Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Чилла ўтириш шариатда борми? 01.11.2016

Савол:

    Ассалому алайкум. Менда бир масала юзасидан савол туғилиб қолди. Халқимиз орасида жуда кенг тарқалган бир одат бор. У ҳам бўлса “чилла”дир. Масалан, мен ёшлигимдан бу ҳақида эшитганман. Кўпчилик уни 40 кунлик бўлади, дейишса, айримлар 3 кунлик 15 кунлик бўлади, дейишади. Мен шу атамага, унинг келиб чиқишига эътибор қаратдим. Топган маълумотларимда “чилла”нинг Ҳиндистон ва Эронда пайдо бўлган диний одатлигини, бу сўз форсча “чиҳл – қирқ” сўзидан олингани, бу инсоннинг 40 кун мобайнида бир жойда ҳеч нарса емай-ичмай ўтириши эканини билдим. Бу буддавийлик одатларига ўхшаяпти, назаримда. Яна Аллоҳга аён. Сиздан сўрамоқчи бўлганим шуки, динимиз Исломда бу ҳақида бирор тушунча мавжудми?

Булим Фиқҳ
17667
Жавоб:

   Ва алайкум aссалом. Динимизда “чилла ўтириш” деган алоҳида тушунча йўқ. Аммо ёлғиз қолиш, одамлардан айро ҳолда зикр ва ибодат билан шуғулланиш бор. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан олдин Ҳиро ғорида “таҳаннус” номли ибодат билан машғул бўлганлар. Орада таом ва ичимлик олиш мақсадида уйларига келиб турардилар (бундан чилла ўтирган одам таом ва ичимлик ичмайди, деган тушунча бекор экани англашилади). У зот пайғамбар бўлганларидан кейин рамазон ойларида эътикоф ўтирганлари маълумдир. Эътикоф масжиддан чиқмай, аёлига яқинлашмай Аллоҳга ибодат қилиш, зикр-тасбеҳ айтиш билан бўлади.
Чилла ўтириш тасаввуф намоёндалари ва аҳли илмлар орасида кенг тарқалган. Холи қолиш, фикрни бир жойга жамлаш лозим бўлганида чилла ўтириш жоиздир. Бунинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқ.
    Баъзи ривоятларда инсон қирқ кун мобайнида Аллоҳга ихлос билан холис ибодат қилса, ундай инсоннинг қалбидан ҳикмат чашмалари тилига оқиб чиқиши, зикр қилинган. Жумладан, Макҳулдан ривоят қилинади: Менга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деган эканлар: “қайси бир банда, қирқ тонг (мобайнида ибодатни) Аллоҳ учун холис қилса, албатта, ҳикмат булоқлари унинг қалбидан тилига зоҳир бўлур” (Ибн Абий Шайба “ал-мусаннаф”да ривоят қилиб келтирган). Ушбу ҳадис бирқанча йўллар орқали ва бирқанча манбаларда келтирилган. Аммо, уламолар уларнинг санади заиф эканлигини қайд этадилар. Аммо, ҳадис санади заиф бўлсада, қўшимча савоб умидида унга амал қилишнинг зарари йўқ, билъакс, фойда бор. Эҳтимол, тасаввуф намояндалари чилла ўтириш деган нарсани мазкур ривоят асосида жорий қилган бўлишлари мумкин. Ундан ташқари, динимизда Аллоҳ билган ҳикмат туфайли Ояти карималар ва шарафли ҳадисларда айрим рақамларга кўп бора мурожаат қилинганлигининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, қирқ рақами ҳам шундай рақамлар сирасига киради. Бу нарсалар мазкур рақамларнинг ишлатилишида қандайдир ҳикмат яширинганлигига далолат қилсада, аммо, у сирнинг моҳияти бизнинг ақлимиз қамровида эмас. Шу боисдан эҳтимол қадимги тасаввуф аҳли ва аҳли илмлар бирор хайрли ишни қирқ кун мобайнида бажаришни ёхуд қирқ марта бажаришни юқоридаги ривоят ва қирқ рақамининг кўп ишлатилганидан келиб чиқиб, табаррукланиш мақсадида йўлга қўйган бўлишлари ҳам мумкин. Касал одамга Ёсин сурасини қирқ марта ўқилишини бунга мисол қилишимиз мумкин. Аслида, Қуръон ёки Суннатда касал кишига қирқ марта Ёсин сураси ўқилсин, деган жойи йўқ. Аммо, Ёсинс урасининг фазилати ҳамда юқорида зикр қилинган айрим латиф сабаблардан келиб чиқиб, уламоларимиз бу сурани қирқ марта ўқишни хуш кўрган бўлишлари керак. Аммо, илло-да қирқ марта ўқилиши лозим, бўлмаса фойдаси бўлмайди, дейиш ҳам тўғри эмас. Шунингдек, фақат Ёсин сурасини ўқиш наф беради, деб ўйлаш ҳам дуруст эмас. Зеро, Қуръони каримнинг ҳаммаси шифодир, гарчи баъзи оятлар бошқаларига қараганда руқя учун ўқиш афзалроқ бўлса ҳам.
   Демак, Динимизда банданинг маълум жойда холи қолиб, ибодат билан машғул бўлиши бор. Бу ишдан қайтарилмаган, шарт ҳам қилинмаган. Хоҳлаганлар шундай қилишлари мумкин. Масалан, руҳий тарафдан комилликка эришишни хоҳлаган, гуноҳлардан тийилиш ниятидаги ёки илм олиш, Қуръон ёдлаш мақсадида бўлганлар алоҳида жойда ёлғиз қолишлари жоиз. Бироқ бундан мақсад руҳий етукликка эришиш ёки илм олиш бўлиши керак. Дунёдан буткул юз ўгириш, таркидунё қилиш, роҳибчилик Динимиз таълимотларига зид. Яна чилла ўтириш тирикчиликни ташлаш, аҳли аёлига бепарво бўлиш, одамлардан бутунлай юз ўгириш эвазига бўлмаслиги керак. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216964
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Чилла ўтириш шариатда борми? 01.11.2016

Ассалому алайкум. Менда бир масала юзасидан савол туғилиб қолди. Халқимиз орасида жуда кенг тарқалган бир одат бор. У ҳам бўлса чилладир. Масалан, мен ёшлигимдан бу ҳақида эшитганман. Кўпчилик уни 40 кунлик бўлади, дейишса, айримлар 3 кунлик 15 кунлик бўлади, дейишади. Мен шу атамага, унинг келиб чиқишига эътибор қаратдим. Топган маълумотларимда чилланинг Ҳиндистон ва Эронда пайдо бўлган диний одатлигини, бу сўз форсча чиҳл қирқ сўзидан олингани, бу инсоннинг 40 кун мобайнида бир жойда ҳеч нарса емай-ичмай ўтириши эканини билдим. Бу буддавийлик одатларига ўхшаяпти, назаримда. Яна Аллоҳга аён. Сиздан сўрамоқчи бўлганим шуки, динимиз Исломда бу ҳақида бирор тушунча мавжудми?

17667