Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Саййидул истиғфор шарҳи 01.12.2016

Савол:

     Ассалому алайкум. Саййидул истиғфор ҳақида хос рисола ёзган, уни шарҳ қилган уламолар ҳам бор экан. Мана шу истиғфор дуоси ривоят қилинган ҳадисни уламоларимиз қандай шарҳ қилишган? Мен эрталаб ва кечқурун бу дуони ўқишни одат қилганман. Илтимос, мана шу дуо келган ривоятни шарҳи билан бизларни таништириб ўтсангиз!

Ақида 1740

Жавоб:

    Ва алайкум ассалом. Биз қуйида саййидул истиғфорнинг арабий матни, ҳадис таржимаси ва қисқача шарҳини келтирамиз. 

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَيِّدُ الاسْتِغْفَارِ أَنْ تَقُولَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلا أَنْتَ. قَالَ: وَمَنْ قَالَهَا مِنْ النَّهَارِ مُوقِنًا بِهَا فَمَاتَ مِنْ يَوْمِهِ قَبْلَ أَنْ يُمْسِيَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ وَمَنْ قَالَهَا مِنْ اللَّيْلِ وَهُوَ مُوقِنٌ بِهَا فَمَاتَ قَبْلَ أَنْ يُصْبِحَ فَهُوَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ. 

 

    Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Саййидул истиғфор “Аллоҳумма анта роббий, лаа илааҳа иллаа анта холақтаний, ва ана ъабдук, ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, аъувзу бика мин шарри маа сонаъту, абуъу лака биниъматика ъалайй, ва абуъу лака бизамбий, фағфирлий фаиннаҳув лаа яғфируз зунувба илла ант”, дейишингдир. Ким (ушбу истиғфорни) кундузи аниқ ишонган ҳолда айтса ва ўша куни кеч кирмасидан аввал вафот этса, жаннат аҳлидандир. Ким уни кечаси аниқ ишонган ҳолда айтса ва тонг отгунича вафот этса, жаннат аҳлидандир” (Бухорий, Сунан соҳиблари, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). 
    Ривоятда келган истиғфорнинг маъноси: “Ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратгансан. Мен Сенинг бандангман. Кучим етганича Сенга берган аҳдим ва ваъдамда туряпман. Мен ўзим қилган ишлар ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларингни эътироф этаман. Гуноҳларимни тан оламан. Бас, мени кечир! Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечирасан”. 

 

“Саййидул истиғфор...” 
     

 

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисда унинг саййидул истиғфор дейилишига сабаб бўладиган ажойиб маънолар ва чиройли лафзларни жамлаганлар. Унда Аллоҳнинг Якка Илоҳлиги ва фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш лозимлиги эътироф этилмоқда, Унинг Яратувчи экани, Аллоҳ бандаларидан олган аҳди, бандаларига берган ваъдаси зикр қилиниб, банда ўзи қиладиган жиноятлардан паноҳ сўралмоқда. Неъматлар Аллоҳга нисбат берилиб, гуноҳларни банданинг ўзи қилиши айтилмоқда. 
    Тийбий шундай деган: “Бу дуо тавбанинг барча маъноларини жамлагани учун “саййидул истиғфор” дейилади. Саййид аслида ҳожатлар арз қилинадиган, ишлар ҳавола этиладиган раисдир” (Ибн Ҳажар, “Фатҳул борий”). 
    Аҳмад ва Насоий ривоятида “албатта саййидул истиғфор банданинг ... дейишидир”, дейилган. Термизий Шаддоддан нақл қилган ривоятда “сени саййидул истиғфорга далолат қилайми?”, Насоий Жобирдан келтирган ривоятда эса “саййидул истиғфорни ўрганиб олинглар!” дейилган. Яна бир ривоятда “истиғфорнинг энг афзали” деб келтирилган. 
   

 

“Аллоҳумма анта роббий – ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан”. 

 

    Яъни, эй Аллоҳ, Сен Менинг Парвардигоримсан. Сенинг яккалигингга имон келтираман. “Лаа илааҳа иллаа анта холақтаний, ва ана ъабдук – Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан. Мен Сенинг бандангман”. Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен мени йўқдан бор қилгансан. Сен ягонасан, Ёлғизсан. Мен фақат Сенгагина ибодат қиламан, фақат Сени “Раббим”, дейман. “Ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту – кучим етганича Сенга берган аҳдим ва ваъдамда туряпман”. 
     Мен тоқатим етганича Сенга ихлос билан ибодат қилиш ва имонимда содиқ қолишга ҳаракат қиламан. Сен буюрган ишларни бажаришга ва қайтарганларингдан тийилишга ҳаракат қиламан. Бу ерда ҳеч бир банда Аллоҳга мукаммал суратда бандалик қилолмаслиги, ўзига берилган неъматларга муносиб тарзда шукр қилолмаслиги тан олинмоқда. 
       “Аъувзу бика мин шарри маа сонаъту, абуъу лака биниъматика ъалайй, ва абуъу лака бизамбий, фағфирлий фаиннаҳув лаа яғфируз зунувба илла ант – мен ўзим қилган ишлар ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларингни эътироф этаман. Гуноҳларимни тан оламан. Бас, мени кечир! Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечирасан”. 
     Мен ўзим қилган гуноҳлар ёмонлигидан, уларнинг зараридан паноҳ беришингни сўрайман. Менга ҳисобсиз неъматлар бергансан. Буни эътироф этаман. Шунингдек, гуноҳкорлигимни ҳам тан оламан. Мен ожиз бандангман, хатоларим кўп. Шундай экан, менинг гуноҳларимни мағфират қил. Зеро, фақат Сен гуноҳларни кечира оласан. Сендан ўзгаси бу ишга қодир эмас! 
     Халқда “эгилган бошни қилиқ кесмас” деган нақл бор. Аллоҳ бандасига Меҳрибон. Қайси банда гуноҳ содир этиб, ўзини паст олиб, гуноҳига иқрор бўлса, Аллоҳга қалбдан юзланса, У Зот ўша банданинг гуноҳини, албатта кечиради. 
    “Ким (ушбу истиғфорни) кундузи аниқ ишонган ҳолда айтса ва ўша куни кеч кирмасидан аввал вафот этса, жаннат аҳлидандир. Ким уни кечаси аниқ ишонган ҳолда айтса ва тонг отгунича вафот этса, жаннат аҳлидандир”. 
    Ким бу истиғфорни қалбдан, ихлос билан, унинг савобидан умид қилган ҳолда тонгда айтса, агар кечгача унинг қазоси етса, жаннатга киради. Агар ким ушбу истиғфорни кечаси айтса-ю, тонггача Аллоҳ ўша бандани вафот эттирса, ўша банда ҳам жаннатга киради. 
    “Ҳошиятус синдий”да: “Яъни, биринчилардан бўлиб киради. Зеро, ҳар бир мўмин имони сабабидан жаннатга киради. Бу Аллоҳ таолонинг фазлидир”, дейилган. “Ҳошиятус суютий”да эса: “Бу истиғфорни айтмаган мўмин ҳам жаннатга киради. Аммо ким уни айтса, биринчилардан бўлиб, жаҳаннамни кўрмай туриб жаннатга киради”, дейилган. 
     Демак, саййидул истиғфорни тонгда ва кеч кирганда айтишни одат қилиш яхши. Бу билан банда гуноҳлардан фориғ бўлади, қалби покланади, Аллоҳга яқинлашади, қолаверса, вафотидан кейин жаннатга киришига сабаб амални қилган бўлади.