Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Юнгсиз, пайпоқ-маҳсиларга масҳ тортса бўладими? 30.12.2016

Савол:

    Ассаламу алайкум Устоз! Бугунги кунда урф булган юпка, ичида юнги йук пайпок Маҳсиларга махс тортиш жоизми.

Фиқҳ 1596

Жавоб:

   Ва алайкум aссалом. Маҳсига масҳ тортиш шартлари бор. Жумладан:

 

1. Маҳси оёққа таҳоратли ҳолда кийилган бўлиши.

 

2. Маҳси теридан қилинган бўлиши.

 

3. Маҳси оёқнинг тўпиғини беркитиб туриши.

 

4. Маҳсининг тўпиқдан пастки қисмида оёқнинг учта кичик бармоқлари сиғадиган даражада йиртиқ бўлмаслиги.

 

5. Маҳси бирон боғичларсиз оёқда турадиган даражада қалин бўлиши.

 

6. Маҳси кийилганда унинг юпқалиги ёки бошқа сабабдан оёқ кўринмайдиган бўлиши.

 

7. Юрган вақтда маҳси оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.

 

8. Маҳси оёққа сув ўтказмайдиган бўлиши.

 

9. Тахминан бир фарсах миқдорида йўл юришга чидамли бўлиши, йиртилиб кетмаслиги керак.

 

    Юпқа маҳси оёқни нопок нарсалардан тўлиқ сақламайди. Аслида масҳ тортиш мумкин бўлиши учун маҳси сафар қилишга яроқли, сув ва чанг ўтказмайдиган бўлиши матлубдир. Маҳсига масҳ тортиш жоиз бўлиши учун уни кийиб одатдаги каби юриш мумкин бўлиши керак. Ҳанафийлар: “Ундай маҳсида бир фарсах ёки ундан кўпроқ масофани босиб ўтиш мумкин бўлиши керак”, дейишган. Агар бу масофани босиб ўтгунча йиртилиб кетадиган бўлса, бундай оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз эмас. Бир фарсах уч мил, ўн икки минг қадамга тенг. Бир мил 1848 метр. Бир фарсах 5544 метрга тенг бўлади.
     Юқорида саналган шартлар мавжуд бўлган маҳсиларга масҳ тортиш жоиз саналади. Валлоҳу аълам! (Манба: “Таҳорат китоби”)