Намоз вақти чиқиши хавфи таяммумга сабаб бўладими? 30.08.2016
Савол:Ассалому алайкум. Жунуб киши бомдод намози вақтининг охирида уйғонса-ю, сув иситиб ғусл қилишга вақт қолмаган бўлса, таяммум билан намоз ўқиши мумкинми?
Булим Ибодат масалалари4786
Ва алайкум ассалом. Қуйидаги омиллар таяммумга сабаб бўлади:
1. Сувнинг йўқлиги.
2. Сув ишлатишга қодир бўлмаслик.
3. Қаттиқ совуқ.
4. Ийд ва жаноза намозларини ўтказиб юбориш хавфи.
5. Душман ёки ваҳший ҳайвон сабаб сувнинг олдига боролмаслик.
6. Қудуқдан сув олиш учун пақир ёки арқон йўқлиги.
7. Ўта зарур эҳтиёжи бўлиб, таҳоратга сув етмаслиги.
Ҳанафий мазҳабининг жумҳур уламолари наздида, намоз вақти чиқиб кетиш хавфи таяммумга сабаб бўлолмайди. Чунки бунда таяммум қилишга етарли сабаб топилмаяпти. Киши намозни қазо қилмасликка аввалроқ ҳаракат қилиши лозим эди. Ҳафсаласизлик, лоқайдлик каби банданинг ўзига боғлиқ бўлган омиллар таяммумга сабаб бўлмайди. Ундан ташқари, сув бўла туриб вақтида ғусл қилмаган киши то ғусл қилгунича намози қазо бўлса ҳам у инсонда мазкур намознинг қазосини ўқиш имконияти мавжуд бўлади. Шу боис, мазкур намоз шунчаки йўқ бўлиб кетмайди, балки, фиқҳий таъбир билан айтганда ўзига ўринбосар қолдирган ҳолда кетади. “Ўринбосар” эса қозосини ўқишдир. Ийд ва жаноза намозларининг эса “ўринбосари” йўқ. Яъни, улар вақтида жамоат билан адо қилинмаса, кейин кеч бўлади. Қазоси ўқилмайди. Шу боис, ушбу намозларни ўтказиб юбориш хавфи бўлганда таяммум қилиб ўқиб олишга рухсат берилган. Валлоҳу аълам!