Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Хавф ва ражо моҳияти нима? 10.10.2016

Савол:

Ассалому алайкум Устоз, аҳволларингиз яхшими? Устоз мен ақидаи таҳовияни ўқиётиб бир нарсага тушинмадим. Иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз: “Мўъминларнинг гуноҳкорлари ҳаққига истиғфор айтамиз. Уларга Аллоҳнинг азоби бўлишидан хавфсираймиз. Аммо уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш ва раҳматидан ноумид бўлиш исломдан бегона қилиб қўяди. Ҳақиқат умид ва қўрқув ўртасидадир”. Шу ердаги ҳақиқат қандай ҳақиқат? Қандай қўрқув ва умид ҳақида гапирганлар. Устоз жавоб учун олдиндан раҳмат. Бизни ҳам дуоларингизда унутманг!

Жавоб:

Ва алайкумус салом. Аллоҳ таоло айтади: “Бандаларимга Ёлғиз Мениниг Ўзим мағфиратли, меҳрибон эканимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!” (Ҳижр, 49-50). Яъни, эй Муҳаммад, бандаларимга Мен раҳмат ва мағфират соҳиби эканимни, айни пайтда Менинг азобим жуда қаттиқ ва аламли эканини айтинг, деб амр қилмоқда Аллоҳ таоло.
     Ушбу оят ҳар бир мўмин банданинг хавф ва ражо, қўрқув ва умид орасида туриши лозимлигига далолат қилади. Яна бошқа ояти каримада шундай дейилган: “Ёки кечаси сажда қилган ва тик ҳолда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-мағфиратидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса тенг бўладими?!)” (Зумар, 9).
    Мусъаб ибн Собит розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир-бири билан ҳазиллашиб, кулишаётган саҳобалар олдидан ўтдилар ва: “Жаннатни эсланглар, жаҳаннамни эсланглар”, дедилар. Шунда Ҳижр сурасининг 49-50 оятлари нозил бўлди” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
     Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ саҳобалар олдига чиқдилар. Улар суҳбатлашиб ўтиргандилар. Шунда у зот: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлардингиз”, дедилар. У зот кетганларидан кейин Аллоҳ ваҳий қилиб, “Эй Муҳаммад, нега бандаларимни ноумид қиласан?” деди. Шунда у зот қайтиб келиб, “Хурсанд бўлинглар, доим Аллоҳга муроқабада бўлинглар, тўғри йўлда юринглар!” дедилар” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
    Қатода розийаллоҳу анҳу юқоридаги оят ҳақида ривоят қилади: “Бизга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар банда Аллоҳ таолонинг авф-мағфирати қай даражада эканини билганида, ўзини ҳаром (гуноҳ) ишлардан тийиб тура олмасди. Агар у Аллоҳ таолонинг азоби қай даражада (даҳшатли) эканини билганида, ўзини йиғиб олган бўларди”, деганлари ривоят қилинди” (Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
    Демак, мўмин банда Аллоҳ таоло буюрган амалларни сидқидилдан бажаради, У Зотнинг раҳматидан умидвор бўлади. Айни пайтда гуноҳлардан тийилади, ҳаром ишлардан ўзини сақлайди, маъсият туфайли Аллоҳнинг азобига йўлиқишдан қўрқади. Мана шуни хавф ва ражо орасида туриш дейилади.