Сўраган эдингиз?
Савол беринг
Ассалому алейкум
Мавзу:

Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси 10.09.2016

Савол:

    Ассалому алайкум, Одилхон қори ака! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутган эканлар. У қандай тартибда тутилади? Бир биродаримиздан: “Нафл рўзаси қандай тутилади?” деб сўраганимда, у: “Агар биров меҳмонга (зиёфатга) таклиф қилса, нафл рўзани очиш мумкин” деганди. Мен бир куни ишхонага нафл рўза тутиб келганимда, жамоани меҳмонга (ақиқага) айтиб келишди. Мен рўзамни очиб уларга қўшилиб зиёфатга бордим. Биродаримиз аҳволимдан хабар топиб, “Мезбон сизни шахсан таклиф қилмаган, бормасангиз ҳам хафа бўлмасди. Шунинг учун бошқа куни рўзангизнинг қазосини тутиб берасиз” деди. Илтимос, мана шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз!

Булим Фиқҳ
52699
Жавоб:

    Ва алайкум aссалом. Рамазон ойида тўлиқ бир ой рўза тутиш фарз бўлса, бошқа кунларда рўза тутиш суннат ёки мустаҳаб саналади. Жумладан, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш суннатдир. 

 


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِي وَأَنَا صَائِمٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Амаллар душанба ва пайшанба кунлари кўрсатилади. Менинг амалларим рўзадор ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман” (Термизий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Демак, душанба ва пайшанба кунлари банданинг қилган амаллари Аллоҳга кўрсатилади. Бундай ҳолатда банданинг рўзадор бўлиши мақсадга мувофиқдир. 
     Бошқа ривоятларда банда амаллари душанба ва пайшанба кунлари кўрсатилиши, биродари билан орада гина-кудурати бўлмаган барча бандалар гуноҳи кечирилиши айтилган. 

 

وَعَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صَوْمَ الاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. 

 

     Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба куни рўзасини топишга ҳаракат қилардилар” (Термизий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба куни рўзасига ўзгача эътибор билан қарар, у кунларда рўза тутиб, савобга эришишга ҳаракат қилардилар. 
     Нафл рўза тутган одам Аллоҳнинг розилигини талаб қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилган, ўзини жаҳаннамдан узоқлаштирган, нафси устидан ғалаба қозонган бўлади. Хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин, рўза тутишнинг фойдалари жуда кўп. Аммо Рамазон рўзаси билан чекланиб қолмай, бошқа вақтларда ҳам рўза тутиб юрганлар манфаатларга кўпроқ эришадилар. 
      Фарз ва нафл рўзаларнинг умумий ва ўзига хос жиҳатлари бор. Масалан, Рамазон ойида тутиладиган фарз рўзани жиддий бир сабабсиз очиб юбориш мумкин эмас. Аммо нафл рўзада рўзадорнинг хоҳиши ўз қўлида, хоҳласа, рўзасини очиб юбориши мумкин. Лекин, барибир, бирор узрсиз очиб юбориш ҳам тўғри эмас.Масалан, нафл рўза тутаётган одамнинг уйига меҳмон келди, агар у билан ўтириб таомдан бирга тановул қилмаса ранжиб қолиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатларда меҳмоннинг кўнгли оғриб қолиши эҳтимоли туғилса, мазкур нафл рўзасини бузади. Аммо нафл рўзани очиб юборган одам унинг қазосини тутиб бериши вожиб саналади. Чунки, нафл амал аслида фарз бўлмасада, уни ўзига лозим қилиб, ўша амалга киишгандан сўнг уни тамомига етказиш зиммада вожиб бўли қолади. 
     Нафл рўзани ҳар қандай кунда тутса бўлади. Аммо ёлғиз жума кунини хослаб рўза тутишдан қайтарилган. Яна ийд кунлари, ташриқ кунлари рўза тутилмайди. Сабаби бу кунда мусулмонлар байрам қилади. Байрам егулик ва ичимликларсиз бўлмайди. Шу маънода байрам кунларида рўза тутишдан қайтарилган. Валлоҳу аълам! 

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 216195
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси 10.09.2016

Ассалому алайкум, Одилхон қори ака! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутган эканлар. У қандай тартибда тутилади? Бир биродаримиздан: Нафл рўзаси қандай тутилади? деб сўраганимда, у: Агар биров меҳмонга (зиёфатга) таклиф қилса, нафл рўзани очиш мумкин деганди. Мен бир куни ишхонага нафл рўза тутиб келганимда, жамоани меҳмонга (ақиқага) айтиб келишди. Мен рўзамни очиб уларга қўшилиб зиёфатга бордим. Биродаримиз аҳволимдан хабар топиб, Мезбон сизни шахсан таклиф қилмаган, бормасангиз ҳам хафа бўлмасди. Шунинг учун бошқа куни рўзангизнинг қазосини тутиб берасиз деди. Илтимос, мана шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз!

52699