кўрсатишга чақирилган. Чунончи, келин ҳам, куёв ҳам ўз қайнона-қайноталарига меҳр-мурувват кўрсатиб, хизматларини қилишлари лозим. Зеро, шариат биздан катталарни ҳурмат қилиш, муҳтожларга ёрдам беришни талаб этади