Саволлар ва жавоблар

 

Мавзу:

Эркак кўнгил қўйган аёли билан жаннатда бирга бўладими? 22.09.2016

Савол:

Ассалому алайкум, устоз. Мен юрагимдаги бир саволга ҳеч қаердан тўлиқ жавоб ололмаяпман. Саволим шундай: мен бир қизни яхши кўраман, лекин у бошқаси билан турмуш қуриб кетган. У ҳам мени яхши кўради. Аммо ҳозир орамизда ҳеч қандай муносабат йўқ. Мен уни ҳақиқатдан қаттиқ яхши кўраман. Китобларда келадики, жаннатда ҳар бир инсон ҳаётлик даврида яшаган инсонлари билан яшайди (ҳурлардан ташқари демоқчиман). Агар у аёл бўлса, бир нафар эркак билан ёки икки эркак билан турмуш қурган бўлса, улардан энг солиҳини танлайди, дейилган. Демак, мен яхши кўрган қизимдан абадиятга айрилдимми? Мен ҳаётлик давримда у билан никоҳ қурмаган бўлсам ҳам уни жаннатда никоҳимга ололаманми? Илтимос, шу саволга аниқроқ жавоб беринг!

Ақида 5425

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Жаннатда ҳар бир одамнинг жуфти бўлади. У ерда бўйдоқ бўлмайди. Хабарларда бу дунёда эр-хотин бўлганлар жаннатда ҳам шундай бўлиши, бунинг устига эркакларга ҳурлардан никоҳлаб қўйилиши айтилган.
    Агар хотин икки ёки ундан кўп эркакка турмушга чиққан бўлса, ва барчалари жаннатга тушсалар, у жаннатда эрларининг қай бири билан бўлиши ҳақида турли қавллар айтилган. Жумладан:

 

1. Жаннатда уларнинг энг охиргиси билан яшайди.

 

2. Жаннатда улар ичидан энг яхшироғи, солиҳроғи, ўзи ёқтиргани билан яшайди.

 

      Агар аёл турмушга чиқмасдан вафот этган бўлса ёки эри жаннатга кира олмаса, у ҳолда жаннатдаги бошқа эркаклардан бирига никоҳланади, дейилади. Сиз оилали бўлган ўша аёлдан кўнгилни узинг. Сабаби бу яхшиликка олиб бормайди. Муҳаббат нафс билан боғлиқ нарса. Сиз у аёлни солиҳа ёки ибодатли, ҳаёли бўлгани учунгина яхши кўрмайсиз, тўғрими? Демак, сизнинг унга бўлган муҳаббатингиз нафсга асосланган. Шундай экан, сиз бировнинг никоҳидаги аёлдан умид қилиш ўрнига ўз аёлингиз билан яхши яшашга ҳаракат қилинг. Шариатнинг буйруғи шу.