Сўраган эдингиз?
Ассалому алейкум
Мавзу:

Ёқтирган “қизи”ни онаси олиб бермаса... 13.09.2016

Савол:

Ассалому алайкум. Сизга бир саволим бор эди. Жуда иккиланиб қолдим, нима қилишни билмаяпман: бир қизга кўнгил қўйгандим. Мана вақти-соати келиб, уйдагиларга ҳам айтдим. Отамга фарқи йўқ. Аммо онам... совчиликка бориб келдилар... Нима эмиш, қиз олий маълумотли эмас экан, оиласи камбағал экан... Мен ҳайронман: инсон имон-этиқоди билан азиз бўлмайдими?! Онамлар “у қизни олиб бермайман”, деб оёқ тираб туриб олганлар. Мен бўлса, тўйга тайёргарлик кўриб юргандим.
     Қизнинг бўйи етиб қолган. Дадаси “бошқасига бериб юбораман”, деяётган экан. Ҳар куни “нима бўларкин”, деб қўрқувда юраман. Аллоҳдан илтижо қилиб сўрамоқдаман... Шариатда бундай ҳолатда нима қилиш керак? Маслаҳат беринг! Ҳозир мен орқага чекинсам, қўрқоқнинг ишини қилган бўламан! Илтимос, саволимга мукаммалроқ жавоб берсангиз!

Булим Маслаҳат
8390
Жавоб:

Ва алайкум aссалом. Аслида йигит ўзи уйланаётган қизни кўриши, ёқтирсагина унга совчи қўйиши мумкин. Аммо тўйдан олдин икки ёш гувоҳларсиз гаплашиб, бир-бирларини “синов”дан ўтказишлари мутлақо жоиз эмас. Тўғри, уйланиш арафасида бирон қизни кўз остига олиб, унга уйланишни ният қилиш мумкин. Аммо орага шариат қайтарган ишлар қўшилиб кетмаслиги керак. Бу масаланинг биринчи жиҳати. Кейин, аслини олганда, никоҳда ота-онанинг ўрни муҳим саналмайди. Яъни, никоҳ тўғри бўлиши учун ота ёки онанинг розилиги шарт эмас. Уларнинг розилигисиз ҳам бошқа шартлар мавжуд бўлса, никоҳ тўғри бўлаверади. Аммо динимизда ота-онанинг розилиги устун экани, Аллоҳга ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга буюрилганини инобатга олсак, никоҳда уларнинг розилигини олиш ҳам кераклиги маълум бўлади. Яъни, уйланаётган йигит ёки турмушга чиқаётган қиз, албатта ота-онаси розилигини олади. Улар қарши бўлишса ҳам ёқтирган “қиз”ига уйланиш ёки “йигити”га тегиб кетавериш Исломга зид, балки тагидан чириб бораётган оммавий маданиятга хос иллат саналади. Биз Европага тақлидан ўз хоҳишимизни ҳамма нарсадан устун қўймаслигимиз керак Шундай экан, бунда ота-онанинг раъйига ҳам қаралади. Тўғри, никоҳда йигит ва қизнинг ҳуқуқлари таъминланади, ҳеч ким ўзига ёқмаган одамга турмушга чиқмайди ёки уйланмайди, аммо барибир бунда ота-онанинг розиликлари билан иш тутиш керак.
    Яна бир нарса: никоҳда тенглик масаласи бор. Масалан, сиз илмли, олий маълумотли бўлиб, қиз таълим кўрмаган бўлса ҳам кейинчалик орада тушунмовчилик чиқиши, ҳатто оила бузилиб кетиши мумкин. Шу сабаб, ҳатто икки оиланинг иқтисодий ҳолати ҳам тенг бўлиши маъқул кўрилади. Аслида никоҳ тўғри бўлиши, икки ёшнинг бахтли бўлишлари учун бойлик, ҳусн, илм кабилар шарт эмас. Бироқ имон ва одоб-ахлоқ билан бир қаторда илм, маълумот, касб-ҳунар ва бошқа жиҳатлар ҳам тенг бўлса, қуриладиган оила мустаҳкам бўлади.
     Сизга маслаҳатимиз, ўша қиз ҳақиқатан ўзингизга муносиб ва маъқул бўлса, буни ота-онангизга ётиғи билан тушунтиринг. Вазиятни тушунсалар, совчиликка бориб, сўраб-суриштириш, икки тарафнинг бир-бирига тўғри келиш ё келмаслигини аниқлаш мумкин бўлади. Аммо ота-онангиз “бу қизни сенга олиб бермаймиз”, дейишса, уларни ранжитишдан эҳтиёт бўлинг...
     Агар сиз “ёқтирган” қиз онангизга маъқул келмаса, кейинги ҳаётингизни ҳам ўйланг. Чунки онангиз қаршилигига қарамай ўша қизни никоҳлаб олган тақдирингизда ҳам хотиржам, тинч-омон ҳаёт кечириш мушкул бўлади. Шуларни ҳисобга олиб, аввало ўзингизга, қолаверса, ота-онангизга маъқул қизни танланг. Аниқроқ айтадиган бўлсак, онангизга маъқул келган қизлар ичидан ўзингизга ёққанига уйланинг. Зеро, дилхираликдан кўра ўзаро розилик билан тўй қилинса, яхши бўлади.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216331
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Ёқтирган “қизи”ни онаси олиб бермаса... 13.09.2016

Ассалому алайкум. Сизга бир саволим бор эди. Жуда иккиланиб қолдим, нима қилишни билмаяпман: бир қизга кўнгил қўйгандим. Мана вақти-соати келиб, уйдагиларга ҳам айтдим. Отамга фарқи йўқ. Аммо онам... совчиликка бориб келдилар... Нима эмиш, қиз олий маълумотли эмас экан, оиласи камбағал экан... Мен ҳайронман: инсон имон-этиқоди билан азиз бўлмайдими?! Онамлар у қизни олиб бермайман, деб оёқ тираб туриб олганлар. Мен бўлса, тўйга тайёргарлик кўриб юргандим. Қизнинг бўйи етиб қолган. Дадаси бошқасига бериб юбораман, деяётган экан. Ҳар куни нима бўларкин, деб қўрқувда юраман. Аллоҳдан илтижо қилиб сўрамоқдаман... Шариатда бундай ҳолатда нима қилиш керак? Маслаҳат беринг! Ҳозир мен орқага чекинсам, қўрқоқнинг ишини қилган бўламан! Илтимос, саволимга мукаммалроқ жавоб берсангиз!

8390