Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Мақтов эшитганда ўзини қандай тутиш керак? 18.02.2017

Савол:

     Ассалому алайкум. Қори ака, бир нарса кўнглимни ғаш қиляпти. Мен қайсидир китобда ёки жума маърузаларида кимдандир эшитган эдим: дуо қилганда бу дунё одамлари орасида эмас, охиратда Аллоҳ ҳузурида фаришталар орасида мақталишни сўранг. Бу дунёда мақталганлар охиратда мақталмайди, дейилган экан. Мен ўзимдан хавотирдаман. Чунки мени ота-онамдан тортиб, хола тоғаларим “яхши ҳам шу бола бор. Менинг ҳам болам шунга ўхшасайди”, деб ният қилиб дуо қилишади. Ишхонада ҳам ҳамма ишчилар “иш берганингизга раҳмат, ишларингизга ривож берсин”, деб дуо қилиб туришади. Шунақа пайтларда охиратда нима бўлар экан, деб қўрқиб кетаман. Шунга сиз нима дейсиз? Маслаҳат беринг, дуо қилинг, Аллоҳ Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин!

Булим Одоб-ахлоқ
8718
Жавоб:

   Ва алайкум ассалом. Азиз биродарим, сиз кибр ва ғурур ҳақида савол бермоқдасиз. Ҳадиси шарифларда кибрли банда қиёмат куни зарра каби кичик бўлиши, мутакаббир жаннатга кирмаслиги, ким кибр қилса, Аллоҳ унинг обрўсини пасайтириши, камтар инсонларнинг мартабаси кўтарилиши айтилган. Сиз раҳбар одамсиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилинг. Мол-давлатингиз, мартабангиз ва обрўйингиз ошган сари одамларга мулойимлик, камтарлик билан муомалада бўлинг. Одамлар ҳаққингизга дуо қилгани яхши, ҳатто мақтагани ҳам зарарли эмас. Агар мақтов ҳаддан ошиб кетса, “Эй Аллоҳ, улар айтаётган нарса билан мени азобингга гирифтор қилма! Улар билмайдиган гуноҳларимни кечиргин! Улар мени ўйлаганларидан ҳам яхшироқ қил!” деб дуо қилинг, ўзингизни доим камтар тутинг, банда эканингизни, ҳар бир сонияда Аллоҳнинг раҳматига муҳтожлигингизни унутманг. Мол-давлат, обрў-эътибор билан бирга имон ва чиройли хулқ, жумладан камтарлик фазилати бўлса, иншааллоҳ, қиёмат куни ҳам мартабангиз юқори бўлади. Муҳими ўша мақтовларга учиб, ўзингизни катта олмасангиз, бу олқишларга ишониб кеккаймасангиз бўлгани.
      Айрим осорларда келишича, айрим саҳобаи киромлар (баъзи ривоятларга кўра Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу) ўзларига нисбатан мақтов сўзларни эшитсалар шундай дуо қилардилар:

 

اللهم لا تؤاخذني بما يقولون واغفر لي ما لا يعلمون

 

Ўқилиши: “Аллоҳумма лаа туаахизний бимаа яқу(в)лу(в)н вағфир лий маа лаа яъламу(в)н”.

 

Маъноси: “эй Аллоҳ, улар айтаётган сўзлар туфайли мени жазога тутмагин ва мендаги улар билмайдиган хато-камчиликларимни кечиргин” (Ушбу асарни Имом Бухорий ал-адаб ал-муфрадда ривоят қилган.Шунингдек, Байҳақий “шуабу-л-иймон”да ва Ибн Абий Шайба “мусаннаф”да ривоят қилиб келтиришган). 

 

     Мусулмон киши бирор эзгу ишни амалга оширганда ўзгалар уни мақташи унга зарар келтирмайди. Бу ҳам бўлса, у киши учун қилган яхшиликларининг бу дунёдаги ажр-савобидир. Ундан ташқари, ҳадиси шарифларда ворид бўлишича, бирор инсонга яхшилик қилинганда ўша яхшиликни одамлар орасида зикр қилиши қайсидир маънода мазкур яхшиликнинг мукофоти ва шукронаси ўлароқ баҳоланар экан. Шунга кўра, сизнинг яхшилигингизни тилга олишлари бу – улар томонидан сизга билдирилаётган миннатдорчиликларининг бир кўринишидир. Муҳими, юқорида айтилганидек, мақтовга берилиб, мақталишни яхши кўриб қолмасликдир. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216293
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Мақтов эшитганда ўзини қандай тутиш керак? 18.02.2017

Ассалому алайкум. Қори ака, бир нарса кўнглимни ғаш қиляпти. Мен қайсидир китобда ёки жума маърузаларида кимдандир эшитган эдим: дуо қилганда бу дунё одамлари орасида эмас, охиратда Аллоҳ ҳузурида фаришталар орасида мақталишни сўранг. Бу дунёда мақталганлар охиратда мақталмайди, дейилган экан. Мен ўзимдан хавотирдаман. Чунки мени ота-онамдан тортиб, хола тоғаларим яхши ҳам шу бола бор. Менинг ҳам болам шунга ўхшасайди, деб ният қилиб дуо қилишади. Ишхонада ҳам ҳамма ишчилар иш берганингизга раҳмат, ишларингизга ривож берсин, деб дуо қилиб туришади. Шунақа пайтларда охиратда нима бўлар экан, деб қўрқиб кетаман. Шунга сиз нима дейсиз? Маслаҳат беринг, дуо қилинг, Аллоҳ Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин!

8718