Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Келинга қанча маҳр бериш керак? 20.03.2017

Савол:

   Ассалому алайкум, қори ака! Ҳозирги кунда бирин-кетин тенгдош ўртоқларим оила қуришмоқда. Уларни шаръий никоҳдан ўтказиш вақтида бир савол келиб чиқмоқда: куёв келинга қанча маҳр бериши керак? Бу бирон-бир меъёр билан ўлчанадими? Илтимос, ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда шу саволга жавоб берсангиз!

Булим Фиқҳ
5039
Жавоб:


    Ва алайкум ассалом. Барча фақиҳлар наздида, маҳрнинг кўпи чегараланмаган. Бу куёвнинг ҳиммати, молиявий ҳолатига қараб белгиланади. Бироқ, уламолар маҳрнинг оз бўлиши мустаҳаб эканини таъкидлашган. Сабаби Ибн Аббос розияллоҳу анҳодан қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (аёл)ларнинг энг яхшиси маҳри енгил бўлганидир”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

   Маҳрни енгил қилиш хайрли иш экани ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Лекин ҳар бир ишда ўртача бўлиш Ислом шариати талабларидан эканини маҳр бобида ҳам унутмаслик лозим.
Маҳрнинг энг кам миқдори борасида турли фикрлар айтилган. Жумладан, шофеъий ва ҳанбалийлар наздида, маҳрнинг энг кам миқдори белгиланмаган. Балки бирон қийматга эга, сотиладиган, мол сифатида қадрланадиган ҳар қандай нарса оз ё кўп бўлишидан қатъи назар маҳр бўлади. Бироқ жуда арзимас нарсаларни, кишилар наздида қиймати паст буюмларни маҳр сифатида берилмайди. Бу қавл Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Саид ибн Мусайяб, Ато, Амр ибн Дийнор, Ибн Абу Лайло, Суфён Саврий, Авзоъий, Лайс, Исҳоқ ва Абу Саврга тегишли.

   Ривоят қилинишича, Саид ибн Мусайяб қизини икки дирҳам маҳр билан узатган ва: “Агар бир қамчи берса ҳам, қизим унга ҳалол бўларди”, деган (“Ал-Ҳовий”, “Муғнил муҳтож”).
Ҳанафийлар, моликийлар, шунингдек, Саид ибн Жубайр, Нахаъий, Ибн Шубрума наздида, маҳрнинг энг ози маълум миқдор билан белгиланган. Аммо энг оз миқдор қанчалиги борасида турли қавллар келтирилган.

   Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида маҳрнинг энг ками ўн дирҳам ёки унинг қийматидир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўн дирҳамдан камида маҳр йўқ”, деганлар (Дорақутний ривояти).
Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумолар: “Маҳр ўн дирҳамдан кам бўлмайди”, дейишган. Демак, уйланган куёв келинга қанча маҳр беришни ният қилса ҳам, камида ўн дирҳам маҳр бериши вожиб бўлади. Агар кўп берса, ўзининг ихтиёри. Аммо кам берса, ўн дирҳамдан ози маҳр ўрнига ўтмайди, дейилади бизнинг ҳанафий мазҳабида.

Ўн дирҳам закот нисобининг йигирмадан бирига тўғри келади. Маҳр келиннинг шахсий мулки бўлиб, ундан ҳеч ким, ҳатто эри ҳам фойдаланиши мумкин эмас. Фақат хотини рухсат берса, фойдаланса бўлади. Шу сабаб келиннинг ўзи ишлатиши мумкин нарсаларни маҳр қилиб бериш мақсадга мувофиқдир. Уй-жойни маҳр сифатида бериб, кейин ундан бемалол фойдаланиш нотўғри. Маҳр белгилашда жуда аҳамиятли бўлиш, оғзига келганини маҳр қилиб беравермаслик, маҳр келиннинг ўзига мулк бўлиб қолишини эътиборга олиш талаб этилади.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 56470
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Келинга қанча маҳр бериш керак? 20.03.2017

Ассалому алайкум, қори ака! Ҳозирги кунда бирин-кетин тенгдош ўртоқларим оила қуришмоқда. Уларни шаръий никоҳдан ўтказиш вақтида бир савол келиб чиқмоқда: куёв келинга қанча маҳр бериши керак? Бу бирон-бир меъёр билан ўлчанадими? Илтимос, ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда шу саволга жавоб берсангиз!

5039