Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Қуръон ёдлагани учун мукофот ваъда қилса бўладими? 18.12.2016

Савол:

    Ассалому алайкум. Менда бир нечта саволлар бор эди: намоз ўқиётганимда, Қуръон эшитаётганимда, ўпкам тўлиб кўзимдан ёш қуйилади, ўз-ўзимдан йиғлайвераман. Бунинг сабаби нима бўлиши мумкин? Айтинг-чи, ўғлига, укасига, жиянига: “Агар Қуръон ёдласанг, зўр нарсалар олиб бераман!” деб ваъда берса бўладими?

Жавоб:

   Ва алайкум ассалом. Намоз ўқиганда, Қуръон тиловат қилганда қалб юмшайди. Шунинг учун, киши йиғига мойиллик сезади. Бу нарсанинг тил, миллат ва ирққа ҳеч қандай дахли йўқ. Ким бўлишидан қатъи назар, Қуръон эшитган инсон беихтиёр таъсирланади. Сизнинг йиғлашингиз боиси шу.
   Қуръон ўқиётган, ёдлаётган инсоннинг нияти холис бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб айтамиз, фақат мусобақаларда қатнашиб, одамлар таҳсинига сазовор бўлиш, ёки моддий фаровонликка эришиш мақсадида Қуръон ёдланмайди. Бироқ, Аллоҳ розилиги учун Қуръон ёдлаган қори ўзини синаб кўриш мақсадида мусобақаларда қатнашиб, совринни қўлга киритишга ҳаракат қилса бўлади. Муҳими асосий мақсад моддий манфаат бўлиб қолмаслиги керак.
    Сиз шундай йўл тутингки, Қуръон ёдламоқчи бўлган инсон бутун вужуди билан ишга берилиб кетсин. Кейинчалик ваъда қилинган мукофот ҳақида ўйламай қўйсин. (Манба: “Қуръон – қалблар шифоси”).