Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Ёшаришга ҳаракат қилиш жоизми? 27.09.2016

Савол:

Ассалому алайкум, қори ака! Хабарингиз бўлса, “Тикланиш дебочаси. Тибет ламаларининг қадимги амалиёти, ёшартириш сир асрорлари” деган китоб тарқаляпти. Бу усуллар катта ёшлиларга қўл келмоқда. Ёшариш умиди қайта уғонмоқда. Шу тўғрими?

Булим Ижтимоий масалалар
5362
Жавоб:

Ва алайкум aссалом. Ислом шариатида бандалар соғ-саломат бўлишга, узоқ умр кўриб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб қилинади.

 

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيُحْرَمُ الرِّزْقَ بِالذَّنْبِ يُصِيبُهُ وَلاَ يَرُدُّ الْقَدَرَ إِلاَّ الدُّعَاءُ وَلاَ يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ. رَوَاهُ أَحْمَدُ فِي الْمُسْنَدِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.

 

    Савбон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради” (Аҳмад “Муснад”да, Табароний “Кабийр”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
    Инсон умри у қилган яхши амаллар сабабидан узаяди. Сабаби қилинган яхшилик унинг умрига барака киргизади. Яхшилик кўрган одам унинг ҳаққига дуода бўлади. Одамлар дуосини олиш, қалбни ёмон ўй-фикрлардан сақлаш киши умри узоқ бўлишига сабабдир.

 

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ خَيْرُ النَّاسِ قَالَ: مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

 

    Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинишича, бир аъробий: “Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг яхшиси ким?” деб сўради. У зот: “Кимнинг умри узун ва амали чиройли бўлса (ўша одамларнинг энг яхшисидир)”, дедилар (Термизий, Аҳмад ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Ушбу ривоятга кўра, қайси банданинг умри узун ва қилган ишлари яхши бўлса, у одамлар ичидаги энг афзалидир. Сабаби у узоқ умри давомида жуда кўп эзгу амалларни бажариб, кўпчиликка манфаат етказган, қолаверса, охирати учун заҳира тайёрлаган бўлади. Шундан маълум бўладики, мўмин банда соғлом бўлишга, узоқ яшашга ва яхши амалларни қилишга ҳаракат қилиши жоиз ва марғубдир.
    Узоқ яшашдан мақсад дунёда кўпроқ лаззатланиш, кайфу сафо қилиш бўлмаслиги керак. У ҳолда минг йил яшашнинг ҳам фойдаси йўқ. Муҳими озми-кўпми мазмунли ҳаёт кечиришга, имон-эътиқод билан яшашга интилиш лозим.

 

وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَعَوَّذُ يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ الْكَسَلِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الْجُبْنِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الْهَرَمِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ الْبُخْلِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

 

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Эй Аллоҳ, мен Сендан дангасаликдан паноҳ сўрайман, қўрқоқликдан паноҳ сўрайман, қариликдан (ожизликдан) паноҳ сўрайман, бахилликдан паноҳ сўрайман”, деб айтардилар (Бухорий ва Насоий ривояти).
    Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариб, ожиз қолишдан, бирон ишга ярамай қолишдан паноҳ сўраганлари айтилмоқда. Демак, ўта қариб, қартайиб, жисмоний ҳаракатдан ожиз қолишдан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилиш керак. Бу йўлда ёшариш, соғлиқни сақлаш учун ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Бошқа бир ривоятда кучли мўмин кучсиз мўминдан афзаллиги айтилган.
    Хулоса қиладиган бўлсак, ёшаришга, ёшликни узоқ вақт сақлаб қолишга ҳаракат қилиш жоиз. Агар яхши ниятда қилинадиган бўлса, бу ҳаракат учун ҳам савоб олинади. Аммо бу ишни ҳалол усуллар билан амалга ошириш керак. Динимиз таъқиқлаган, нопок нарсаларни истеъмол қилиш, номаъқул машқ ва усуллар билан ёшаришга ҳаракат қилиш жоиз эмас. Мен тибетликлар бу борада қандай усулларни тавсия қилишганини билмайман. Нима бўлганда ҳам улар ичидан шариатга мувофиғини олиш жоиз бўлса керак. Валлоҳу аълам!

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216304
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Ёшаришга ҳаракат қилиш жоизми? 27.09.2016

Ассалому алайкум, қори ака! Хабарингиз бўлса, Тикланиш дебочаси. Тибет ламаларининг қадимги амалиёти, ёшартириш сир асрорлари деган китоб тарқаляпти. Бу усуллар катта ёшлиларга қўл келмоқда. Ёшариш умиди қайта уғонмоқда. Шу тўғрими?

5362