Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Бола асраб олиб, унинг етим эканини яшириш жоизми? 06.01.2017

Савол:

    Ассалому алайкум. Аллоҳ насиб этса март ойида она бўламан. Умр йўлдошим билан гўдаклар уйидан яна бир чақалоқ асраб олмоқчимиз. Эгизак сифатида уларни катта қилмоқчимиз. Етим асрашнинг савоби катта бўлганлиги учун биз ҳам савобдан умидвормиз. Яширин қилинган яхшиликнинг савоби ортиқ бўлади деб ўқиганмиз. Шунинг учун бу ҳақда яқинларимизга айтомқчи эмасмиз. Бола ҳудди оз фарзандимиздек улғайишини, ҳич ким уни етим дейишини хоҳламаймиз. Бола катта бўлганда етимлигидан ҳижолат бўлиши бизни яқини деб билмаслигини истамаймиз. Шу сабаб буни ҳаммадан сир тутмоқчимиз. Аммо яқинда бир мақола ўқидим. Етимни менинг болам деб бўлмас, уни атрофдагилар билиши керак экан. Ундай бўлса юқорида ёзганимдек яхши муҳит бўлмаслиги мумкин. Ундан кейин етим асраб парваришлаётганимизи бошқсларга айтсак бу хўжакўрсинга бўлиб қолмайдими?
     Қолаверса мен гўдакка сут берсам у номаҳрам ҳисобланмайди. Ўз фарзандимга айланишини истаб сир тутмоқчи эдик.

Жавоб:

   Ва алайкум ассалом. Бола асраб олиш шариатда “ҳазона” дейилади. Бу сўз “бағрига олиш”, паноҳига олиш”, “тарбиялаш” каби маъноларни англатади. Қуш тухумини икки қаноти остига олиб, босиб ётиши ҳам “ҳазона” дейилади. Аёлга нисбатан ишатилганда, бу сўз “қарамоғига олиш”, “тарбиялаш” мазмунини ифодалайди. Ҳозин (ёки ҳозина) болани асраб олиб, уни тарбияловчидир.
    Бола асраб олиш икки хил бўлади. биринчиси, ота-она бирон сабаб билан ажралишса, боланинг икки тарафдан бири қарамоғига ўтишидир. Одатда, бола талоқдан кейин онаси ёки бувиси қарамоғига ўтади. Бунда боланинг ихтиёрига қўйилади. У онаси ёки отаси билан қолишни истаса, шунга қаралади.
     Иккинчиси, бегона болани асраб олиш. Бунда баъзи жиҳатларга аҳамият бериш лозим. Жумладан, бегона болани асраб олганда уни ўз сулбидан бўлган ўғлим ёки қизим, деб даъво қилмаслик керак. Бола ҳам уни асраб олганларни ҳақиқий ота-онам, демаслиги ёки шундай деб ўйламаслиги керак. Зеро, бегона бола асраб олингани билан уларга маҳрам бўлиб қолмайди. Агар болани икки ёшгача эмизилса, фарзандларингиз билан эмикдош ҳисобланади. Лекин барибир унинг отаси эрингиз эмас, бегона эркаклигини сир тутмаслик матлубдир.
      Кейин бола катта бўлиб, ақлини таниганидан кейин у асраб олингани, ҳақиқий ота-онаси бошқалар эканини билдириб қўйиш керак. Акс ҳолда маҳрам ва мерос тақсимоти борасида чалкашиб кетиш, ношаръий ишлар содир бўлиши мумкин. Шу жиҳатларига эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.