Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Дуода ихлосни пайдо қилиш учун нималарга эътибор бериш керак? 21.12.2016

Савол:

   Ассалому алайкум, Одилхон қори ака. Сизга савол беришдан мақсад бир нарсани аниқлаштириб олиш: кўп китобларда ўқиганман, рамазон ойида, жума кунида, туннинг учдан бири қолганида, ёмғир ёққан пайтда қилинган дуо шубҳасиз ижобат бўлади, дейилган. Аслини олиб қараса, қайси ой ёки қайси кун бўлишидан қатъи назар, мусулмон одамнинг чин дилдан умид билан қилган ҳар қандай дуоси ижобат бўлади...
   Ёшлигимда дуо қилганман. Чин дилдан муҳаббат билан дуо қилиб, бир нарсани сўраганман. Меҳрибон Аллоҳ дуоимни ижобат қилган. Ўша ёшлик пайтимдаги ҳолатни ҳозир пайдо қила олмаяпман. Лекин жуда қаттиқ ҳаракат қиляпман. Барибир умид учқунлари ёнмаяпти. Дуода умид уйғотиш, ихлосли бўлиш учун нимани маслаҳат берасиз?

Жавоб:

    Ва алайкумус салом. Ҳақиқатан, ҳадиси шарифларда маълум вақт ва маконларда қилинган дуо шубҳасиз ижобат бўлиши айтилган. Лекин дуода ихлос жуда муҳим. Аллоҳ ғофил қалб соҳибининг дуосини қабул қилмайди. Агар ижобат вақтлари ва маконларида бўлмай туриб, ихлос билан дуо қилинса, ўша дуо ижобат бўлиши мумкин. Бироқ, ҳадиси шарифларда келган ижобат соатлари ва дуо одобларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ихлос билан дуо қилинса, дуо мукаммал бўлади ва иншоаллоҳ албатта ижобат қилинади. Демак, хоҳ махсус вақт ва жойларда бўлсин, хоҳ исталган вақтда бўлсин, дуо қилишда энг биринчи навбатда ихлосга эътибор бериш керак.
    Хўш, дуода ихлосни қандай пайдо қилиш мумкин? Ўзингиз: “Ёшлигимда дуо қилганимда Аллоҳ ўша дуони қабул қилган”, деяпсиз. Демак, дуода ихлоснинг бир кўриниши қалбни ортиқча нарсалардан фориғ қилган ҳолда Аллоҳга юкинишдир.
   Дуо қилаётганда Аллоҳга ҳамма эҳтиёжларингизни арз қиласиз, ёлғиз Аллоҳ сизнинг мушкулларингизни арита олишига аниқ ишонасиз, дуоларни қабул қилувчи, муаммолар ечимини топишни осонлаштирувчи ҳам Аллоҳ эканини қалбдан тасдиқлайсиз.
    Кейин дуода Аллоҳни кўриб тургандек У Зотга мурожаат қиласиз. Қолаверса, дуойим ижобат бўлармикан ёки йўқ, деган гумонни қалбингиздан буткул чиқариб ташлайсиз. Қилаётган дуойингиз бесамар кетмаслигига ишончингиз комил бўлиши керак.
    Дуо қилаётганда ўзингизни энг ожиз, энг муҳтож одам билиб, кибр, манманлик, ғурур каби иллатларни бир четга суриб қўясиз. Зеро, Аллоҳ мутакаббир кимсаларни яхши кўрмайди, бурни осмонда бўлган бандаларнинг само узра кўтарилган қўллари бўш қайтарилади. Банда камтар бўлса, ўзини Парвардигори олдида хокисор тутса, дуоси ижобат бўлишидан умид қилинади.